Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Зубайдулла Мирзаев: 12 сотих ердан йилига 4 марта ҳосил оламан

Зубайдулла Мирзаев: 12 сотих ердан йилига 4 марта ҳосил оламан

Каттақўрғон тумани Киччиккўрпа маҳалласида яшовчи 80 ёшли Зубайдулла Мирзаев 12 сотих ер майдонидан йилига 4 марта ҳосил олади. Шуни эвазига отахон бир йилда 100 миллион сўм даромад кўради.

Зубайдулла отанинг деҳқончилик тажриба мактабини оммалаштириш мақсадида O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан Каттақўрғон туманида “Томорқа-беминнат даромад манбаи” мавзусида амалий семинар уюштирилди. Тадбирга Каттақўрғон шаҳар, Иштихон, Оқдарё, Нарпай туманларидан томорқасида тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ҳамюртларимиз таклиф этилди.

Учрашувда Зубайдулла ота ўзининг тажрибаларини йиғилганлар билан ўртоқлашди.

—    60 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаман. Бу касб менга ота мерос. Деҳқончиликка меҳр қўйган киши кам бўлмаган. Фақат меҳнатсевар бўлса бас, деди отахон учрашувда. —  12 сотих томорқамга 5х5 оралиғида гилослар экканман. Гилосзор орасидаги майдонда  йилига 2 маротаба бодринг, икки маротаба редиска етиштираман. Маҳсулотларимни хорижлик тадбиркорлар ҳам харид қилишади.

Тадбирда тажрибали деҳқон вилоятимизнинг турли бурчакларидан келган томорқачиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарди.

—    Бугунги кунда айрим хонадонларда бўш ётган ерларни кўриб, жоним ачишади.Сўрасангиз, сувни муаммо қилишади. Бизни воҳада 12 метрли трубани  ерга қоқиб, битта насос ўрнатса, сув муаммоси бартараф этилади.  Фақат унга қунт бўлса бас, деди отахон.

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Эргашжон Маматов ёш тадбиркорлардан. Ҳозирдау чорвачилик билан шуғилланади. Эргашжон бугунги учрашувдан руҳланиб, келажакда томорқачиликни ривожлантиришни мақсад қилди.

—    Шаҳарида яшасамда 6 сотих томорқамиз бор. Мен бугундан бошлаб Зубайдулла Мирзаевга шогирд тушмоқчиман. У кишидан деҳқончилик сирларини ўрганиб, томорқамизда тадбиркорлик қилишни ният қилдим.

Амалий семинар таъсуротларга бой бўлди. Тадбирда Зубайдулла Мирзаевнинг шогирдлари ҳам иштирок этиб, ютуқлари билан ўртоқлашди.

—    Касбим ўқитувчи бўлишига қарамасдан, Зубайдулла отадан деҳқончилик сирларини ўрганганганман. Мана шунга ҳам 30 йилдан ошди. Томорқамда боғдорчилик, узумчиликни йўлга қуйганим боис, ҳеч қачон ойлик кутиб яшамаганман. Рўзғоримнинг кам-кўстини,  деҳқончиликдаги тадбиркорлигим эвазига тўлдирганман, -дейди  Зубайдулла отанинг шогирди Абдурауф Бобоқулов.

Шунингдек, тадбир давомида Зубайдулла Мирзаев бу йил сув танқислигидан қийналаётган фермерларга пахтани парваришлашда ва ўғитлашда ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тавсияларини бериб ўтди.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби