Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

“XXI asr”га жавоб беради

ШАРТНОМА ТУЗИШ МАЖБУРИЙМИ?

Таҳририятимизга Китоб туманидаги “Жалил карвон” фермер хўжалиги раҳбари Г. Жалиловдан қуйидаги мазмунда мурожаат келиб тушган эди: “Фермер хўжалигимиз 54 гектар лалми – суғорилмайдиган майдонга эга. Ҳудудимизда тут дарахт­лари йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, яқинда туман мутасаддилари сувли ерларда деҳқончилик қилаётган фермерлар қаторида менга ҳам ипак қурти боқиш учун шартнома имзолашимни талаб қилишди. Мен туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимига: “Бизда тутнинг ўзи йўқ-ку, ипак қуртини нима билан боқаман?” десам, “Талабни бажаришингиз керак”, деди.
Айтинг-чи, шу тўғрими? Бундай ҳолатда шартнома тузиш мажбурийми?”.

 

МАЖБУР ҚИЛИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ!

Мазкур саволни тегишлилигига кўра ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора – Қашқадарё вилоят Адлия бошқармасига юборган эдик, бошқарма бошлиғи Ш. Қўчқоровдан жавоб хати келди. Унинг мазмуни қуйидагича:

“Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек “Хўжалик юритувчи субъект­лар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида хўжалик шартномаси, қоида тариқасида тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.

Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлса, хўжалик шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунинг­дек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги низомнинг II-бобида шартномаларни тузиш тартиби қайд этилган бўлиб, шартномалар мазкур ҳужжатнинг 7-19 бандларида белгиланган талаблар асосида тузилишини маълум қиламиз”.

Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг жавобини ўқиган ўқувчи, айниқса Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий электорати бўлмиш фермерлар юқорида номи зикр этилган низомнинг 7-19 бандларида белгиланган талаблар – шартномаларни тузиш тартиби ҳақида батафсил билиш истаги туғилган бўлса ажабмас. Шу боисдан ҳамда фермер ва тадбиркорларимизнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида биз ҳам шу ҳақда маълумот беришни лозим топдик.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномаларни тузиш тартиби:

Контрактация шартномалари, шунингдек моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузилган шартномалар хўжаликларнинг бизнес-режаларида назарда тутилган ҳажмлардан келиб чиққан ҳолда, агротехника тадбирларини амалга ошириш бошланишидан бир ой олдин, лекин календарь йил бошланишидан кечикмай тузилади.

Фермер хўжаликлари томонидан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан контрактация шартномалари ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномалар тузиш туман фермерлар кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси иштирокида амалга оширилади.

Шартномаларни тузишда томонлар тегишли турдаги шартномалар учун ишлаб чиқилган алоҳида намунавий шаклларга амал қилиши мумкин.

Шартномаларда қуйидагилар кўрсатилади:

шартноманинг мавзуси, маҳсулотнинг номи, ассортименти, миқдори (ҳажми), сифати, нархи (турлари бўйича);

шартноманинг умумий суммаси;

томонларнинг ҳуқуқлари ва ўзаро мажбуриятлари;

маҳсулотларни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);

идишга, маркировка қилишга, ўраш-жойлашга қўйиладиган талаблар;

ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги;

низоларни, форс-мажор ҳолатларни ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.

Хўжаликда шартнома лойиҳаси шартлари бўйича эътирозлар пайдо бўлган тақдирда хўжалик юқорида кўрсатилган муддатларда келишмовчиликлар тўғрисида протокол тузади ва уни тайёрлов ёки хизмат кўрсатиш ташкилотига жўнатади, бу тўғрида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимини туман фермерлари кенгашини хабардор қилади.

Туман фермерлари кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси контрактация шартномаларини, шунингдек моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномаларни тузишда ва бажаришда пайдо бўлган баҳсларни ҳал этишда қатнашади.

Хўжаликнинг шартнома хулосасига илгари шартнома лойиҳасида назарда тутилганлардан бошқача шартларда розилиги мавжуд бўлган жавоби акцепт (акцептлаш) ҳисобланмайди. Бундай жавобга акцептлашни рад этиш ва айни бир вақтда янги таклиф (оферта) сифатида қаралади.

Тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилоти келишмовчиликлар тўғрисидаги протокол олинган вақтдан бошлаб 7 кун мобайнида уни (зарурат бўлганда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими вакили ҳамда туман фермерлари кенгашининг фермер хўжаликлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси билан биргаликда) кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифларни шартнома лойиҳасига киритиши ёхуд ҳал этилмаган келишмовчиликларни худди шу муддатларда кўриб чиқиш учун тегишли хўжалик судига бериши шарт.

Келишмовчиликлар тўғрисидаги протокол қабул қилинмаганда ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаганда хўжалик низони судда кўриб чиқишга беришга ҳақлидир.

Шартнома томонлардан ҳар бири ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими учун бир нусхадан тузилади. Шартноманинг барча нусхалари бир хил юридик кучга эга бўлади.

Тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари хўжаликлар билан шартномаларнинг ўз вақтида тузилиши учун жавоб беради.

(Газетамизнинг навбатдаги сонларида юқоридаги саволга Китоб тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғининг жавобини ўқийсиз).





“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
тайёрлади.

Joomla