Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

БЕКТЕМИР МЕЛИҚЎЗИЕВ – “ФАРҒОНА ЙЎЛБАРСИ”

Телеэкран орқали олис Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларини томоша қилар эканмиз, мамлакатимизнинг энг ёш, энг иқтидорли боксчиси Бектемир Мелиқўзиевнинг шиддатли жанглари, кучли зарбалари билан жаҳоннинг мана-ман деган спортчиларини ҳам эсанкиратиб қўйганига қойил қолган шерикларимиздан бири: “Отангга раҳмат, азамат, ҳақиқий Фарғона йўлбарси экансан-ку!” деб юборди. Аслида у ҳаммамизнинг дилимиздаги, тилимиз учида турган гапни топиб айтган эди.

Биз-ку, оддий мухлис, ҳайрат, ҳаяжонимиз шунчалик, шундай ёвқур йигитни тарбиялаб вояга етказган ота-онаси, мураббийлари шу топда қандай ҳис-ҳая­жонни бошдан кечирмоқда экан? Ана шу ҳайрат ва қизиқиш шу йилнинг апрелида навқирон 20 ёшни тўлдирган “чарм қўлқоп” устаси, Олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритган Бектемир шоҳсупага кўтарилган кундан икки кун ўтар-ўтмас бизни Фарғонанинг Фурқат туманидаги Шойимбек шаҳарчасига етаклади.

Мелиқўзиевлар хонадони шундоқ шаҳарчага кираверишда, пахтазор бўйида жойлашган, эл қатори қурилган, оддий, ҳашамдан холи, аммо, барча қулайликларга эга, боғ-роғли, гулу гулзорли, жамбилу райҳонлар бўй таратиб ётган файзли, тароватли, бир гўша экан. Дарвоза рўпарасидаги сўриток остида сутдек оппоқ “Нексия” ярақлаб турибди.

Остона ҳатлабоқ бу ерда диду диёнатли, серҳавас одамлар яшашини сезиб олиш қийин эмас.

– Хуш келибсизлар! – дея туриш-турмуши худди Бектемирга ўхшаб кетадиган йигит бизга пешвоз чиқади.

– Сиз Бектемирнинг?..

– Кичик акаси Мавлонжон бўламан, – дейди юзи-кўзи чарақлаган йигит.

У бизни айвон пастидаги стол атрофига таклиф қилди. Қўлини кўксига қўйиб, бир пиёладан қайноқ чой узатди.

Хонадон соҳибларини сўраймиз.

– Дадам ва аям, укамнинг биринчи мураббийи Маъруфжон ака ҳозиргина Бектемирни кутиб олиш учун Тошкентга жўнаб кетишди...

Пиёладаги чой яримламасдан дарвозанинг кичик қаноти очилиб, яна уч-тўрт чоғли меҳмонлар кириб келишди.

– Мавлонжон чарчамадингизларми? – дейди олтмиш ёшлар чамасидаги нуроний киши.

– Муҳаммаджон ака Узоқов – яқин қариндошларимиздан, – дея таништирди Мавлонжон. – Булар эса Гулчеҳра опа Зоҳидова, укамнинг биринчи ўқитувчиси – қирқ-эллик ёшлар чамасидаги юзидан нур ёғилиб турган аёлга ишора қилиб. –  Бу Бектемирнинг қадрдон дўсти, Осиё чемпиони, Ўзбекистон чемпиони Фазлиддин Мелибоев. Укам билан Қўқон педагогика институтида бирга ўқийди.

– Кеча оқшом ҳаммамиз шу ерда эдик, – дейди Муҳаммаджон ака. – Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар биргаликда Олимпиада ўйинларини томоша қилдик. Шаҳарчанинг саккиз жойи, саккиз маҳалласига ўрнатилган кенг экранли телевизорлардан шойимбеклик­лар Бектемирнинг чиқишини берилиб кўришди. У кумуш медалга эришиб, шоҳсупага таклиф этилганда кўзимизга ёш келди. Маҳаллалардан янграган ҳайқириқлар шаҳарчани тутиб кетди. Хонадон соҳиблари Рўзиматжон акам билан Наврўзахон опамнинг қувончдан йиғлаганларини кўрсангиз... Бектемирнинг эришган ютуғи, умуман Олимпиадаги ҳамюртларимизнинг мисли кўрилмаган ғалабаси бутун туманимиз, вилоятимиз аҳлини ниҳоятда қувонтирди.  Тонготаргача табрикловчиларнинг қадами узилмади. Вилоят, туман ҳокимлари келиб, акам билан опамга “Шундай мард, жасур, фидойи ўғлонни вояга етказганингиз учун мингдан-минг раҳмат!”, деб совға-салом бериб кетишди.

– Тўғри, – суҳбатимизга қўшилади Мавлонжон. – Бектемир Ўзбекистон чемпиони бўлганда, Осиё чемпионлигини қўлга киритганида, Жаҳон чемпионати ғолиби бўлганда, ёшлар ўртасида Олимпиаданинг олтин медалини қўлга киритганда, Президентимизнинг эътирофига эришиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганда ҳам барча қариндош-уруғ, ёру-биродарлар йиғилиб нишонлаганмиз. Аммо, буниси бош­қача бўлди. Ҳақиқий байрам бўлиб кетди.

– Дўстим жуда тиришқоқ йигит, – дейди Фазлиддин фахр билан. – Тренеримиз Маъруфжон Аҳмедовнинг айтганини вақтида бажаради. Кеча-ю кундуз машқ қилишдан, ўз устида ишлашдан чарчамайди.

– Шундай ўқувчимиз борлигидан фахрланамиз, – дейди Гулчеҳра опа.

– Умуман олганда, Мелиқўзиевлар оиласини шаҳарчамизда, туманимизда спортчилар оиласи дейи­шади, – гапни олади Муҳаммаджон Узоқов. – Оила бошлиғи Рўзиматжон Сулаймонов жисмоний тарбия ўқитувчиси, акалари Шерқўзи Сулаймонов ёши ўтиб қолганига қарамай, яхшигина футболчи. Бектемирнинг акалари Рустамжон, Мавлонжон ҳам футбол деса ўзини томдан ташлашади. Улар оилавий футбол командаси тузишган. Яқинда вилоят миқёсида ўтказилган “Соғлом оила” спорт мусобақасида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллашди.

– Бир сўз билан айтганда, дўстим Бектемирнинг  бу ғалабаси унинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 25 йиллигига муносиб совғаси бўлди, – дейди Фазлиддин Мелибоев.

Энг чиройли гапни Мелиқўзиевлар хонадонидан чиқиб, йўловчи “Дамас”га ўтирганимизда эшитдик.

– Ҳай, эгачи, – деди ўрта ёшли аёл ёнидаги шеригига. – Кеча телевизор кўрдингизми? Рўзиматжон аканинг ўғли Бектемир Олимпиадада ғолиб чиқиб, бутун дунёни ўзига қаратди-я! Қизим бўлганида шу йигитни жон-жон деб куёв қилардим-да.

– Нимасини айтасиз, – деди рўмолини бошига дол қўйган, кулча юзли аёл. – Уч кун аввал келинимнинг кўзи ёриганди. Ўғлим: “Исмини нима қўяйлик?”, деб сўраганди, Бектемир қўйинглар, ўша йигитга ўхшаб юрсин, дедим...

Али ЗИЁД,

Адҳам МИРСАИД.

Joomla