Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

Спорт

ЖАСОРАТ ВА МАТОНАТ ТИМСОЛЛАРИ

ўзбекистонлик паралимпиячилар эришган муваффақиятлар ана шундай юксак шарафга муносибдир

Бир умр эсдан чиқмайдиган воқеалар кинолентасидай кўз олдимиздан ҳамон ўтиб турибди:

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз Мус­тақиллигининг муборак 25 йиллиги нишонланишига саноқли кунлар қолган эди ўшанда. Куну тун интернету телеэкран, радио тўлқинларидан тортиб, кундалик нашрларгача “Рио – 2016” Олимпиадасини ёритиб турди. Дунёнинг манаман деган давлатлари вакиллари иштирок этган бу тенгсиз, муросасиз беллашувларда эндигина ўз истиқлолининг чорак асрлик тўйини ёруғ юз билан кутиб олаётган ўзбекистонлик олимпиадачиларнинг дунё аҳлини ҳайратга солгулик ғалабаларини эътироф этмоқ, таърифламоқ осон кечмади. Чунки, ушбу тарихий воқеа – Ўзбекис­тон спортидаги ўзига хос “бурилиш” нуқтаси бевосита мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ташаббуси, ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлаши туфайли содир бўлди, дейишга бугун бизда тўла асос бор. У ҳам бўлса, мустақиллик йилларида давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан эртанги кунимиз эгалари бўлган соғлом ва бақувват фарзандларни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мевасидир.

Олимпиадачиларимизнинг 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медаллари, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллаганлиги кўксимизни осмон қадар юксалтирди. Олис Бразилияда мустақил Ўзбекистонимизнинг байроғи сарбаланд бўлиб, давлатимиз мадҳияси янграганида... кўзларимиз севинч ёшларига тўлди. Кучли, енгилмас, жасур спортчиларимизни биз билан баб-баравар қўллаб-қувватлаб, “ўзбек”, “Ўзбекистон” дея мардона тан бериб ҳайқирган хорижлик мухлислар ҳаяжони юракларни жунбушга келтирди. Зеро, бизнинг ватандошларимиз жаҳон спорт ареналарида ҳам ҳақли равишда ҳеч кимдан кам эмаслик­ларини яна бир бор исботлади!

Орадан кўп вақт ўтмади: 8 сентябрдан бошлаб яна Бразилиянинг
Рио-де-Жанейро шаҳрида бошланган XV Паралимпия ўйинлари кундалигида бизнинг матонатли спортчиларимиз қўлга киритган зафарлар ҳақида хушхабарлар эшитдик.

Муболағасиз айтиш мумкин, тарихий 12 кун ўзларининг қадрдон, севимли Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига Паралимпия ўйинларида куч-қувват, ғалабалар тилаб турган миллионлаб ўзбекистонликлар учун унутилмас воқеаларга бой кечди.

Эслайлик, биринчи куннинг ўзидаёқ  3 та олтин медалга сазовор бўлиш кутилмаган рекорд эмасми? Енгил атлетикачимиз Нозимахон Қаюмова эришган ғалаба шарафига давлатимиз мадҳияси янграганида меҳмонларни-ку қўяверинг, мезбонлар ҳам қанчалар суюниб олқишлашди. Негаки, найза улоқтириш баҳсида фаол иштирок этган Нозимахон 44,58 натижа кўрсатиб,  жаҳон рекордини ўрнатди! Унинг асосий рақиблари ҳисобланган озарбайжонлик Ирода Алиева ҳамда австралиялик Наталия Эдер ҳар қанча уринишмасин, барибир ҳамюртимиз эришган натижага етишолмади.

Дзюдочиларимиз ҳақида эса ҳар қанча фахрга тўлиб сўзласак камлик қилади. XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси бокс турида барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаган эди. Паралимпиячилар орасида эса Ўзбекистон делегацияси спортнинг дзюдо тури бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга муносиб деб топилди – 3 та олтин, 1 та кумуш, 6 та бронза.

