Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Юракдан айтилган гаплар, шубҳасиз, юракларга етиб боради

Юракдан айтилган гаплар, шубҳасиз, юракларга етиб боради

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара
Жумамуратова :

        – Мурожаатнома битта мақсад йўлида барча кучларни бирлаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга сафарбар қилиш мақсадини кўзлагани билан нафақат парламент вакилларини, балки бутун халқимизни, халқаро экспертларни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўзим кўп йиллар тадбиркорлик билан шуғулланганман. Шу соҳани яхши биладиган инсон сифатида айтишим мумкинки, тадбиркорга эркинлик, қулай ишбилармонлик муҳити яратиб берилмаса, ўзи ўйлаган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан чўчийди. Яхши англашимиз керакки, мамлакатимиз раҳбари юрт тараққиёти, эртанги куни ва халқимиз турмуш фаровонлигини фаол тадбиркорлик, инновацион ривожланиш билан боғлаяпти. Президентимиз қанчалик банд бўлишига қарамасдан, шахсан ўзи тадбиркорларга қалқон бўлиши ва доимий назорат олиб боришини таъкидлади.

        Биз депутатлар давлатимиз раҳбарининг дастурий Мурожаатномасидан келиб чиқиб, вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатишимиз, партиянинг барча бўғинлари билан ҳамжиҳатликда иш юритиб, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишда фаол ва қатъий бўлишимиз шарт. Соҳага доир қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида қабул қилиш, бу борада кичик бизнес вакиллари, қолаверса, халқимизнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифларини инобатга олиш механизмларини янада такомиллаштиришимиз керак.

         Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш каби нохуш вазиятларга қарши туриш ҳақида гапирар экан, партиямизнинг “Аёллар қаноти” билан биргаликда кўпроқ изланишимиз, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозимлигини ҳис қилдим. Аёл қачон ҳаётдан безийди? Қачонки эътибордан четда қолса, кўмакка муҳтож бўлса. Шу боис опа-сингилларимизни партиявий лойиҳалар орқали қамраб олиб, ҳаёт ташвишлари олдида бардам бўлишлари учун далда бериш ва тадбиркорликка ўргатиш мазкур муаммонинг амалий ечимига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

        Танқидий ва баҳс-мунозаларга бой тарзда ўтган йиғилишда янги йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан келишиб олинди. Жумладан, давлат идораларининг фаолиятини холисона баҳолаш имконини берадиган аниқ мезонларни ишлаб чиқишда фаол қатнашиш, бир қатор янги қонун лойиҳаларини ташаб­бус йўли билан киритиш борасида таклифлар ўртага ташланди. “Ўзбекистонга сармоя киритиш пайти келди” шиори остида потенциал инвесторлар ҳамда экспортчилар учун мўлжалланган махсус веб-сайтни ишга тушириш, ҳудудларни субвенциядан чиқаришнинг ички имкониятларини ўрганиш, бунда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш ҳам партиямиз фаолиятининг келгуси йилдаги энг муҳим йўналишларидан саналади.

         Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаати биринчи марта тақдим этилаётгани учунгина эмас, балки мамлакатимиз ҳаётининг бундан кейинги тараққиёт уфқларига барчамизнинг нигоҳимизни қаратгани билан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. 22 декабрь куни қалбларимизга тушган чўғ тезда машъалага айланиб, халқимизнинг тараққиёт йўлларини янада чароғон айлашига ишонамиз.

                                                                                                                                                                                       Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
                                                                                                                                                                                             “XXI asr” мухбири