Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Zarbdor textile” МЧЖ ижрочи директори корхона ҳақидаги ижтимоий тармоқда тарқалган танқидий мақолага изоҳ берди

 “Zarbdor textile” МЧЖ ижрочи директори корхона ҳақидаги ижтимоий тармоқда тарқалган танқидий мақолага изоҳ берди

             Бугун Жиззахда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳудуднинг қулай географик ва транспорт-коммуникацион жойлашуви, ер ости ва ер усти бойликлари, иқтисодий салоҳиятидан унумли фойдаланиш имкони яратилмоқда.

              Давлатимиз раҳбари ўтган йили 28 апрель куни вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишиб, аҳоли фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Ўтган қисқа вақт давомида ишонч билан айтиш мумкинки, мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди.

             Президентимиз бу гал ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратаркан, бунда янги корхоналар муҳим функцияни бажаришини таъкидлади. Ишга туширилишига шай Зарбдор туманидаги бизнинг “Zarbdor textile” МЧЖда ҳам бўлиб, яратилган шарт-шароит билан танишаркан, ушбу корхонанинг фаолиятидан умиди катта эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

           Ҳақиқатан, йилига 31 миллион квадрат метр мато ҳамда 6,5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган, қиймати 17,5 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа йўлга қўйилиши натижасида 864 нафар зарбдорлик ёшлар доимий иш билан таъминланади. Кейинроқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлагач, яна қўшимча 196 нафар хотин-қизни ишга жойлаштириш имконияти юзага келади.

            Ҳар қандай соҳада амалга оширилажак ислоҳотлар, аввало, инсон омили билан узвий боғлиқ. Буни бизнинг корхона мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хориждан келтирилаётган замонавий технологияларни ўзлаштириш, унумли фойдаланиш, шубҳасиз, етук мутахассисларга талабни оширади. Шу боис маҳаллий ҳокимият органлари, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши фаоллари билан ҳамкорликда жойларда кадрлар захирасини доимий шакллантириб боришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

            Тумандаги 5 та касб-ҳунар коллежи битирувчилари корхонамизга келиб, амалиёт ўташ асносида тикувчилик сир-асрорини пухта ўрганишмоқда. Тажрибали мутахассислар, тикувчилар уларни техник воситалар билан таништириб, ҳар бир дастгоҳни бошқаришга ўргатишмоқда. Ишчилар учун барча шароит муҳайё. Ҳали фаолиятини бошламасиданоқ корхонамизга ёш мутахассисларнинг эътибори кучайиб бораётир. Негаки, кадрлар иштиёқи тараққиётни белгилайди.

            Юртбошимиз ташрифидан сўнг айрим интернет манбалари корхонамиз ҳақида ҳақиқатга зид ахборот тарқатди. Гўёки коллеж ўқувчиларини ишчилар сифатида кўрсатган эмишмиз. Аслида, улар бизда амалиёт ўтаб, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини эгалламоқда. Устига устак, бу ёшлар билан тўрт томонлама меҳнат шартномалари тузиб қўйилган. Яқин ҳафтадан фаолиятини расман бошлаши кутилаётган корхонамизга ана шу амалиётчилар янги нафас, янги иштиёқ, янги шиддат олиб келишига ишонамиз. Зотан, Президентимизнинг корхонамизга ташрифи бутун жамоамизнинг руҳини кўтариб, ғайратига ғайрат қўшди.

           Корхонамиз тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 27 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ярмидан кўпи хорижга экспорт қилинади. Бу эса нафақат корхонада меҳнат қиладиган мингдан ортиқ ёшларимизнинг оилалари фаровонлигига, балки бутун туман иқтисодий ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

                 Абдукарим БЕКМУРОДОВ,

 “Zarbdor textile” МЧЖ ижрочи директори