Улар ўн марта юксак саҳнага таклиф этилди, демак, ўн марта Ватанимиз байроғи баланд ҳилпиради. Шу ўринда яна бир қизиқ ҳолатга эътибор берайлик: илк марта Паралимпия ўйинларида қатнашган ўн нафар спортчимизнинг ҳаммаси совриндор бўлишди!

Энг қувончлиси, терма жамоамиз аъзолари 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаллари билан умумий 31 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 176 та давлат вакиллари орасида медаллар сифати бўйича 16-ўринни, сони бўйича эса 13-ўринни эгаллашди. Бундай натижа узоқ ва яқин ўтмишда ҳам бўлмагани ҳақиқат. Тасаввур қилинг, 32 нафар иштирокчи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоасининг 31 та медални қўлга киритиши кимнинг тушига кирган эди?!

Қуйидаги, эътироф этса арзийдиган ҳаётий далилларга эътибор беринг: бу спортчилар сонига нисбатан медаллар жамғариш борасида Ўзбекистон делегацияси 96,8 фоиз натижа кўрсатиб, XV Паралимпия ўйинларида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди. Шунингдек, юртимиз паралимпиячилари Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, МДҲда Украинадан сўнг иккинчи, Осиёда Хитой ва Эрондан сўнг учинчи ўринни эгаллади.

Умуман олганда, бизнинг спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Таъкидлаш керакки, шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар натижаси бўйича бундай кўрсаткичга эришмаган.

Куни кеча матбуотда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев имзолаган Фармойишда паралимпиячиларимизнинг “муносиб иштироки, жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшганлиги”га алоҳида урғу берилганлиги бежизмас. Аслида Ватан, халқ ва миллат тимсолини белгилайдиган жиҳатлар дунёда кам. Лекин спортнинг бу борада етакчи кучга айланганлигини биз ўз олимпиадачи ва паралимпиячиларимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз. Демак, қаерда-ки, инсон тақдирига муносабат азалий анъаналарга мос тарзда шаклланган, фуқароларнинг яшаш, ишлаш, таълим-тарбия олиши учун тинч, осойишта ҳаёт тарзи яратилган бўлса, шу ерда эртанги кунга ишонч ва рағбат мустаҳкам бўлади. Айнан ана шундай омилларгина бизларни дунё миқёсидаги нуфузимизни янада оширишга хизмат қилаверади. Бу эса диёримизда спортга берилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг амалдаги намунасидир.

Ана шундай улкан ва тарихий ғалабалар билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Норқобил ЖАЛИЛОВ

ЕНГИЛМАС ИРОДА ВА МАТОНАТ

спортчиларимизни ғалабалар сари етакламоқда

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти асос солган уч босқичли спорт – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” ўйинларининг узоқни кўзлаб ташкил этилганлиги айни кунларда  ҳаёт ҳақиқатига айланиб улгурди. Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиадада алпларимиз қайд этган оламшумул натижалар шукуҳи хали аримасдан туриб паралимпиячиларимизнинг ҳам зафарли юришлари қалбларимизни яна қувончга тўлдирди.

Олимпия шаҳарчасида 8-сентябрь куни старт олган XV Паралимпия ўйинларининг илк куниданоқ спортчиларимиз нақд 8 та – 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди. Дзюдочимиз Шерзод Намозов илк олтин медални олиб берган бўлса, Ўткирбек Ниғматов жамоадошининг натижасини такрорлади. Ўша куни енгил атлетика баҳсларида Ҳусниддин Норбеков паралимпия рекордини янгилаб, мадҳиямиз садолари остида байроғимизни музаффар этди. Шунингдек, эркаклар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида сузишда Кирил Паньков кумуш медалига сазовор бўлди, худди шу йўналишда аёллар баҳсида Муслимахон Одилова ҳам терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

Шу пайтга қадар паралимпия ўйинларида бирорта ҳам олтин медаль қўлга киритилмагани ҳисобга олинса, мусобақанинг биринчи кунидаги кўтаринкилик ва шижоат кейинги кунларда байрамлару рекордларга уланиб кетди.

