Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“ЮРАКЧА”ЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

“ЮРАКЧА”ЛАР ОРТИДА НИМА БОР?

“Ўша, биз юрак деб қабул қилган қизил сурат асли қамоқхонада чизилган. Ишратли “муҳаббат” манбаининг тасвири. Бу ҳозир хорижда “оммавий маданият” тарғиботчиларининг рамзига айланган. Афсуски, буни тушунмаяпмиз...”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёрнинг ижтимоий тармоқ ҳамда газетамизда билдирган ушбу мулоҳазалари, айтиш мумкинки, кўпчиликда жиддий баҳс-мунозара уйғотди.


“Наҳот, бу “юракча”лар ортида ана  шундай шармандали маъно ётганини тушуниш шунчалик қийин бўлса? Ахир, туман ёки шаҳар номини “I love...” деб инглизча алифбода ёздираётган ҳудудларда маънавият тарғиботчилари қаёққа қарашяпти? Ҳамманинг эътибори тушадиган жойларга қўйилаётган бундай ёзувлар шаклу шамойили аввал нуфузли мутахассислар иштирокида муҳокама қилинмайдими?”

М. ШАРОПОВА
(Messenger)

“Мақолани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида ўқиб ҳайрон қолдим. Нимаси ёмон экан, масалан, мен учун ана шундай ёзув олдида суратга тушиш қизиқарли. Қип-қизил юракча-ку, менга унинг тарихи, келиб чиқиши муҳиммас. Манзара чиройли лекин...”

У. РАҲМАТОВ, 27 ёш, талаба
(телефон орқали)

“Ишонасизми, шу мақолани туманимиз архитекторига ўқиб берсам, қўл силтаб: “Ёзаверишади-да, масалан, бизнинг туманга киришда ўрнатилган  лойиҳани шахсан вилоят ҳокимимиз тасдиқлаб берган. Бир ой тинмай ишлади қурувчилар, ҳафта бўлди битказдик, миллионлаб пул кетди ахир. Ким энди буни олиб ташлайди, ҳеч ким. Кеча Шаҳрисабзда ўтган мақомчилар анжуманидаям ҳаммаёқда “I love you” деган ёзувлар қўйилган, ҳеч ким гапиргани йўқ-ку!” деса бўладими. Ана сизга дид, ана савия!”

ЖАСУРБЕК,
шифокор

Мақолада айтилган  “башорат” рўёбга чиқяпти шекилли!

(телеграмм орқали)









Шунқор ЧОРИЕВ, журналист:
I love... эпидемиясининг географияси кенгайиб боряпти.

Тасаввур қилинг, бу “анъана” қишлоқларда ҳам жорий қилинса. Бизни ён қишлоғимизнинг номи “Кал”. “I love Kal” бўладими?! Фарғонада “Каламуш”, “Оқ товуқ”, яна қайсидир вилоятда “Ота безори”, “Ит тумшуқ”, “Эшак ўлди” cингари қишлоқлар борлигини биламан. Бетакрор жумлалар пайдо бўларкан!..

(Фейсбукдан)


ОЛТИНОЙ,
Бишкек шаҳри,
Қирғизистон:

–  “XXI asr” газетаси сайтини кузатиб боряпман. Кечаги ҳафтада эълон қилинган “Ватан сунъий юрак билан севилмайди!” деб номланган мақолани ўқиб таажжубга тушдим. Нега энди ўзимиз туғилиб ўсган юртга бўлган чексиз меҳру муҳаббатимизни туркий она тилимизда эмас,  бегона, ажнабий тилда изҳор этишимиз керак? Ким бунга мажбурлаяпти? Илтимос, бундай сохта “юрак”дан воз кечинглар, қаердан пайдо бўлганини ёзишга уяламан. Масалан, бизнинг Қирғизистонда бундай ясама шиорлар йўқ. Ватанни тил ёки ёзув орқалимас, чин дилдан севиш керак!

С. ЭЛМИРЗАЕВ,
иқтисод фанлари
доктори:

– Аслида гап “юракча”лардамас, ҳамма бало нафс қурғурда, кўр-кўрона тақлидчиликда. Бўлмаса, бу мавзу қачондан бери кўтариляпти. Бир ёқда адиблар, зиёлилар бонг уришяпти, бир ёқда эса... “оммавий маданият”га қарши курашиш ниқоби остида ўзларининг чиркин манфаатларини турли йўллар билан тиқиштиришга уринаётган “ғилоф бандалари” тиним билмаяпти. Гоҳ оммавий ахборот воситалари, асосан, телевидение ва радио орқали, гоҳи кўча-кўйлардаги тарғибот ёзувлари орқали таъсир кўрсатишаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Лекин, яширмайлик, аксариятимиз томошабинлик қилиб ўтирибмиз.  Устига устак, ҳайбаракаллачимиз. Унутмайлик, “юракча”лар тарғиботи ортида катта-катта пул, маблағ, манфаат ётибди!

ЛОЛА,
маҳалла фаоли:

– Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани кунлари Оқсарой майдонини кечқурун томоша қилдим. Бетакрор манзара, сўз тополмайсиз таърифлашга! Бундай улкан томошани яқин орада кўрмаганман. Лекин шундай нуфузли тантанада қатнашган айрим ҳудуд вакилларининг ўз вилоятлари номини инглизча қилиб, “I love you” деб ёзволишгани кулгили туюлди. Миллий байрамда бунақа бачкана қилиқлар ярашмайди деб ўйлайман.

Мунозара эса давом этади!


Эслатма:
газетамизнинг аввалги сонларида ҳам мавзу бўйича танқидий мақола эълон қилинган эди.

Бизни телеграмдаги @XXIasrofficial каналимизда тезкор кузатинг. Мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларингизни Facebook'даги саҳифамизда ўртоқлашинг. Зеро, ҳар қандай муаммоли масала жамоатчилик эътиборидан четта қолиши керак эмас!