Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Зоминга дуо кетган

Зоминга дуо кетган
Ўзбекистон 
Ёзувчилар уюшмаси ва Жиззах вилояти 
ҳокимлиги ҳамкорлигида Зомин тоғлари бағрида жойлашган хушманзара Ўриклисой оромгоҳида ташкил этилган Ёш 
ижодкорларнинг 
анъанавий республика семинари унутилмас 
таассурот, хотираларга бой бўлди.
 
Пойтахтдан Жиззах томон йўлга чиқарканмиз, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ушбу нуфузли анжуманга таклиф этилган иқтидорли ёшларнинг юз-кўзларидаги самимият, кўтаринки руҳни кўриб, кузатиб, бошимиз осмонга етди. Нега денг-да, бир маҳаллар катта давраларда салобат билан қур тўкиб ўтиргувчи номдор шоир-ёзувчилар ҳузурига кириш, суҳбатлашиш у ёқда турсин, ҳатто узоқроқдан салом бериш мушкул эди. Давр шундай эди, замон шуни кўтарарди-да. Бугун-чи? 
Саксонни қоралаб бораётган Ўзбекис­тон халқ шоири Анвар Обиджонни ёш қаламкашлар ҳоли-жонига қўймай, “Устозжон, менинг қўлёзмамни бир кўриб беринг, китоб қилмоқчийдим”, деб қолса, Анвар ака қўлини кўксига қўйиб, “Жоним билан қараб бераман, болажоним. Ахир сизлар биз кўрмаган, орзу қилган кунларга етиб келганингизнинг ўзи катта бахт эмасми? Фақат битта илтимосим, ҳозирданоқ мақтов, манманликка берилманг­лар, ўқиш-ёзишдан эринманглар”, дея насиҳат қилади.
Ҳар қандай суҳбат-гурунгларга ўзгача самимий руҳ бағишлаб юборадиган Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид жонсараклик билан “Қани оқсоқоллар, бир дуо берсангизлар, кўряпсизлар саратон хархашасини, қуёш тиккага келмасидан бурун Жиззахга етиб олайлик. Биласизлар-а, Зомин семинарининг ўзига хос тарихи бор, яъни муҳтарам Президентимиз Жиззахда ишлаган йиллари ана шу гўзал адабиёт анжуманини ўтказиш ташаббусини ўртага ташлаб, “Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!” дея эзгу ниятларини изҳор этгандилар ва бу умидбахш орзу устозимиз Абдулла Ориповни қанчалар суюнтирганига гувоҳмиз. Мана, қарангки, орадан шунча йиллар ўтиб, бу ташаббус янада кенгроқ қанот ёзди, янада такомиллашди. Бу эса боқий маънавиятимиз ва бой адабиётимиз ривожида ўзига хос муҳим қадр-қимматга эга. Ҳали йиллар ўтади, асрлар ўтади, насиб этса, Зомин семинари улкан ижодкорларни кашф этажак!” дея сафарга бошлайди. 
Йўл-йўлакай ҳам суҳбатлар қизийди. Яна бир гуруҳ ёш ижодкорлар таниқли шоир Ғайрат Мажид ва машҳур адиб, публицист Аҳмаджон Мелибоевни саволларга кўмиб ташлайди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва адабиётшунос Баҳодир Карим эса қарийб 28 йил орасида ўзбек адабиётида рўй берган жиддий ўзгаришлар таҳлили ва талқини хусусида ҳам семинар доирасида баҳс-мунозаралар бўлмоғини алоҳида таъкидлайди.
Ярим йўлга етганимизда карвонимиз иккига бўлиниши таклиф этилди: бир гуруҳ Жиззах шаҳрига ўзгача кўрк бағишлаб турган атоқли адиб, давлат арбоби Шароф Рашидов ва ўзбек адабиётининг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гул қўймоққа отланади. Иккинчи гуруҳ эса тўғри Зомин сари йўлга чиқади... 
Хуллас, ёз чилласидан толиққан юрак­лар жаннатмонанд Зоминга қуёш қайтаётган маҳал етиб борамиз. Энг сўнгги русумдаги замонавий автобуслар карвони баҳаво тоғлар орасига юздан ошиқ оловқалб ёшларни элтади. 
Ҳаяжонли дамлар бошланади. Аввал махсус безатилган майдончада анъанавий Зомин семинарининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиев ва сўзга чиққан бошқа ижодкорлар ушбу тадбирнинг мамлакат маънавий ҳаётида нақадар катта ўринга эга эканига алоҳида урғу беришди.
