Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

ЖАСОРАТ ВА МАТОНАТ ТИМСОЛЛАРИ

ўзбекистонлик паралимпиячилар эришган муваффақиятлар ана шундай юксак шарафга муносибдир

Бир умр эсдан чиқмайдиган воқеалар кинолентасидай кўз олдимиздан ҳамон ўтиб турибди:

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз Мус­тақиллигининг муборак 25 йиллиги нишонланишига саноқли кунлар қолган эди ўшанда. Куну тун интернету телеэкран, радио тўлқинларидан тортиб, кундалик нашрларгача “Рио – 2016” Олимпиадасини ёритиб турди. Дунёнинг манаман деган давлатлари вакиллари иштирок этган бу тенгсиз, муросасиз беллашувларда эндигина ўз истиқлолининг чорак асрлик тўйини ёруғ юз билан кутиб олаётган ўзбекистонлик олимпиадачиларнинг дунё аҳлини ҳайратга солгулик ғалабаларини эътироф этмоқ, таърифламоқ осон кечмади. Чунки, ушбу тарихий воқеа – Ўзбекис­тон спортидаги ўзига хос “бурилиш” нуқтаси бевосита мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ташаббуси, ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлаши туфайли содир бўлди, дейишга бугун бизда тўла асос бор. У ҳам бўлса, мустақиллик йилларида давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан эртанги кунимиз эгалари бўлган соғлом ва бақувват фарзандларни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мевасидир.

Олимпиадачиларимизнинг 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медаллари, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллаганлиги кўксимизни осмон қадар юксалтирди. Олис Бразилияда мустақил Ўзбекистонимизнинг байроғи сарбаланд бўлиб, давлатимиз мадҳияси янграганида... кўзларимиз севинч ёшларига тўлди. Кучли, енгилмас, жасур спортчиларимизни биз билан баб-баравар қўллаб-қувватлаб, “ўзбек”, “Ўзбекистон” дея мардона тан бериб ҳайқирган хорижлик мухлислар ҳаяжони юракларни жунбушга келтирди. Зеро, бизнинг ватандошларимиз жаҳон спорт ареналарида ҳам ҳақли равишда ҳеч кимдан кам эмаслик­ларини яна бир бор исботлади!

Орадан кўп вақт ўтмади: 8 сентябрдан бошлаб яна Бразилиянинг
Рио-де-Жанейро шаҳрида бошланган XV Паралимпия ўйинлари кундалигида бизнинг матонатли спортчиларимиз қўлга киритган зафарлар ҳақида хушхабарлар эшитдик.

Муболағасиз айтиш мумкин, тарихий 12 кун ўзларининг қадрдон, севимли Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига Паралимпия ўйинларида куч-қувват, ғалабалар тилаб турган миллионлаб ўзбекистонликлар учун унутилмас воқеаларга бой кечди.

Эслайлик, биринчи куннинг ўзидаёқ  3 та олтин медалга сазовор бўлиш кутилмаган рекорд эмасми? Енгил атлетикачимиз Нозимахон Қаюмова эришган ғалаба шарафига давлатимиз мадҳияси янграганида меҳмонларни-ку қўяверинг, мезбонлар ҳам қанчалар суюниб олқишлашди. Негаки, найза улоқтириш баҳсида фаол иштирок этган Нозимахон 44,58 натижа кўрсатиб,  жаҳон рекордини ўрнатди! Унинг асосий рақиблари ҳисобланган озарбайжонлик Ирода Алиева ҳамда австралиялик Наталия Эдер ҳар қанча уринишмасин, барибир ҳамюртимиз эришган натижага етишолмади.

Дзюдочиларимиз ҳақида эса ҳар қанча фахрга тўлиб сўзласак камлик қилади. XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси бокс турида барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаган эди. Паралимпиячилар орасида эса Ўзбекистон делегацияси спортнинг дзюдо тури бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга муносиб деб топилди – 3 та олтин, 1 та кумуш, 6 та бронза.

Улар ўн марта юксак саҳнага таклиф этилди, демак, ўн марта Ватанимиз байроғи баланд ҳилпиради. Шу ўринда яна бир қизиқ ҳолатга эътибор берайлик: илк марта Паралимпия ўйинларида қатнашган ўн нафар спортчимизнинг ҳаммаси совриндор бўлишди!

Энг қувончлиси, терма жамоамиз аъзолари 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаллари билан умумий 31 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 176 та давлат вакиллари орасида медаллар сифати бўйича 16-ўринни, сони бўйича эса 13-ўринни эгаллашди. Бундай натижа узоқ ва яқин ўтмишда ҳам бўлмагани ҳақиқат. Тасаввур қилинг, 32 нафар иштирокчи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоасининг 31 та медални қўлга киритиши кимнинг тушига кирган эди?!

Қуйидаги, эътироф этса арзийдиган ҳаётий далилларга эътибор беринг: бу спортчилар сонига нисбатан медаллар жамғариш борасида Ўзбекистон делегацияси 96,8 фоиз натижа кўрсатиб, XV Паралимпия ўйинларида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди. Шунингдек, юртимиз паралимпиячилари Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, МДҲда Украинадан сўнг иккинчи, Осиёда Хитой ва Эрондан сўнг учинчи ўринни эгаллади.

Умуман олганда, бизнинг спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Таъкидлаш керакки, шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар натижаси бўйича бундай кўрсаткичга эришмаган.

Куни кеча матбуотда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев имзолаган Фармойишда паралимпиячиларимизнинг “муносиб иштироки, жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшганлиги”га алоҳида урғу берилганлиги бежизмас. Аслида Ватан, халқ ва миллат тимсолини белгилайдиган жиҳатлар дунёда кам. Лекин спортнинг бу борада етакчи кучга айланганлигини биз ўз олимпиадачи ва паралимпиячиларимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз. Демак, қаерда-ки, инсон тақдирига муносабат азалий анъаналарга мос тарзда шаклланган, фуқароларнинг яшаш, ишлаш, таълим-тарбия олиши учун тинч, осойишта ҳаёт тарзи яратилган бўлса, шу ерда эртанги кунга ишонч ва рағбат мустаҳкам бўлади. Айнан ана шундай омилларгина бизларни дунё миқёсидаги нуфузимизни янада оширишга хизмат қилаверади. Бу эса диёримизда спортга берилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг амалдаги намунасидир.

Ана шундай улкан ва тарихий ғалабалар билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Норқобил ЖАЛИЛОВ

Joomla