Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ютуқлар бор, муаммолар кўпроқ

Ютуқлар бор,  муаммолар кўпроқ
Инсон саломатлиги ҳар недан азиз. Киши соғлом бўлсагина теран фикрлайди, мақсадлар сари дадил одимлаш иштиёқи кучайиб, пировардида жамиятнинг фаол иштирокчисига айланади.  Саломатлик – туман бойлик, деганлари бежиз эмас.
Шифо масканларига эътибор суст жойда муаммо илдиз отаверади.  Президентимизнинг жорий йил июнь ойи бошидаги Андижонга ташрифи  жараёнида ҳудудларда бу борадаги камчиликлар яққол кўринди. Давлат раҳбари вилоятнинг оғриқ нуқталарини яхши билиши, уларнинг жойлардаги мулоқотлари чоғидаги фикр-мулоҳазаларида аён бўлди. Соҳа бўйича вилоятда амалга оширилаётган аксарият ишлар талабга жавоб бермаслиги, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишда, нафақат мутасадди раҳбарлар, балки кенг жамоатчилик, айниқса депутатларнинг роли нақадар муҳимлигини алоҳида эътироф этдилар. Айниқса, аҳоли ўртасида юрак-қон-томир  касалликларининг кўп учрашини инобатга олган ҳолда республика кардиохирургия марказининг филиалини ташкил этиш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Бу ва бошқа вазифалар ижроси бўйича O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Унга Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман депутатлари вакиллари, раис ўринбосарлари, вилоят Кенгашининг “Аёллар қаноти” бўлими масъуллари жалб қилинди. Дастлаб назорат Бўз тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 19-оилавий поликлиникада бошланди. Илгари поликлиника умуман тиббиёт талабларига жавоб бермасди. Президент ташрифидан сўнг бу ерда жадаллик билан реконструкция ишлари олиб борилди.
– Бу давр ичида поликлиника фаолияти вақтинча “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Улуғбек қишлоқ врачлик пунктига ўтказилган, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Хуршидахон Халилова. – Бироқ аҳвол жуда ачинарли ҳолатда. ҚВПга кириб борганимиздаёқ кўнгилни хира қиладиган ҳолатларга дуч келдик. Биринчи навбатда сув йўқ. Сув бўлмаган жойда тозалик, покизалик ва бунинг ортидаги саломатлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас! Боз устига, шифо истаб келган беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун ҳеч қандай шароит яратилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Айни иш вақтида ҚВП мудири ҳам иш жойида эмас экан. Умумий амалиёт шифокори Б. Тешабоев ва Ў. Маҳмудовадан саволларимизга тўлиқ ва етарли жавоб ололмадик.
Хулосани эса ўзингиз беринг...
Ишчи гуруҳ тумандаги “Сариқ жўга” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Истиқлол кўчаси хонадонларида бўлиб, туман тез тиббий ёрдам бўлимининг ишлаш тарзини яқиндан ўргандилар. Қани, тез тиббий ёрдам оддий аҳолига қандай ёрдам кўрсатаркин? Бу саволга уларнинг фаолияти билан танишилгач, ижобий жавоб топилди. Биргина мисол. Истиқлол кўчасидаги 1-уйда истиқомат қилувчи Ф. Холиқовга соат 11.38 да “Тез ёрдам” чақирилди. 12 дақиқада шифокорлар етиб келишди. Демак, тумандаги “Тез ёрдам” ҳамиша кўмакка шай!
Партия вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими раҳбари Умидахон Исаева маҳалла аёллари билан муаммолари бўйича мулоқот ўтказганида, улар дилидаги гапларини айтишди. Ҳудуддаги ҳунар ўрганишга иштиёқманд коллеж битирувчи қизлари учун ҳудуднинг ўзида ўқув маркази ташкил қилиш зарурлиги ҳақидаги мурожаат ўрганиш учун ёзиб олинди.
...Кейинги йўлимиз Улуғнор туманига туташди. “Тез ёрдам”нинг ишлаш тезлигини билиш мақсадида, дастлаб Ўзбегим кўчаси аҳолиси вакиллари билан суҳбатлашганимизда, саволларга ижобий жавоб олдик. Қишлоқ врачлик пункти фаолияти мақтарли даражада, патронаж ҳамшираси оилалар билан доимий алоқада.
– Қаерда бўлмайлик, аҳоли муаммолари билан қизиқиб, уларни ҳал этишга ҳаракат қиламиз, –дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдурауф Абдуллаев. – Улуғнорликлар Улуғнор-Андижон йўналиши бўйича автобусни йўлга қўйиш ҳақидаги таклиф билан чиқдилар. Масофа олис, йўл кира нархлари қиммат. Автобус ҳар томонлама қулайлик туғдиради. Ушбу мурожаатни ўрганиб, ижобий ҳал этиш учун имкони борича ҳаракат қилишга ваъда бердик.
Дорихоналар фаолияти ҳам четда қолмаслиги керак. “Улуғнор мед-сервис” хусусий корхонасига қарашли 1-сонли дорихона фаолияти ўрганилганда қатор камчиликлар аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 21 ноябрдаги 71-сонли буйруғига иловага асосан барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати бор, аммо унда кўрсатилган дорилар мавжуд эмас. Ўзини қандай оқлашни билмаган сотувчининг мутахассислиги  фармацевт  эмас экан. Бунинг устига дори нархларида ҳам “ўзгариш”лар бор: масалан,  “Мезатон”нинг давлат нархи 9 минг 250 сўм қилиб белгиланган. Бироқ ушбу дорихона растасида мазкур дори нархи 12 минг 800 сўмлигини қайси баҳона билан оқлаш мумкин?
Балиқчи туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида бўлган ишчи гуруҳ бу ерда ҳам мавжуд камчиликларга дуч келди. Бўлим мудири У. Султоновнинг айтишича, мутахассисликлар бўйича кадрлар кам, айрим штат бирликлари берилмаган.
Бирлашмага қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти ўрганилди. Иш вақти эрталабки 8.00 дан кечки 20.00 гача белгиланган, бу ҳатто катта кириш эшигига ҳам ёзиб қўйилган. Шунга қарамай, поликлиникадаги 19 нафар мутахассис шифокорларнинг 5 нафаригина иш жойидалиги аниқланди. Ахир ўз иш жойида бўлмаган шифокор қабулига келган беморнинг ҳолатини ким назорат қилади? Нима учун белгиланган иш вақтига, меҳнат интизомига амал қилинмайди? Бу борада раҳбар масъулиятсизми ёки ходим?!
Олтинкўл туманидаги 41-оилавий поликлиникада ҳам фаолият мақтарли эмас. Ҳолат худди Балиқчи туманидаги каби ачинарли. Поликлиникада мутахассислар етишмаслиги энг катта муаммолардан бири. Аниқроғи, малакали педиатр, терапевт, акушер-гинеколог мутахассисликлари бўйича кадрлар йўқ. Муаммо нимада?..
Давлатимиз раҳбари қай бир жойга бормасин, албатта, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларга, камчиликларга алоҳида урғу бермоқдалар. Демак, айрим жойларда тизимда авж олган кўзбўямачиликлар, коррупция каби иллатларга қарши курашиш керак. Соғлом тиббий муҳит яратиш зарур. Шундагина талаб даражасидаги тизим юзага келади.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr”   мухбири