Шом туша бошлагач, ажойиб мушоира бош­ланди. Даврани бошқарган шоир Нодир Жонузоқ ўртага халқимиз суйган шоир Абдували Қутбиддинни чорлайди. Ажиб ҳайратлару бой фалсафага тўла гўзал назмий оҳанглар Ўриклисойни титратиб юборади гўё. Ёшларни гўзал шоирнинг сирру синоатларга тўла шеър­лари бирпас сеҳрлаб қўяди. Навбат Рустам Мусурмонга келганида ҳайқириқлар янграйди. Бахшиёна руҳ сел қилади қалбларни. Сўнг шоира Хосият Рустамова дилтортар шеърлари билан кўнгилларни хушнуд айлади...
“Ёшларга навбат берсак-чи”, дейди даврабоши. Устозлар олдида юрак ютиб шеър ўқиш осон эмаслигини тушунганлар омон бўлсин-да. Хуллас, мушоирага яна Сирожиддин Саййид якун ясаркан, эртаси куни бўладиган маҳорат сабоқлари ва устозлар билан кечадиган ҳаяжонли гурунглар, савол-жавобларга ёшлар жиддий тайёргарлик кўришлари лозимлигини уқтириб қўяди...
Нимасини айтасиз, уч кун шамолдай ўтиб кетди. Таниқли шоир ва адиблар Эркин Аъзам, Азим Суюн, Назар Эшонқул, Энахон Сиддиқова, Абдуқаюм Йўлдош, Азиз Саид, Собир Ўнар, Зулфия Қуролбой қизи, Луқмон Бўрихон, Сирожиддин Рауф, Баҳодир Қобул, Абдурасул Жумақул... ва яна бошқа ўнлаб зукко адабиёт билимдонлари назарига тушиш, уларнинг холис баҳосини олиш, чин дилдан билдирган йўл-йўриқлари, ҳатто айтилган беғараз танбеҳ ва даккиларини эшитишнинг ўзи ҳам аслида бахт. Айниқса, адабиётшунос Нурбой Жабборнинг адабий жараён билан боғлиқ кузатувлари, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз меросидан келтирган мисоллари кўпчиликни ҳайратга солди.
Дарвоқе, семинар ўз номи билан ёш ижодкорларни кашф этиш баробарида уларни катта адабиёт билан таништириш, адабий-бадиий саводхонлигини баҳолашда ҳам алоҳида аҳамиятга эга, десак янглишмаймиз. 
Қувонарли жиҳати, бу йилги семинар иштирокчиларининг аксарияти олий ўқув юртлари талабалари эканлигидир. Негаки, назм ва наср, драматургия ва бадиий публицистика, адабиётшунослик, бадиий таржима бўйича иқтидорини намойиш этиш бу ҳазилакам иш эмас. Ҳаваскорлик бошқа, ижодга профессионал даражада ёндашиш бошқа-да. 
“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Сайфиддин Оконов, Салтанат Узоқова, Динора Умарқулова, Шаҳриёр Шавкат, Бибиробия Саидова, Мафтуна Муҳаммадаминова, Санжар Эшмуродов, Олтиной Ҳайитбоева, Моҳира Ҳабибуллаева, Салима Райимқулова... рўйхат ҳали давом этади. Очиғи, яна ўнлаб иқтидорли ижодкор ёшларнинг устозлар ҳукмига ҳавола қилган катта-кичик ишларини кўриб, кўнгиллар озгина бўлса-да таскин топди. Нега десангиз, бугунги ёшлар учун имкониятлар майдони ниҳоятда кенг. Фақат жиддий изланиш, интилиш керак. Давр эса тезкор ва шиддатли.
Семинарнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари бош­ланди. Иштирокчиларнинг юраклари ҳап­риқиб кетаётганини уларнинг юзларидан сезиш қийин эмас. Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддилари семинар қатнашчилари ҳамда республикамиздаги ижод мактабларининг иқтидорли ўқувчиларига махсус сертификат ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширдилар.
Анжуманнинг тугар маҳали ҳамманинг кўнг­лида битта савол турарди: хўш, ушбу хайрли тадбир якунида ким дил сўзини айтишга ҳақли? Сирожиддин Саййид яна шоирона топқирлик билан Жиззах фарзанди, атоқли шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимга юзланди. “Зомин ўз номи, шаън-шавкати билан довруғ таратган замин. Қаранг, қадамимиз хайрли келгани шу-да, куни кеча жиззахлик ғаллакорлар ҳам бошқа вилоятлар қаторида шартнома режасини ошириб бажарибди. Демак, буғдой нони мўл бўлган юртда буғдой сўзимиз ҳам жарангдор бўлади. Зоминга дуо кетган, деган халқона ибора бежиз кўп айтилмайди. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, ёшларимизнинг йўллари ҳамиша ойдин бўлсин!”
Ана шундай ёруғ, фарахбахш ният ва тилаклар ҳаммамизга йўлдош бўлсин!
Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, 
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Суратларни Аҳмад ТЎРА олган.