Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Замон билан ҳамнафас аёллар

Замон билан ҳамнафас аёллар

Бугун қашқадарёлик хотин-қизлар оилада фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиб қолмасдан, иқтисодиётимизни юксалтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан воҳада хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш борасида қатор ибратли ишлар қилинмоқда.

Ўтган йили “Аёллар қаноти” фаоллари кўмаги билан вилоятда хотин-қизлар учун 250 га яқин янги иш ўрни яратилди. Хусусан, Қаршидаги “Фердил омад устоз” нодавлат таълим муассасасида ҳар йили икки минг хотин-қизга 20 хил касб-ҳунар ўргатил­япти. Муассаса раҳбари, тадбиркор Феруза Каримова эндиликда ҳар бир туманда филиал очиш ҳаракатида. Тез орада фитнес клуб, пазандачилик курслари ишга туширилади. Нишонлик ишбилармон Ҳалима Шерхонова эса иссиқхона ташкил этиб, 10 нафар хотин-қизни ишга жалб этди. Шаҳрисабз­даги “Асл ва асал тортлар” оилавий корхонасида ҳам 10 нафар, Моҳира Жўраеванинг тикув цехида эса 9 нафар опа-сингилларимиз меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритяпти.

Ҳа, оиланинг бахти ҳам, баракаси ҳам аёлдир. Унинг учун муносиб турмуш шароити яратилса, жамият фаровон бўлади, оилалар мустаҳкамлиги таъминланади. “Аёллар қаноти”нинг турли лойиҳа, амалий мулоқот ва кўрик-танловлари ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари самараси ўлароқ тадбиркор хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Китоб туманининг Севаз қишлоғида яшовчи Умринисо Ҳамидова кўп йилдан буён тадбиркорликни бошлагиси келар, бироқ маблағи йўқ эди. Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳига мурожаат этгач, “Микрокредитбанк” туман филиалидан 15 миллион сўм кредит олишга кўмаклашилди.

– Амалий ёрдам учун партия ҳудудий Кенгашидан миннатдорман, – дейди Умринисо. – Улар мушкулимни осон қилишди. Кичкина бўлса-да, ишлаб чиқариш цехим ишлаб турибди. Ёш қизларга бичиш-тикиш сирини ўргатяпман. Ҳадемай яна 6 нафар ҳамқишлоғимни иш билан таъминлайман.

Партия ғузорлик Гавҳар Ҳамроевага ҳам амалий ёрдам кўрсатди. Бугун унинг оилавий корхонасида 7 нафар қиз банд. Деҳқонободлик Айнура Чоршанбиева нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун жой тополмай сарсон эди. “Аёллар қаноти” унга “ноль” қийматдаги бинолардан бирини олишга кўмаклашди. Гулнора Умарова эса фирмаси қошида маиший хизмат кўрсатиш цехини очди. Ҳабиба Холиёрова ҳам ғишт ишлаб чиқариш, паррандачилик ва чорвачиликни йўлга қўйди.

Тадбирларда изланувчанлиги, юксак иқтидорини намоён этиб, янги-янги кашфиётларга қўл ураётган истеъдодли қизлар кашф этилаётгани таҳсинга лойиқ. Қарши транспорт коллежи талабаси Севара Жабборованинг гидропоника усулида помидор етиштириш технологияси оилавий тадбиркорларга маъқул келди. Улар мазкур лойиҳани амалиётга тезроқ жорий этилишидан манфаатдорлигини билдиришди.

Бугун воҳанинг маҳалла ва қиш­лоқларида томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида ҳам хайрли ишлар қилинмоқда. “Аёллар қаноти” фаоллари ва депутат аёллар томонидан ўтган йили юздан ортиқ кам таъминланган оилалар соҳибаларига ҳомийлик асосида томорқага экиш учун уруғ, кўчат олиб берилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Момосулув Бердиқулова кўмагида чироқчилик ўндан ортиқ кам таъминланган оилалар тадбиркорлик ва томорқа хўжалигини йўлга қўйишди. Шоира Ёқубовага банкдан 200 миллион сўм кредит олишда кўмаклашилди.

“Аёл маънавияти – оила қўрғонининг мустаҳкам пойдевори” лойиҳаси доирасида беллашув ҳамда соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилди. Воҳанинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган аёлларни қийнаётган муаммолари аниқланди ва бартараф этишга эришилди.

– Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши бўлим мудири Гулбаҳор Тўраева. – Аммо аёл рўзғор, бола-чақа деб соғлиғи ҳақида қайғуришни унутиб қўяди. “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида ўтган йили ташкил этилган тадбирларда уч мингга яқин опа-сингилларимиз бепул тиббий кўрикдан ўтди. Даволаниш жоиз бўлганларга шифохоналарга йўлланма берилди.

Жорий йилда ҳам нозик хилқат вакилаларининг фаоллигини ошириш, ночор ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, чекка қишлоқларда яшаётан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Фермер ва тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий билимларини оширишга қаратилган барча лойиҳаларимизни янада яхши ўтказиш борасида изланяпмиз. Уларда қатнашиб, билими ва амалий тажрибасини оширганларга тадбиркорлигини бошлаш, мавжудларини кенгайтириш ва замонавий технологиялар келтириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда яқиндан ёрдам берамиз.

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири