Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Заъфарон – олтинга тенг зиравор

Заъфарон – олтинга тенг зиравор

          Заъфарон – гулсапсардошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик ҳисобланиб, у ҳам доривор гиёҳ, ҳам хуштаъм зиравор ва ҳам гулдир. У асосан тоғолди ҳудудларда ўсади. Шамолдан пана, иссиқ ва қия ерларда яхши ҳосил беради. Заъфарон гулининг устунчаларидан олинган маҳсулот пазандачилик ва фармацевтикада ишлатилади. Гул баргларидан эса чой тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

           Қадимда бу ўсимликдан тиббиёт ҳамда таомларга хушмаза таъм беришда фойдаланишган. Заъфароннинг доривор хусусиятлари ҳақида милоддан аввалги 2600 йилда ёзиб қолдирилган Хитойнинг табобатга доир китобларида, Миср папирусларида ёзиб қолдирилган. Қадимги Римда заъфарон ёрдамида кўз касаллиги – катарактани даволашган ва заҳарланишга зид восита сифатида қўллашган. Бобокалонимиз Ибн Сино заъфарондан сил касаллигини даволашда фойдаланганлиги ҳақида маълумот қолдирган. Буюк ҳакимнинг таъкидлашича, заъфарон (дамламасини) ичиш инсонни ёшартиради, рангни тиниқлаштириб, кўзни равшан қилади, юракни қувватлантиради. 

           Ҳозирда заъфарон етиштириш жуда катта меҳнат ва эътибор талаб қилгани боис, унинг баҳоси олтинга тенг ҳисобланади. Ғарб давлатларида териб олинган маҳсулотнинг 1 килограмми сифатига қараб 1000 дан 5000 АҚШ долларгача баҳоланади.

Кони фойда неъмат

           Маҳсулотнинг асосий харидори – Европанинг машҳур ресторанларидир.

           Заъфарон гули таёқчаларидан олинган табиий маҳсулот таркибида бир қатор минераллар калий, калций, магний, натрий, темир моддаси, қанд, эфир мойи, фосфор, ранг берувчи кроцин, азотли моддалар ва К, А, К, ПП, В1, В2, В6, В9 витаминлари мавжуд бўлиб, репродуктив саломатлик учун жуда самарали ҳисобланади.

            Заъфарон зиравор сифатида ишлатилганда у таомга мазали таъм берибгина қолмай  саломатлик учун ҳам кони фойда қилади.

 

Хусусан:

-        Қон таркибини тозалаб, уни организмда айланишини нормаллаштиради;

-        Организмни токсинлардан тозалайди;

-        Ошқозон ости бези фаолиятини яхшилайди;

-        Саратон касаллигини келиб чиқишини олдини олади;

-        Моддалар алмашинувини яхшилайди;

-        Уйқуни яхшилайди;

-        Хотирани мустаҳкамлайди.

 Умуман олганда заъфарон соғлом турмуш тарзи учун жуда зарурдир.

 Ўзбекистонда заъфарон етиштириш

            Мустақиллик йилларида мамлакатимизда заъфарон етиштириш борасида илк ташаббус 2017 йил 24-25 феврал кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифлари чоғида бўлган эди. Унда юртбошимиз кўплаб истиқболли лойиҳалар қаторида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишиб, заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этган эди.

           Белгиланган режага мувофиқ, республикамизнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, ўтган йил давомида аксарият ҳудудларда бу ишлар амалга оширилди.

Жаҳон тажрибаси

          Бугунги кунда Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби ўн бешдан ортиқ мамлакатлар заъфарон етиштириш бўйича етакчи ўринларда туради.

          Шунингдек, яқин қўшнимиз Афғонистонда 2001 йилдан бошлаб заъфарон етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, ҳукумат томонидан рағбатлантириб келинмоқда. Бугунги кунда афғон заъфарони жаҳон бозорида сезиларли мавқеъга эга. Сўнгги уч йил мобайнида Бреюсселдаги халқаро таъм ва сифат институти томонидан кетма-кет энг яхши деб баҳоланиб келинаяпти. Афғонистон телеграф агентлиги (АфТАГ) берган маълумотларга кўра, ўтган йили заъфарон савдоси мамалакат иқтисодиётига 12 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олиб келган. Бу рақамлар заъфарон даромади олдинги йилгига нисбатан 3 миллион АҚШ долларига кўпайганини кўрсатмоқда.

            Euronews берган маълумотда эса Афғонистоннинг шимолий ғарбий қисмидаги Ҳирот шаҳрида заъфарон етиштириш натижасида Кароҳ туманидаги плантацияда юзлаб аёллар иш топиш имкониятига эга бўлган.

             Ушбу плантациянинг 65 ёшли фермери Муҳаммад Иброҳим заъфарон етиштириш ҳаётини бутулай ўзгартириб юборганини қайд этади.

           –  Заъфарон етиштириш – қонуний бизнес, у кўкнор етиштиришга қараганда кўпроқ фойда келтиради. Шунинг учун мен кўкнор етиштирувчиларга мурожаат қилмоқчиман – сизнинг ҳосилингиз худога ҳам, бандасига ҳам маъқул эмас.

           Афғонистон заъфарон федерацияси берган маълумотига кўра, мамлакатда заъфарон плантациялари майдони 3 000 гектардан ортади ва ҳар йили 8 тоннага яқин ҳосил кўтарилади.

          Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, заъфарон етиштириш лойиҳаси, албатта, бизнинг мамлакатимизда ҳам ижобий натижаларини бермай қолмайди. Бу соҳада олиб борилаётган сайъ-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, заъфарон етиштириш яқин йилларда алоҳида соҳа сифатида шаклланади ва иқтисодиётимизнинг барқарорлигига ҳамда маҳаллий фармацевтика саноатининиг ривожига ҳисса қўшишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Муҳаммадали Мухторов,

“XXI asr”  муҳбири