Tuesday, Mar 28th

Last update07:51:18 AM GMT

You are here:

ЕНГИЛМАС ИРОДА ВА МАТОНАТ

спортчиларимизни ғалабалар сари етакламоқда

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти асос солган уч босқичли спорт – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” ўйинларининг узоқни кўзлаб ташкил этилганлиги айни кунларда  ҳаёт ҳақиқатига айланиб улгурди. Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиадада алпларимиз қайд этган оламшумул натижалар шукуҳи хали аримасдан туриб паралимпиячиларимизнинг ҳам зафарли юришлари қалбларимизни яна қувончга тўлдирди.

Олимпия шаҳарчасида 8-сентябрь куни старт олган XV Паралимпия ўйинларининг илк куниданоқ спортчиларимиз нақд 8 та – 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди. Дзюдочимиз Шерзод Намозов илк олтин медални олиб берган бўлса, Ўткирбек Ниғматов жамоадошининг натижасини такрорлади. Ўша куни енгил атлетика баҳсларида Ҳусниддин Норбеков паралимпия рекордини янгилаб, мадҳиямиз садолари остида байроғимизни музаффар этди. Шунингдек, эркаклар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида сузишда Кирил Паньков кумуш медалига сазовор бўлди, худди шу йўналишда аёллар баҳсида Муслимахон Одилова ҳам терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

Шу пайтга қадар паралимпия ўйинларида бирорта ҳам олтин медаль қўлга киритилмагани ҳисобга олинса, мусобақанинг биринчи кунидаги кўтаринкилик ва шижоат кейинги кунларда байрамлару рекордларга уланиб кетди.

Мусобақанинг иккинчи куни спортчиларимиз делегациямиз ғазнасига учта бронза медалини тақдим этишди. 10 метрга ўқ отишда Сервер Ибрагимов, дзюдода Феруз Саидов ва Турсунпош­ша Нурметовалар шоҳсупадан жой олишди.

Паралимпия ўйинларининг энг қизғин палласи – учинчи кунига келиб эса вакилларимиз худди биринчи кундадагидек яна 8 та медални қўлга киритишди. Дастлаб дзюдочи полвонимиз Одил Тулендибоев барча рақибларини мутлақ ғалаба – иппон баҳоси билан мағлуб этиб, ўзбек курашчиларининг  асл қудратини исботлаган бўлса, яна бир полвонимиз Хайитжон Алимова кумуш медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Шуҳрат Бобоев, Ширин Шарипов ҳамда Гулруҳ Раҳимовалар бронза медали билан тақдирланишди. Эътиборлиси, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медали билан биринчи ўринни қўлга киритди. Умуман олганда, дзюдо спорт турида жами ўн бир нафар спортчимиз иштирок этган бўлса, улардан нақд ўнтаси совринли ўринларни банд этишди.

Ўша куни 200 метрга комплекс сузиш мусобақаларида ҳамюртимиз Фотимахон Амилова маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медаль билан кифояланган бўлса, Дониёр Солиев узунликка сакраш бўйича учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақаларнинг тўртинчи кунида матонатли спортчиларимиз бир йўла иккита олтин медалга сазовор бўлишди. 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича Фирдавсбек Мусабеков тенглар ичра тенгсиз бўлган бўлса, Фотимахон Амилова бу пайтга қадар 100 метрга баттерфляй ва 200 метрга комплекс усулида сузиш баҳсларида кумуш ва бронза медалларига эга чиққанди. Қайд этиш керак, Фотимахон ўша куни 100 метрга брасс усулида сузишда ўзининг том маънода енгилмас ирода соҳибаси эканлигини яққол намоён этиб, азалий орзуси – Паралимпия олтин медалини қўлга киритибгина қолмай, балки бу борадаги рекордни ҳам янгилаб қўйди.

5 кунлик якунларга кўра, тош кўтаришда Аҳрор Бозоров бронза медалига сазовор бўлган бўлса, 400 метрга эркин усулда сузишда Дмитрий Хорлин ҳам учинчи ўринни эгаллади.

14 сентябрь куни енгил атлетиканинг найза отиш йўналишида Александр Свечников 65,69 метр натижа билан Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади ва мусобақаларнинг олтин медалига сазовор бўлди. Шу билан бир қаторда енгил атлетиканинг аёллар ўртасида ядро улоқтириш мусобақасида иштирок этган София Бурханова 15,05 метрлик кўрсаткич билан мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди. Шунингдек, беллашувларнинг еттинчи куни Муслимахон Одилова XV Паралимпия ўйинларидаги ўзининг иккинчи кумуш медалини қўлга киритди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Муслимахон 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича кумуш медалига сазовор бўлганди. Бу сафар энди ҳамюртимиз 50 метрлик масофани эркин усулда 28 сония ичида сузиб ўтиб, яна бир кумуш медали соҳибасига айланди. Ушбу масофага эркин сузиш бўйича учинчи ўрин Шоҳсанам Тошпўлатовага насиб этиб, у делегациямиз ғазнасига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди. Бунгача эса Шоҳсанам 200 метрга комплекс усулида сузиш баҳсларида ҳам бронза медали билан тақдирланган эди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда эса 50 метрга эркин сузиш­да Музаффар Турсунхўжаев ҳам бронза медалига сазовор бўлди. Эътиборлиси, мазкур медаль Музаффар учун ҳам XV Паралимпия ўйинларидаги иккинчи бронза бўлди. У 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича ҳам бронза медали билан тақдирланган эди.

Енгил атлетиканинг ядро улоқтириш мусобақасида Ҳусниддин Норбеков бу сафар бронза билан кифояланди. Бунгача эса мусобақаларнинг биринчи куни Ҳусниддин диск улоқтириш баҳсларида рекорд ўрнатиб Паралимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлганди.

Энг муҳими ҳозирги пайтга келиб делегациямиз ҳисобида 7 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаллари мавжуд бўлиб, паралимпия­чиларимиз жами 30 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринни банд этиб туришибди. Бизнинг жамоамиз медаль жамғариш бўйича Осиё ва МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринда бормоқда.

Аслиддин АЛМАРДОНОВ

Joomla