Мусобақанинг иккинчи куни спортчиларимиз делегациямиз ғазнасига учта бронза медалини тақдим этишди. 10 метрга ўқ отишда Сервер Ибрагимов, дзюдода Феруз Саидов ва Турсунпош­ша Нурметовалар шоҳсупадан жой олишди.

Паралимпия ўйинларининг энг қизғин палласи – учинчи кунига келиб эса вакилларимиз худди биринчи кундадагидек яна 8 та медални қўлга киритишди. Дастлаб дзюдочи полвонимиз Одил Тулендибоев барча рақибларини мутлақ ғалаба – иппон баҳоси билан мағлуб этиб, ўзбек курашчиларининг  асл қудратини исботлаган бўлса, яна бир полвонимиз Хайитжон Алимова кумуш медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Шуҳрат Бобоев, Ширин Шарипов ҳамда Гулруҳ Раҳимовалар бронза медали билан тақдирланишди. Эътиборлиси, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медали билан биринчи ўринни қўлга киритди. Умуман олганда, дзюдо спорт турида жами ўн бир нафар спортчимиз иштирок этган бўлса, улардан нақд ўнтаси совринли ўринларни банд этишди.

Ўша куни 200 метрга комплекс сузиш мусобақаларида ҳамюртимиз Фотимахон Амилова маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медаль билан кифояланган бўлса, Дониёр Солиев узунликка сакраш бўйича учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақаларнинг тўртинчи кунида матонатли спортчиларимиз бир йўла иккита олтин медалга сазовор бўлишди. 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича Фирдавсбек Мусабеков тенглар ичра тенгсиз бўлган бўлса, Фотимахон Амилова бу пайтга қадар 100 метрга баттерфляй ва 200 метрга комплекс усулида сузиш баҳсларида кумуш ва бронза медалларига эга чиққанди. Қайд этиш керак, Фотимахон ўша куни 100 метрга брасс усулида сузишда ўзининг том маънода енгилмас ирода соҳибаси эканлигини яққол намоён этиб, азалий орзуси – Паралимпия олтин медалини қўлга киритибгина қолмай, балки бу борадаги рекордни ҳам янгилаб қўйди.

5 кунлик якунларга кўра, тош кўтаришда Аҳрор Бозоров бронза медалига сазовор бўлган бўлса, 400 метрга эркин усулда сузишда Дмитрий Хорлин ҳам учинчи ўринни эгаллади.

14 сентябрь куни енгил атлетиканинг найза отиш йўналишида Александр Свечников 65,69 метр натижа билан Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади ва мусобақаларнинг олтин медалига сазовор бўлди. Шу билан бир қаторда енгил атлетиканинг аёллар ўртасида ядро улоқтириш мусобақасида иштирок этган София Бурханова 15,05 метрлик кўрсаткич билан мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди. Шунингдек, беллашувларнинг еттинчи куни Муслимахон Одилова XV Паралимпия ўйинларидаги ўзининг иккинчи кумуш медалини қўлга киритди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Муслимахон 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича кумуш медалига сазовор бўлганди. Бу сафар энди ҳамюртимиз 50 метрлик масофани эркин усулда 28 сония ичида сузиб ўтиб, яна бир кумуш медали соҳибасига айланди. Ушбу масофага эркин сузиш бўйича учинчи ўрин Шоҳсанам Тошпўлатовага насиб этиб, у делегациямиз ғазнасига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди. Бунгача эса Шоҳсанам 200 метрга комплекс усулида сузиш баҳсларида ҳам бронза медали билан тақдирланган эди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда эса 50 метрга эркин сузиш­да Музаффар Турсунхўжаев ҳам бронза медалига сазовор бўлди. Эътиборлиси, мазкур медаль Музаффар учун ҳам XV Паралимпия ўйинларидаги иккинчи бронза бўлди. У 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича ҳам бронза медали билан тақдирланган эди.

