Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Юзаки бизнес режа билан иш пишмайди

Юзаки бизнес режа билан иш пишмайди Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан O‘zLiDeP қошидаги ўтказилган “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг Тошкент вилоят босқичи  кўнгилдагидек ўтмади.

Ушбу лойиҳа доирасида ҳар йили касб-ҳунар коллежи, олий таълим муассасаcи битирувчилари ўртасида танлов ҳамда ўқув семинарлари ташкил этилади. Бу йилги Тошкент вилоят босқичида иштирокчилар тақдим этган бизнес режалари хом, ҳисоб-китоб аниқ эмас, янги ғоянинг эса ўзи йўқ эди.

­– Танловнинг ўтган йилги вилоят босқичида ҳам ҳакамлик қилгандим, – деди Марказий банк Тошкент вилоят бош бошқармасининг кредит бўлими бошлиғи Эрали Абдувалиев. – Биз ғолиб деб топган 5 нафар иштирокчининг барчаси ўз йўналиши бўйича республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, ишончимизни оқлаган. Аммо бу йил, очиғи, ялт этган ғояни кўрмадим. Бунақа хом лойиҳалар билан бозорда ўз ўрнингизни тополмайсиз. Банк кредит беришдан қочмайди, бироқ маблағга эга бўлганингиздан сўнг мақсадли йўналтиришингиз керак. Бугунгидек бизнес режа билан эса бозор талабига жавоб беролмай, тезда касодга учрашингиз эҳтимоли юқори.

Кўпгина иштирокчилар танқид ва таклифларни тўғри қабул қилган бўлса, айримларида акси кузатилди. Жумладан, тикувчилик лойиҳаси билан қатнашган Ҳуснора  Ҳасанованинг бизнес режасига мутахассислар баҳо беришганида унинг онаси қизимни йиқитмоқчисизлар, деган ўйда эътироз билдирди. Бу эса даврада бироз ноқулай муҳит пайдо қилди.

Айтиш жоизки, ёшлар томонидан тақдим этилган 14 та лойиҳанинг истиқболли, кредит берса ўзини оқлайдиганлари ҳам бор. Шулардан бири Бекобод тумани вакили Нозима Мўминова “Бир марталик елим идишлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси билан ўтган йили ҳам иштирок этиб, танловнинг республика босқичида биринчиликни қўлга киритган, аммо 18 га тўлмагани учун кредит олиш имконига эга бўлмаган эди. Унга бу йил “Халқ банки” Чирчиқ туман филиали томонидан кредит ажратиладиган бўлди.

Чинозлик Мафтуна Маъмиржонова эса аллақачон тадбиркорлигини йўлга қўйган. Икки дўконни қандолатчилик маҳсулотлари билан таъминлайди. Унга ширинликлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ўқув маркази очиш учун маблағ етишмаётганди. Мафтунанинг лойиҳаси “Микрокредитбанк” томонидан молиялаштиришга тавсия этилди.

Чарос ЁҚУБОВА,

“XXI asr” мухбири