Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЗАҲМАТ ОРТИДА РАҲМАТ БОР

ЗАҲМАТ ОРТИДА РАҲМАТ БОР
“Болалигимда дугоналарим билан “дўхтир-дўхтир” ўйинини кўп ўйнар эдим. Ҳузуримга келган “бемор”ларни дастлаб қон босимини ўлчаб, сўнг “текшириш”ни бошлар эдим. Бувим берган қанд-қурсларни ҳам ўзим емай, “касал”ларимга улашар, кўнглини олишга  уринардим. Буни қарангки, ёшликдаги ўйинлар бир кун келиб, тақдиримга кўчиши – ҳақиқатга айланиши у маҳаллар хаёлимга ҳам келмаган. Беғубор орзулар рўёби ва тиббиётга қизиқишим туфайли бўлса керак, мана бугун 53 мингдан ошиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган  муассасани бошқаришдек масъулият елкамда...
Яширишнинг ҳожати йўқ, суҳбатдошимиз – Саида Расулова раҳбарлик қилаётган Учтепа туманидаги 22-оилавий поликлиникага келган бемор борки, бу ердаги тартиб-интизомдан кўнгли тўлади. Шифокорлару ҳамшираларнинг ширинсўзлиги, меҳрибонлиги, ўз касбини севишларидан оғриб турган жойингниям унутасан, киши. Тағин ўйлаб қоласан, оз эмас, ўн тўққиз маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини қамраб олган бундай тиббий муассасада фаолият кўрсатиш ҳам осон эмас-да, барибир.
–  Тиббиёт муассасаларида, айниқса, оилавий поликлиникада  ишлаш учун нафақат билим, балки юксак муомала маданияти, муроса санъати соҳиби бўлиш талаб этилади, – сўзида давом этади Саида опа. – Бундан ташқари, бу ерда ишлаган ходим йилдан йилга малакасини ошириб боради. Чунки ҳар қандай касалликнинг илк давридаёқ беморлар бизга мурожаат қилишади, бу эса ўз устида ишлашни истаган шифокор учун қулай амалиёт давридир: касаллик белгилари, босқичлари, беморнинг муолажалардан сўнг тузалиш жараёни... Машҳур шифокорлар ана шундай мураккаб жараёнларни кўравериб, кузатавериб бой тажриба тўплагани учун ҳам эл орсида довруғ қозонганлар.
Бу гапларни бежиз айтмаяпман, ҳозир кўпгина ёшлар олий ўқув юртини тугатгач, бирданига катта-катта шифохоналарда иш бошлашни хоҳлашади. Аммо ҳақиқий мактаб мана шу ерда – маҳалламизда эканлигини айримлар бирданига англаб етмайди.
Ибратли жиҳати, бизнинг поликлиника пойтахтимизда 2005 йилда биринчилардан бўлиб умумий амалиёт шифокори тизимига ўтди. Эндиликда, аҳолининг қарийб барча ёш қатламини қамраб олиш баробарида ҳар ойда камида беш-олти маҳаллада аҳоли билан  жонли мулоқот-учрашувларни уюштириб келяпмиз. Мақсад – аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш. Шунингдек, ишчи гуруҳимиз ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларда бўлиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда, зарур таҳлилларни бевосита уйнинг ўзида амалга оширмоқда.
Маълумки,  Президентимизнинг 2017 йил 6 июндаги “Тошкент шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдами самарадорлигини ошириш учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий жавобгарлигини ошириш ва бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда бажарилган ишлар бўйича нафақат ҳар чоракда, балки ҳар ойда ҳисобот ишларини тақдим этмоқдамиз.
Баъзан савол беришади, аёл бошингизга раҳбарлик оғирлик қилмайдими, деб. Шунда қулоғимизга қуйиб олганим – отамнинг насиҳатлари жавобимга айланади: “Аввало, инсон зиммасидаги вазифани бажариш учун масъулиятни ҳис этиши,  ишга вақтидан аввал етиб келиши,  касбига меҳр билан ёндашиши лозим, ҳеч қачон унутма, заҳмат ортида ҳамиша раҳмат туради”.
 
Нурбек ҚИДИРАЛИЕВ,
журналист