Енгил атлетиканинг ядро улоқтириш мусобақасида Ҳусниддин Норбеков бу сафар бронза билан кифояланди. Бунгача эса мусобақаларнинг биринчи куни Ҳусниддин диск улоқтириш баҳсларида рекорд ўрнатиб Паралимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлганди.

Энг муҳими ҳозирги пайтга келиб делегациямиз ҳисобида 7 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаллари мавжуд бўлиб, паралимпия­чиларимиз жами 30 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринни банд этиб туришибди. Бизнинг жамоамиз медаль жамғариш бўйича Осиё ва МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринда бормоқда.

Аслиддин АЛМАРДОНОВ

БЕКТЕМИР МЕЛИҚЎЗИЕВ – “ФАРҒОНА ЙЎЛБАРСИ”

Телеэкран орқали олис Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларини томоша қилар эканмиз, мамлакатимизнинг энг ёш, энг иқтидорли боксчиси Бектемир Мелиқўзиевнинг шиддатли жанглари, кучли зарбалари билан жаҳоннинг мана-ман деган спортчиларини ҳам эсанкиратиб қўйганига қойил қолган шерикларимиздан бири: “Отангга раҳмат, азамат, ҳақиқий Фарғона йўлбарси экансан-ку!” деб юборди. Аслида у ҳаммамизнинг дилимиздаги, тилимиз учида турган гапни топиб айтган эди.

Биз-ку, оддий мухлис, ҳайрат, ҳаяжонимиз шунчалик, шундай ёвқур йигитни тарбиялаб вояга етказган ота-онаси, мураббийлари шу топда қандай ҳис-ҳая­жонни бошдан кечирмоқда экан? Ана шу ҳайрат ва қизиқиш шу йилнинг апрелида навқирон 20 ёшни тўлдирган “чарм қўлқоп” устаси, Олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритган Бектемир шоҳсупага кўтарилган кундан икки кун ўтар-ўтмас бизни Фарғонанинг Фурқат туманидаги Шойимбек шаҳарчасига етаклади.

Мелиқўзиевлар хонадони шундоқ шаҳарчага кираверишда, пахтазор бўйида жойлашган, эл қатори қурилган, оддий, ҳашамдан холи, аммо, барча қулайликларга эга, боғ-роғли, гулу гулзорли, жамбилу райҳонлар бўй таратиб ётган файзли, тароватли, бир гўша экан. Дарвоза рўпарасидаги сўриток остида сутдек оппоқ “Нексия” ярақлаб турибди.

Остона ҳатлабоқ бу ерда диду диёнатли, серҳавас одамлар яшашини сезиб олиш қийин эмас.

– Хуш келибсизлар! – дея туриш-турмуши худди Бектемирга ўхшаб кетадиган йигит бизга пешвоз чиқади.

– Сиз Бектемирнинг?..

– Кичик акаси Мавлонжон бўламан, – дейди юзи-кўзи чарақлаган йигит.

У бизни айвон пастидаги стол атрофига таклиф қилди. Қўлини кўксига қўйиб, бир пиёладан қайноқ чой узатди.

Хонадон соҳибларини сўраймиз.

– Дадам ва аям, укамнинг биринчи мураббийи Маъруфжон ака ҳозиргина Бектемирни кутиб олиш учун Тошкентга жўнаб кетишди...

Пиёладаги чой яримламасдан дарвозанинг кичик қаноти очилиб, яна уч-тўрт чоғли меҳмонлар кириб келишди.

– Мавлонжон чарчамадингизларми? – дейди олтмиш ёшлар чамасидаги нуроний киши.

– Муҳаммаджон ака Узоқов – яқин қариндошларимиздан, – дея таништирди Мавлонжон. – Булар эса Гулчеҳра опа Зоҳидова, укамнинг биринчи ўқитувчиси – қирқ-эллик ёшлар чамасидаги юзидан нур ёғилиб турган аёлга ишора қилиб. –  Бу Бектемирнинг қадрдон дўсти, Осиё чемпиони, Ўзбекистон чемпиони Фазлиддин Мелибоев. Укам билан Қўқон педагогика институтида бирга ўқийди.

