Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

АВВАЛГИЛАРДАН ФАРҚЛИ тадбирлар энди кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” номли учинчи устувор йўналиши ҳукуматимиз, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда янада қулай, эркин ишбилармонлик муҳитини яратиш борасидаги асосий мақсад ва интилишларини ўзида мужассам этган. Мазкур муҳим йўналиш соҳада мутлақо янги босқични бошлаб бераётгани яққол кўзга ташланаяпти. Бинобарин, партиямиз хусусий бизнес вакиллари орасига янада чуқурроқ кириб бориш, уларни ўйлантираётган масалаларни теранроқ таҳлил қилиш, соҳадаги камчилик­ларни жадаллик билан ҳал этишга қаратилган тизимли ишларга киришган.

Яқинда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши  томонидан ўтказилган “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” номли давра суҳбати ҳам ушбу йўналишда навбатдаги қадамдир.
Аввало шуни эътироф этиш керакки, айниқса, партиянинг пойтахт ташкилоти уюштираётган тадбирлар шакл ва мазмун жиҳатдан тобора такомиллашиб, том маънодаги очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари тусини олаяпти. Сир эмас, илгари шу сингари айрим йиғилишларда бир неча киши кетма-кет маъруза қилар, қолганлар эса фақат тинглашарди. Устига-устак ана шу чиқишларда тадбиркорларни ташвишлантираётган ўткир, долзарб муаммолар деярли тилга олинмасди. Кейинги ойларда ташкиллаштирилаётган тадбирларда эса савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилаяпти, иштирокчиларнинг эътирозлари, таклиф-тавсиялари эшитилаяпти, муҳокама қилинаяпти. Айтилган муаммолар ўша заҳоти тегишли идоралар ҳамда партия шаҳар ташкилоти, депутатлар назоратига олинаяпти. Бу галги мулоқот ҳам қизғин, конструктив руҳда ўтди, бошқача айтганда, тўла-тўкис хусусий сектор вакиллари манфаатига хизмат қилди.
Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров қайд этиб ўтганидек, ўтган йили пойтахтимизда 7492 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил топган. Аммо улардан 4285 таси тугатилган. Бу рақамлар, гарчи юртимизда хусусий бизнес учун ғоят қулай шарт-шароит яратилган бўлса-да, тадбиркорларнинг билим ва кўникмалари етарли эмаслигидан, шунингдек, ишбилармонлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга оид ёндашувлар, услублар яхши самара бермаётганидан далолат бераяпти.
Албатта, партия шунчаки кузатувчи бўлиб қолаётгани йўқ. Хусусан, O`zLiDeP шаҳар ва туманлар ташкилотлари қошида тугатилган ва вақтинча фаолият кўрсатмаётган  тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилган. Улар томонидан мунтазам равишда учрашувлар, семинарлар ҳам ўтказилаяпти. Бунинг натижасида туман ҳокимликлари билан биргаликда 52 та хусусий фирма фаолияти қайта тиклангани эътиборга молик.
Мулоқот чоғида ишбилармонлар ўзларини қийнаётган саволлар билан бевосита мутасаддиларга мурожаат этдилар. Масалан, Дилбар Тоштемирова эски нов­войхонани тўлиқ қайта таъмирлаб, эндигина иш бошлаганида Юнусобод туман ҳокимлиги уни бузмоқчи бўлаётганидан шикоят қилди. Саидафзал Исломов арзонлаштирилган дори-дармонларнинг айримлари илгари қимматга олингани, уларни тугагунга қадар эски нархларда сотиш имконияти бор-йўқлиги билан қизиқди. Бобуржон Расулов газ, электр ҳисоб­лагичлари ҳар 3-4 йилда янги русумдагиларига алмаштирилиши (бу жараёнга ишбилармон муайян вақт, куч ва маблағ сарфлайди) мантиқий, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатлардан қанчалик асосли экани унда шубҳа туғдираётганини айтди. Давлат идоралари масъул ходимлари шу сингари қирққа яқин саволга баҳоли қудрат жавоб қайтардилар, айрим муаммоларни ўз раҳбарларига етказишга, уларга албатта ечим топишга ваъда бердилар.
Тадбиркорлар синчиклаб ўрганиб чиқишга, амалга татбиқ қилишга арзийдиган талайгина таклифларни ҳам ўртага ташладилар. Хусусий фирманинг юридик манзилини расмийлаштириш тартибларини ҳамда банкдан кредит олиш жараёнини соддалаштириш, тегишли ташкилотларда, жумладан, уларнинг веб-сайтларида ижарага бериладиган бино, иншоотлар ҳақидаги маълумотларнинг мутлақо қайд этилмаганлик ҳолатига барҳам бериш тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар ҳам шулар жумласидан. Таклифлар яқин орада меъёрий ҳужжатларда ўз ифодасини топса, ажаб эмас. Зеро, шу кунларда партия Тошкент шаҳар ташкилотидаги сафдошларимиз ва депутатлар мазкур таклифларни парламентдаги фракциямиз аъзолари эътиборига ҳавола қилиш ҳаракатида.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla