Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ, адабиётшунос:

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,  адабиётшунос:

Сиз Ғафур Ғуломнинг сўзини, овозини эшитганмисиз? Шукур Бурҳонов гапирганини-чи?  Ё бўлмаса Аброр Ҳидоятовни?

Ғафур Ғуломни мен умримда кўрмаганман, гапини ҳам эшитган эмасдим. Иттифоқо, бир куни радиода кимнингдир ниҳоятда қадрдон, яқин таниш, аммо кўпдан бери эшитилмаган бир товуши қулоғимга кирди. Ҳар қандай ашуладан ҳам руҳафзороқ бир овоз, десангиз. Билсам, Ғафур Ғулом ҳажвий ҳикояларини ўқиётган экан. Эшитмаган одамга бировнинг сўзлаш оҳангини тушунтириш қийин, бу худди босволди қовуннинг ҳидини тушунтириш каби мушкул, аммо ўзим ўшанда имон келтирдимки, агар Насриддин афанди ҳаётда бор бўлса, у Ғафур Ғулом овози билан гапирса керак эди. Ҳазилга, эркаликка монанд, аммо ўктам ва сарбаст бир оҳанг етакчилик қилар эди унда. Донишмандлик, дарддошлик аён сезилиб турарди. Хуллас, бир зумда ўзига ром эта оладиган, кишини беихтиёр қадрдонлаштириб юборадиган бир овозу оҳанг эди-да.

Шукур Бурҳонни айтинг. Aйниқса, “Қиёмат қарз”да! Ўзбек отасининг рамзи-ку. Бу овоздаги меҳр, одамшавандалик, дилкушолик бошқа бировда топилармикин? Аброр Ҳидоя­товнинг товлаб гапиришлари-чи! Лафзимизнинг лирик-фалсафий диапазони бу қадар кенг бўла олишини пайқаганми эдингиз?

Ўзбек эли серуруғ, кенг элат. Ҳар бир шева вакилининг гапида алоҳида оҳанг ва ўзига хос услуб бор. Аммо ҳаммаси ҳам ёқимли, ҳиссиётга тўлиқ, гапираётган чоғида сўз мазмуни билан бирга айтувчининг муносабати яққол сезилиб туради. Бу оҳангда маҳаллий ўзига хослик ва анъаналар, шу минтақа кишисининг ҳаёт тажрибаси, ҳар бир нарсага ўзига хос ёндошуви акс этади. Ҳар бир кишининг айтган гапидагина эмас, балки талаффузию сўзлашида ҳам ақлу фаросати, маданияти, сипо ё ҳовлиқмалиги, андишали ё шартакилиги, ўзини тутиши кўзга яққол ташланади…

Тараққиёт шундай бир даврга етиб келдики, эндиликда Хоразмнинг нариёғида туриб гапираётган одамнинг сўзини ўшлик­лар баралла эшитаверади. Сўзу оҳанг эса, биласиз, “юқувчан”. Ижтимоий тараққиёт тезлашиб, техника воситаларидан фойдаланиш авж олгани сари шевалараро синтезлашиш ҳодисаси ҳам кучаяди, аниқроғи, шеваларнинг синтезлашиши ҳисобига адабий тилнинг бойиши ва умумхалқ миқёсида адабий тилга кўчиш авж олади (шевалар эса бора-бора оёқдан қолади. Ҳозир ҳамма жойда шу ҳодисага гувоҳ бўлиб турибмиз). Барча вилоятларимиз ва туманларимизда урф-одатларнинг ўзаро яқинлашуви ва бир хиллашуви юз бераяпти. Бозор иқтисодиё­ти шароити ва тезкор ахборот алмашиш эса умуммиллий бирикиш ва яхлитланиш жараё­ни учун катализатор ролини ўйнаяпти.

Бу вазиятда ҳар қандай миллат олдида бир масала кўндаланг бўлади: адабий тилни мукаммаллаштиришда қайси тамойиллар устунлик қилади? Орфоэпик принциплар негизида қай нормалар ётади, яъни умуммиллий талаффуз қандай бўлиши керак?

Бир қарашда, бу арзимас бир гапдай, анчайин масала пуфлаб шиширилаётгандай бўлиб туйилиши мумкин. Аммо тарихга назар ташласак, боболаримиз биздан бошқачароқ, ўзбекчароқ, асл туркона оҳанглар билан сўзлашганига шубҳа йўқ. Айтайлик,  “Ўтган кунлар”даги Отабеклар худди биздай эмас, бошқачароқ, ҳозирги афғонистонлик ўзбекларга ўхшаброқ кетадиган бир тарзда гаплашишгани аниқ. Бир мўъжиза бўлиб, Навоий замонидаги ўзбек тирилиб келса, бемалол мусоҳаба қила олишимизга, масалан, мен ишонмайман. Чунки барча туркий тиллар, жумладан ўзбек тили ҳам, динамик – жуда тез ўзгаради...

...Табиий, ҳар бир жойнинг ўз лаҳжасию шеваси бор. Кишилар уйда, кўча-кўйда ана шу шевада гаплашади. Аммо идорада эмас. Корхона ва ташкилотларда адабий тил қўлланади. “Давлат тили” деган тушунча умуман тилимизга эмас, ўзбек адабий тилига берилган мақом. Фақат угина бутун ўзбек халқи учун ягона ва муштарак. Адабий тил деганини эса шева сўзлари, жаргон ва ҳоказоларни қўлламасликдан иборат деб тор тушунмаслик керак. Адабий тил тўғри талаффуздан бошланади.

Ўзбек тилида тўғри талаффуз қилиш кўп мушкул эмас. Ҳар бир товушни тўғри ифодалаш, ҳар қайси тиниш белгисини фарқлаш, сўз урғуси ва мантиқий урғуни ажрата билиш талаб этилади, холос. Аммо қизиқки, айнан сўз соҳасида ишлайдиган кўп одамлар – актёрлар, дикторлар ва б. ўзбек сўзи товушларини тўғри талаффуз қила олмайди, гапираётган чоғда қачон тўхташ ва қачон тин олиш керак, жумланинг мазмуни ва матн руҳи қандай оҳангни тақозо қилади, жумладаги асосий сўз қайси – билмайди. Қолаверса, ашулачилар айтганидай, нафас… ўзбекона бир нафас ҳам керак, албатта. Таажжубки, ана шу ўзбекона нафас дегани, кўпларга насиб бўлмайдиган ноёб бир нарса экан.

Радио ва телевидениега тўрт-беш йилнинг берисида диктор бўлиб ишга кирган, ўзини “сухандон” ёки “бошловчи фалончи” деб таништирадиган талай ука-сингилларимиз борки, она тилимиздаги сўз ва жумлалар уларнинг лафзида қандайдир ажнабий бир лисонга ўхшаб янграйди. FM радиоларининг тилини минг муқомда бураб гапириб, нозу адолар билан “шакаргуфтор”лик қилаётган диктор қизчалари шуни унутмасалар яхши эдики, уларни фақат 20-30 яшар бўз йигитлар эмас, бутун ўзбек юрти – чолу кампирлардан тортиб ёш-ёш болалар ҳам тинглайди. Аммо уларнинг гапириши эса… хуштори билан ёлғиз қолиб нозланаётган сатангнинг гапиришидан фарқ қилмайди! Бу қизларнинг ота-оналари ёки ориятлироқ акалари йўқмикин? Қандайдир “иҳим”, “ҳм”, “аҳа” каби қўшимча товушлар, буларнинг нозик лабчалардан минг бир тусда товланиб чиқишлари дейсизми-ей. Истиҳола ва ибо ўрнига – ноз ва истиғно! Умуман, кўзга кўринмас радиотинг­ловчига қараб ишва қилавериш шартми ўзи? Бу сингилларимиз ишлаётган хонага катта ҳарфлар билан Ғафур Ғулом шеъридаги “Бизнинг аёлларга ҳаё – фазилат!” деган мисрани ёздириб қўйишни маслаҳат берар эдик. Бунинг устига, шу қадар тез бидирлашадики, гапини эшитсангиз ҳам, уқмайсиз. На нуқтаю на вергул. Ҳатто бир жумла билан ундан кейингиси, бир абзац билан кейинги абзац орасида сониянинг ўндан бирича ҳам тўхталиш йўқ. Шу қадар тез ва пайдарпай гапиришадики, ҳеч нарсани англаб бўлмайди. Сўзингизни, айтайлик, қашқадарёлик бир момо эшитсаю уқмаса, унда айб момонинг “маданиятли эмас”лигидами, ё сизнинг?..