– Кеча оқшом ҳаммамиз шу ерда эдик, – дейди Муҳаммаджон ака. – Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар биргаликда Олимпиада ўйинларини томоша қилдик. Шаҳарчанинг саккиз жойи, саккиз маҳалласига ўрнатилган кенг экранли телевизорлардан шойимбеклик­лар Бектемирнинг чиқишини берилиб кўришди. У кумуш медалга эришиб, шоҳсупага таклиф этилганда кўзимизга ёш келди. Маҳаллалардан янграган ҳайқириқлар шаҳарчани тутиб кетди. Хонадон соҳиблари Рўзиматжон акам билан Наврўзахон опамнинг қувончдан йиғлаганларини кўрсангиз... Бектемирнинг эришган ютуғи, умуман Олимпиадаги ҳамюртларимизнинг мисли кўрилмаган ғалабаси бутун туманимиз, вилоятимиз аҳлини ниҳоятда қувонтирди.  Тонготаргача табрикловчиларнинг қадами узилмади. Вилоят, туман ҳокимлари келиб, акам билан опамга “Шундай мард, жасур, фидойи ўғлонни вояга етказганингиз учун мингдан-минг раҳмат!”, деб совға-салом бериб кетишди.

– Тўғри, – суҳбатимизга қўшилади Мавлонжон. – Бектемир Ўзбекистон чемпиони бўлганда, Осиё чемпионлигини қўлга киритганида, Жаҳон чемпионати ғолиби бўлганда, ёшлар ўртасида Олимпиаданинг олтин медалини қўлга киритганда, Президентимизнинг эътирофига эришиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганда ҳам барча қариндош-уруғ, ёру-биродарлар йиғилиб нишонлаганмиз. Аммо, буниси бош­қача бўлди. Ҳақиқий байрам бўлиб кетди.

– Дўстим жуда тиришқоқ йигит, – дейди Фазлиддин фахр билан. – Тренеримиз Маъруфжон Аҳмедовнинг айтганини вақтида бажаради. Кеча-ю кундуз машқ қилишдан, ўз устида ишлашдан чарчамайди.

– Шундай ўқувчимиз борлигидан фахрланамиз, – дейди Гулчеҳра опа.

– Умуман олганда, Мелиқўзиевлар оиласини шаҳарчамизда, туманимизда спортчилар оиласи дейи­шади, – гапни олади Муҳаммаджон Узоқов. – Оила бошлиғи Рўзиматжон Сулаймонов жисмоний тарбия ўқитувчиси, акалари Шерқўзи Сулаймонов ёши ўтиб қолганига қарамай, яхшигина футболчи. Бектемирнинг акалари Рустамжон, Мавлонжон ҳам футбол деса ўзини томдан ташлашади. Улар оилавий футбол командаси тузишган. Яқинда вилоят миқёсида ўтказилган “Соғлом оила” спорт мусобақасида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллашди.

– Бир сўз билан айтганда, дўстим Бектемирнинг  бу ғалабаси унинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 25 йиллигига муносиб совғаси бўлди, – дейди Фазлиддин Мелибоев.

Энг чиройли гапни Мелиқўзиевлар хонадонидан чиқиб, йўловчи “Дамас”га ўтирганимизда эшитдик.

– Ҳай, эгачи, – деди ўрта ёшли аёл ёнидаги шеригига. – Кеча телевизор кўрдингизми? Рўзиматжон аканинг ўғли Бектемир Олимпиадада ғолиб чиқиб, бутун дунёни ўзига қаратди-я! Қизим бўлганида шу йигитни жон-жон деб куёв қилардим-да.

– Нимасини айтасиз, – деди рўмолини бошига дол қўйган, кулча юзли аёл. – Уч кун аввал келинимнинг кўзи ёриганди. Ўғлим: “Исмини нима қўяйлик?”, деб сўраганди, Бектемир қўйинглар, ўша йигитга ўхшаб юрсин, дедим...

Али ЗИЁД,

Адҳам МИРСАИД.

ДОНИЁР ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Теҳрон шаҳрида спорт курашлари бўйича эшитиш қобилияти заиф бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида дунёнинг 24 та давлатидан эркин ва юнон-рум курашчилари иштирок этди.
Улар орасида ҳар икки йўналишда ўзбекистонлик ёш полвонлар ҳам ғолиблик учун гиламга чиқишди. Улар орасида терма жамоамиз аъзоси Дониёр Якияев 46 кг вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Шунингдек, унинг ўзи эркин кураш баҳсларида ҳам иштирок этиб, кумуш медал билан тақдирланди.

УНИВЕРСИАДА МАШЪАЛАСИ ФАРҒОНАГА ЙЎЛ ОЛДИ!

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида “Универсиада – 2016” спорт мусобақалари машъаласини аланга олдириш маросими бўлиб ўтди.

Спорт хабарлари

Рўзанинг бронзаси


Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида давом этаётган пауэрлифтинг спорт тури бўйича Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этаётган Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоаси аъзоси Рўза Қўзиева 50 кг. вазнгача бўлган спортчилар орасида 95 кг. тошни ўзига бўйсиндириб, бронза медалига сазовор бўлди.

Ватанимиз шарафини, шунингдек, Аҳрор Бозоров (80 кг.) ва Нуриддин Давлатов (107 кг.) вазн тоифасида ҳимоя қилишади.

Ушбу нуфузли мусобақада 42 давлатдан 204 нафар спортчи иштирок этмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон параолимпия қўмитаси Ахборот хизмати.

Дзюдочиларимиз  Дюссельдорфда

Эртага Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида дзюдо бўйича гран-при туркумига кирувчи мусобақа бошланади.

Дунёнинг 90 давлатидан келган 612 нафар спортчи иштирокидаги баҳсларда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади.

Мазкур мусобақада Ватанимиз шарафини Диёрбек Ўрозбоев (60 кг.), Ришод Собиров (66 кг.), Мирали Шарипов ва Ғиёсжон Бобоев (73 кг.), Шаҳзод Собиров (81 кг.), Дилшод Чориев (90 кг.), Соиб Қурбонов (100 кг.) ва Абдулло Тангриев (100 кг.дан юқори) ҳимоя қилади.

 

Сабинанинг ғалабаси

Теннисчимиз Сабина Шарипова Ҳиндистонда старт олган ITF туркумидаги турнирнинг биринчи даврасини ғалаба билан бошлади.

Мусобақанинг илк даврасида Сабина ҳиндистонлик Совжанье Бависеттига қарши баҳс олиб борди. Бир соату тўрт дақиқа давом этган ўйинда ҳамюртимиз 6:2, 6:3 ҳисобида зафар қучди.

Мазкур мусобақанинг иккинчи даврасида спортчимиз россиялик Вероника Кудерметова ҳамда ҳиндистонлик Наташа Палхо учрашуви ғолибига қарши кортга чиқади.

 

Таэквондочилар медаллари

Таэквондо (WIF) бўйича Анталия шаҳрида ўтказилган «Turkish Open-2016» халқаро турнирида умидли спортчиларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб қайтдилар.

Жумладан, ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда Мадинабону Маннопова ҳамда Светлана Осипова кумуш, Чарос Қаюмова, Нигора Турсунқулова ва Гўзал Норбобоева бронза медаль соҳибаси бўлдилар.

Катталар ўртасидаги мусобақаларда Никита Рафалович олтин, Жасур Бойқўзиев ва Максим Рафалович эса кумуш медалларга сазовор бўлишди.

 

Фахриддин НУРАЛИЕВ тайёрлади.

Саҳифа 1 - 19

Joomla