Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Юракдан чиққан калом

Юракдан чиққан калом

Отам раҳматли “Катта қадам ташлаш учун катта орзу-мақсад бўлиши керак кишида. Шунинг учун ҳеч қачон майда-чуйдага ўралашма, мақсадни катта қилгин. Бундай одамнинг амали ҳам, ҳаракати ҳам қатъий бўлади-да. Яна энг кераги – ниятинг ҳам, мақсадинг ҳам тўғри бўлсин. Қолгани ўз йўли билан амалга ошаверади!” дердилар.

Болалик чоғларимда бу гаплар қатидаги маъно-моҳиятни тўлалигича англаб етолмаганим рост. Энди ўйлаб қарасам, падар ўгити шунчаки насиҳат эмас, улуғ аждодларимизнинг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан қатъий хулосалар экан...

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Президентнинг Янги йил остонасида туриб, халқ ва Ватан олдидаги мақсад ҳамда вазифалар ҳақида сўзлаши, худдики, оила соҳибининг ўз фарзанд­лари билан йил мобайнида амалга оширилажак режалар ҳақида ўртоқлашаётгандек таассурот уйғотади кишида.

Мурожаатноманинг энг таъсирли нуқталаридан бири наздимда шу бўлдики, юртбошимиз ўз сўзларини “Саҳиҳи Бухорий”да дарж этилган Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг, барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади, деган ҳадиси муборак билан бошладилар. Бу, шубҳасиз, шарқона лутфнинг энг юксак намунасидир. Шунингдек, Мурожаатномада бошдан оёқ халқни рози қилишдек олижаноб мақсад мужассамлиги ҳар бир қалбнинг энг нозик нуқталарига ҳам ҳаётбахш нур каби етиб боргани, уларга ҳарорат, куч-қувват бағишлагани аниқ. Зеро, юракдан чиққан калом юракларга етади-да!

Маълумки, 2019 йилга “Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея ном берилди. Мурожаатномада йил давомида барча соҳаларда қилиниши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Вазифаларки, фидокорлик ва ташаббускорлик, олий таълимни юқори босқичга кўтариш, эртамиз эгаларини баркамол қилиб тарбиялаш йўлида бор билим-салоҳиятимизни ишга солиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ҳамда хотин-қизларимизга кўмак бериш, тадбиркор ва ишбилармонларга шарт-шароит яратиб, экспорт салоҳиятини ошириш, диний бағрикенглик, экологик хавфсизлик, сув ва сув ресурурсларидан оқилона фойдаланиш, лўнда айтганда, замон билан ҳамнафас бўлишдан иборат.

Инвестициялар оқимини йўлга қўйиш осон иш эмас, албатта. Бунинг учун кишида катта билим, тафаккур ва ҳаракат бўлиши лозим. Дейлик, бир киши ўз корхонаси фаолияти учун янги технологиялар олиб киришини мақсад қилди. Бироқ у тил билмаса, таржимон ёлласа ишида унум бўлмайди, ўйлаган натижага эришмоғи кўнгилдагидек кечмайди. Демак, тадбиркорликни ривожлантиришни мақсад қилган ишбилармон, аввало ўз устида ишлаши, билимини ошириши, ҳамкорларининг тили, маданияти, урф-одатларини пухта ўрганишдан эринмаслиги керак. Яқинда бир устозимиз, ҳазил-чин қилиб “Энди мол-қўй боқиш учун ҳам диплом керак бўлади” деди. Албатта, бу сўз билан у киши фермерлик соҳасида иш юритмоқ истагидаги киши ҳам жаҳон тажрибаларидан бохабар бўлиши шарт демоқчидир.

Яқинда хорижий сафарда бўлдим. Биз турган меҳмонхонанинг ҳар бир номерида мамлакатда чиқадиган бир қанча энг нуфузли газета ва журналларнинг янги сонлари қўйилганини кўриб, ҳавасландим. Меҳмонхона хизматчисидан бунинг сабабини сўрадим.

– Сиз бизнинг юртимизга қанча вақтга келгансиз?

– Икки кунга.

– Икки кун кам, катта бир мамлакат ҳақида тўлароқ билиб олишга бу етмайди. Шу сабабли меҳмонхона маъмурияти энг нуфузли нашрларга обуна бўлган. Бу нашрлар сиз каби меҳмонларимизни ўлкамиз ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлишингиз учун асқотади. Ва, юртимизни яна бир бор кўришга чорлайди.

Ҳа, мана буни ватанпарварлик деса бўлади. У нафақат ўз меҳмонхонасининг, балки бутун мамлакати манфаатини ўйлаяпти. Мамлакат туризми ривожига ўз ҳиссасини қўшишни истаяпти. Демоқчиманки, биз ҳам ана шундай ибратли тажрибаларни ўрганайлик, ўз фаолиятимизга татбиқ этайлик

Алломалардан бирининг фарзанд­ларингизни замонага мос илму ҳунарлардан баҳраманд қилинг, чунки улар сизнинг эмас, ўз замонларида яшайдилар, қабилидаги ўгитлари борки, бу фарзанд тарбиясида ғоятда ўринлидир. Демак, ёшларимизни қай бир соҳада бўлмасин, фақат олдинга интилишга ундашимиз, энг илғор фан ва техника янгиликларини эгаллашга бўлган рағбатини қувватлашимиз лозим. Чунки дунё жадал ўзгариб бор­япти, барча жабҳада янгиланиш, тараққиёт. Бугун ихтиро ҳисобланган ҳар бир янгилик эртага таомилдан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Биз бани башар олдида ўз бўй-бастимизни, ўзлигимизни кўрсатишни истасак, ҳар биримиз – оддий ишчи, муҳандис, фермер, ўқитувчи, олим, санъаткор, инвестор, ижодкорми... ким бўлмайлик, давр билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлишга интилмоғимиз лозим.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида Нажмиддин Кубро ҳазратларининг бир ҳикматига алоҳида урғу бергани бежиз эмас: ”Муваффаққият саъй – ҳаракатда, муваффаққиятсизлик лоқайдлик ва дангасаликдадир”.

 

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
раиси ўринбосари