Диктор қизчалар-ку, шунақа экан, хўп, йигитлар-чи? Йигит деганда, одам белида белбоғи бор, ориятли, ғурурли, сипо бир кишини ёдига келтиради, албатта. Йигит – ўктам сўзи билан йигит. FMлардаги йигитлар эса… Уларнинг овозини айтинг. Сиз миллатнинг – ўзбекнинг овозисиз-ку, сухандон укалар. Шуни ҳеч эслайсизми? Буни наинки аҳёнда эслаш, бирон-бир лаҳза ёддан чиқармаслик керак. Бу эса, кабинада ўтирволиб, микрофон орқали “мухлиса”лар билан ҳиринглашавермайдиган шахс, демак. Сарбаст ва ўктам овоз кутамиз сизлардан. Сиз бўлсангиз, қандайдир бачкана ва эрмакловчи овоз ила бекорчиликдан диванга ясланиб қўнғироқ қилаётган қизалоқлар билан лақиллашишдан бўшамайсиз.

Умуман, эътибор берган бўлсангиз, миллатимизнинг овози ингичкалашиб бораётгандай. Муллатўйчи ҳофиз овозини олинг, Юнус Ражабийни, Ҳожихон Болтаевни олинг, Маъмуржон Узоқову Ортиқхўжа Имомхўжаевларнинг товушини эсланг. Кейинчалик Фахриддин Умаров, Таваккал Қодировларнинг бироз шикасталик касб этган товушларига ўрганувдик. Ҳозирга келиб эса, қизлардан ҳам ингичка товушда ашула қиладиган йигитлар чиқди. Эстрада жанрида-ку, эркакча овоз билан қўшиқ айтадиган йигит қолмади ҳисоб. Нафақат эстрадада, балки бутун қўшиқчилигимизда ҳам овоз тобора ингичкалашиб, тобора шикасталашиб бораётгандай. Йиғлоқи (бугун қўшни қиш­лоққа келин тушди, деб ўзи ёр-ёр айтадиган), хотинчалиш овоз билан айтиладиган ашулаларга кунимиз қолаяпти.

Мен бундай нозик овозлар камайсин, ё йўқолсин, демоқчимасман.

Аммо… ҳур бўлдик, эркинмиз энди. Муте эмасмиз, бўйнимиз эгик эмас, тилимизнинг ҳам қисиқ жойи йўқ. Шундай экан, энди бизга бошини баланд кўтариб, микрофону овозкучайтиргичсиз ҳам зал ё майдоннинг нариги бошига бемалол етадиган кучли товуш билан куйлай олган қўшиқчилар ҳам керакми, дейман. Тўғри, ҳар кимнинг ўз диди, ўз қаричи бор. Масалан, мен учун микрофонсиз куйлай олмайдиган қўшиқчи қўшиқчи эмас, нари борса – хиргойичи. Ўзбекнинг овози, миллатимнинг овози мана шу, дея ифтихор этгудай, баайни Муҳиддинқори Ёқубов овози каби овозлар ҳам керак-да, ахир.

Хуллас, тилимиз, лафзимиз бузилмаса, деймиз. Авлодлараро боғлиқлик бардавом бўлса, деб тилак қиламиз. Зеро тил – дил калити, дил ойинаси. Бу ойина хира тортмаслиги учун эса ёш дикторлар бошини қовуштириш, ўқитиш-ўргатиш лозим, ёш хонандалар товушига сайқал берадиган муассасалар ҳам бу тўғриларда ўйлаб кўришса, ёмон бўлмас эди.