Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Юзма-юз мулоқотларда муаммоларга ечим изланди

Юзма-юз мулоқотларда муаммоларга ечим изланди

Парламент қуйи палатасидаги вакилларимиз халқ билан янада яқинлашиш, одамлар билан ҳамдард, ҳамнафас бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчиллик билан давом эттиряпти. Эътиборлиси, расмиятчиликдан иборат тадбирлар, хонанишин бўлиб вазиятни муҳокама қилишдан аллақачон воз кечилган. Бу йилги дастлабки учрашувлар чоғи Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ҳудудий ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар, мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда ҳудудларни ривожлантиришга, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид устувор вазифалар ижроси билан танишдилар, янги қонун лойиҳалари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар, одамларни ташвишлантираётган кўплаб масалаларни таҳлил қилишди, бир қанча муаммоларни ижобий ҳал этишга бош қўшдилар. 

Самарқанд

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари – Адҳам Шодмонов, Тўлқин Эшназаров, Рустам Қобилов маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ташкилотлари масъул ходимлари билан бирга Нуробод туманида бўлиб, “Ағрон”, “Навбаҳор”, “Булоқбоши” МФЙ аҳолиси билан учрашув ўтказишди, бир қанча хонадонларга киришди.

– Мазкур маҳаллаларда яшовчилар ичимлик сувини 35 чақирим узоқдан ташиб келишга мажбур, – дейди Тўлқин Эшназаров. – “Ағрон” қишлоқ врачлик пунктида тиббий жиҳозлар етишмайди. Учта қишлоққа тиббий хизмат кўрсатиб улгурмаётган оилавий поликлиникада олий маълумотли мутахассислар йўқ. Туман марказий шифохонаси эса 40 километр олисда. Негадир ҳудудда дорихона ҳам очилмаган. Бошқа соҳаларда ҳам ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Хусусан, йўлларнинг аксарияти яроқсиз ҳолатга келган. 30 чақиримлик масофани базўр икки соатда босиб ўтдик... Одамлар биздан амалий ишлар кутяпти, умид билан қараб турибди.

Уч маҳалла аҳли билан “Ағрон” МФЙда бўлиб ўтган учрашувда фуқаролар олти ойдан бери ҳеч ким банкдан сармоя ололмаганини гапирди. Кредитлар эса деҳқончилик ва бошқа соҳалардаги имкониятларни ишга солиш учун жуда зарур. Кўпчилик чорвачилик билан машғуллиги боис, айниқса, жун ва терини қайта ишлаш корхоналарини барпо қилиш мақсадга мувофиқ. Ҳудуддаги аҳолининг 60 фоизи ишсиз экани ҳисобга олинса, масаланинг нақадар долзарблиги янада ойдинлашади.

Бир қанча муаммоларга жойида ечим топилди. Жумладан, мутасадди ташкилотлар тез кунда оилавий поликлиникага патронаж сумкалари ва дори-дармонлар етказиб беришни зиммасига олди. “Навбаҳор” МФЙ ҳудудида яшайдиган, боқувчисини йўқотган М.Бўроновага нафақа тайинлаш масаласи ҳал қилинди.

Тадбир якунида фракциямиз аъзоси Рустам Қобилов ҳудуддаги мактаблар ўқувчиларига бадиий китоблар туҳфа қилди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

XXI asr” мухбири

Хоразм

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоси Клара Жумамуратова, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва маҳаллий бошқарув органлари вакиллари тўрт кун давомида Янгибозор туманидаги мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт масканлари, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, хусусий корхоналар ва хонадонлар – жами 250 дан зиёд объектга кириб, аҳвол билан бевосита танишишди.

Аниқланганидек, кўплаб ички йўллар таъмирталаб. Бир қанча кўчаларга электр ўтказувчи симлар ва симёғочлар ўрнатилмаяпти. Табиий газ, кўмир ва ичимлик суви таъминоти бўйича сурункали муаммолар бор. Муҳтож оилалар арзонлаштирилган уй-жойларни ололмаяпти.

Клара Жумамуратова туман касалхонаси мудири М.Қаландарова, ҚВП шифокори С.Юсупова, невропатолог Р.Қурбонова билан Қаландардўрман қишлоғида яшовчи Р.Содиқовнинг уйига боришди. Бу хонадон эгаларининг фарзанди оғир хаста, кўпдан буён туман марказий шифохонасида махсус ҳисобда туради. Лекин унга ногиронлик нафақаси тайинлаш пайсалга солиняпти. Депутат кўмаги туфайли бемор яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1-гуруҳ ногиронлиги тайинланди ва туман тиббиёт бирлашмасида даволаниши, зарур дори-дармонлардан фойдаланиши учун шароит яратилди.

Уйғур қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Асадбек Собиров ҳам тиббий текширувдан ўтказилиб, унга керакли дори-дармонлар топширилди. Ихтисослаштирилган кардиология маркази вилоят филиалида жарроҳлик амалиётидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Бўстон маҳалласида яшовчи О.Қўчқоров ва яна уч фуқарога ногиронлик нафақасини олишда ҳуқуқий ва бошқа жиҳатдан кўмак берилмоқда.

Депутатлар аралашуви билан “Манғитлар” МФЙга қарашли Қақрали кўчасидаги 450 метрлик электр симлари ва 12 та симёғоч янгиларига алмаштирилмоқда.

Уйғур қишлоғи аҳолиси 10 мингдан ошгани боис халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида бу ердаги ҚВПни оилавий поликлиникага айлантириш таклифи илгари сурилди. Депутат Клара Жумамуратова ташаб­бусини рўёбга чиқариш борасида тегишли ишлар бошлаб юборилди.

Нилуфар ЖАББОРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот хизмати ходими 

Қорақалпоғистон

Республикаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси депутатлари Қутлимурат Бабашев ва Зафар Ханиязов Шуманай туманида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади.

Президентимизнинг 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифида Шуманай туманида сутни қайта ишловчи “Досмурза шаруа” фермер хўжалигини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.

– Лойиҳа бўйича барпо этилган хўжалик тез кунларда ишга тушади, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Равшан Самандаров. – Лекин аҳолидан сут йиғиб олиш учун “Дамас” ва “Дамас лабо” автомашиналарини сотиб олишда қийинчиликка дуч келаётган эдик. Депутатлар кўмаги туфайли тегишли ташкилотлар билан шартнома тузишга эришдик.

“Шуманай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги қурилиши тугалланган метан корхонаси томонидан зарур қурилмаларни харид қилиш мақсадида кредит олиш учун “Саноатқурилишбанк”нинг Қўнғирот бўлимига керакли ҳужжатлар топширилган. Лекин сармоя ажратиш орқага сурилмоқда. Бу масала ҳам тегишли тартибда ўрганилиб, банк раҳбарияти билан келишилди ва корхонага 2,5 млрд сўм кредит маблағи тез кунларда ажратилиши бўйича ишлар депутатлар назоратига олинди.

Шуманай туманидаги коллеж битирувчиси Малика Таубемуратова баннер чоп этиш ускунасини кредитга сотиб олиш учун кафиллик борасида қийинчиликка дуч келаётганини билдирди. Партиямиз вакиллари саъй-ҳаракати билан ёш тадбиркорнинг лойиҳасини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафилликка олди ва унга “Халқ банки”нинг туман бўлими томонидан 90 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилиши белгиланди.

Яна бир коллеж битирувчиси Айтжан Байжанов ҳам пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси очишда ана шундай муаммога рўбарў бўлганди. Депутатлар мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан музокара олиб боришди. Натижада тез кунда Шуманайда янги кичик корхонани ишга туширишга келишиб олинди.

 

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон

Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати