Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Зармитан қатиғининг сири бор (ми?)!

Зармитан қатиғининг сири бор (ми?)!

             Қизилтепага йўлингиз тушган бўлса, демак, Зармитан қатиғидан ичиб кўргансиз. Агар унинг табиий шифобахшлигию  мазасини билсангиз, ғайритабиий хусусияти тўғрисида эшитмаган бўлишингиз мумкин эмас. 

             Гап шундаки, унинг ғаройиб сири бор. Косада ивитилган қатиқ гарчи идиши тўнтариб қўйилса-да тўкилиб кетмайди. Аммо қошиқ ботирсангиз... Хуллас, бу синоат билан қизиқиб, зармитанлик Комила Каримова билан суҳбатлашдик.

             – Қатиғимизнинг машҳурлиги бор гап. Уни тайёрлаш жараёни, аслида мураккаб эмас. Ёки баъзи бировлар гумон қилганидек, уни тайёрлашда ҳар хил аралашмалар қўшилмайди. Бу кўпроқ сигир емишига боғлиқ. Масалан, қуритилмаган ўт сутни суюлтириб юборади. Ундан тайёрланган қатиқ эса косада мустаҳкам турмайди. Шу боис соғин сигирларни асосан кунжара ва шу каби қуруқ ем маҳсулотлари билан боқамиз. Кўпчилик қатиқни татиб кўриб, унинг суюқ ҳолатида ҳам идишидан тўкилиб кетмаслигига ҳайрон қолади. 2002 йилдан бери ҳар куни шу иш билан шуғулланиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганмиз. Маҳалламизда ошхона очдик. Айниқса, апрель-май ойларида хорижий сайёҳлар гавжум бўлади. Улар ҳам қатиқ тайёрлашга қизиқиб, уриниб кўришади. Шу ўринда бир жиҳатни айтиб ўтишим керак: Самарқанд нонини бошқа жойда ўхшатиб бўлмаганидек, биз тайёрлайдиган қатиқни ҳам Зармитандан бошқа туманларда, ҳатто қўшни қишлоқларда ҳам худди шундай тайёрлаб бўлмайди, – дейди Комила опа.

             Маҳаллий аҳоли орасида қатиқ билан боғлиқ ривоят ҳам кенг тарқалган. Эмишки, бир вақтлар Ҳазрати Хизрнинг йўллари шу ҳудуддан ўтиб, саратоннинг иссиғида жуда чанқайди. Шунда  бир хонадондан чанқоқбосди сўрайди. Уй эгаси нуронийни меҳмон билиб, сув ўрнига қатиқ беради. Муздай қатиқ қариянинг чанқоғини босиш билан бирга танасига дармон бўлади. Шунда улуғ зот қўлини дуога очади: “Зармитан зарга айлансин, қатиғи косада тошдек қотсин”. Шу-шу, Зармитан қатиғи косадан тўкилмайдиган хусусияти билан машҳур бўлиб кетади. Ривоятларда ҳам қисман ҳақиқат борга ўхшайди...

                                                                                                                            Дурдона ҒАЙБУЛЛАЕВА,

                                                                                                                                                    “XXI asr” мухбири