Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ТАДБИРКОРЛИК ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА имконият ва кафолат

Шу йилнинг 5 майида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида” ги фармоннинг қабул қилиниши, таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиётида етакчи кучга айланиб бораётган соҳа – тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янги сифат даражасига олиб чиқишга хизмат қилувчи ўзига хос тузилманинг шаклланишига асос бўлади.

Ушбу муҳим ҳужжат моҳиятан нисбатан қисқа вақт орасида юртимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган тизимли, кенг қамровли институционал ўзгаришларга навбатдаги муҳим қадамдир.

 

Бу каби жиддий ўзгаришлар хусусида сўз юритганда, албатта Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракатини, ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли қадамлар (Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривож­ланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, ушбу йўналишда  мамлакат қонунчилигига киритилган бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар), давлат идораларининг тадбиркорлик соҳасига яқиндан ёрдам беришини таъминлашга қаратилган ташкилий тадбирларнинг амалга оширилиши (ҳокимларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривож­лантириш давлат қўмитасининг ташкил этилиши ва бошқалар) ни ҳаётий мисоллар орқали санаб ўтиш лозим.

 

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ва дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётган туб ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органлари ходимлари билан бўлган учрашувда ушбу тизим вакиллари зиммасида турган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳия­тида ҳам республикамизда тадбиркорлик, ишбилармонликка бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни яққол кўриш мумкин.

 

Айтиш мумкинки, бугунги кунда мамлакат миқёсида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, фуқароларимизнинг ушбу истиқболли соҳага фаол кириб боришлари учун кенг имкониятлар яратиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли жуда қисқа муддат ичида тадбиркорлик ташаббускорлиги учун мутлақо янги майдон, янгича муҳит шаклланди. Буни нафақат юртдошларимиз, балки бугун Ўзбекистондаги янгича услубдаги ишбилармонлик муҳитини кузатиб турган халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари ҳам таъкидлаётгани айни ҳақиқат.

 

Албатта, юртимизда давлат аҳамиятига молик масала сифатида тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Шу ўринда Юртбошимизнинг ушбу фикрларини келтириб ўтиш ўринли: “Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

 

Биз юқорида тилга олаётган фармон йил сайин ривожланиб, катта тараққиёт йўлига чиқаётган, эртаси истиқболли бўлган тадбиркор ва ишбилармонларимиз ҳимоясини янги бир сифат даражасига олиб чиқишига шубҳа йўқ.

 

Бу фикрни асослаш учун Бизнес омбудсман деган ном остида машҳур бўлган институт фаолиятига оид дунё тажрибасига назар ташлаш ва унинг ваколатлар доирасини таҳлил қилишнинг ўзи кифоя қилади.

 

Аввало, шуни айтиб ўтиш лозимки, Бизнес омбудсман институти аксарият ривожланган иқтисодиётга эга бўлган дунёнинг етакчи демократик давлатларида қўлланилаётган илғор механизмлардан бири ҳисобланади. Ушбу институтнинг, масалан, АҚШ, Канада, Франция, Испания, Австралия каби давлатларда, ёки Ҳамдўстлик давлатларидан Россияда фаолият юритаётганлигини кўришимиз мумкин.

 

Тўғри, бир қарашда ҳали Бизнес омбудсман институтини ўзида жорий эта олган давлатлар сони унчалик кўп эмаслигини, айниқса, МДҲ мамлакатларида улар қарийб ҳали шаклланиб улгурмаганлигини айтиш мумкин.

 

Албатта, айримлар бунинг асл сабабини омбудсман институтига ёндашувда турли концепциялар мавжудлиги билан боғлаши  ҳам мумкин. Лекин, таҳлиллардан шу нарса аён бўляптики, барча мамлакатларда ҳам давлат маҳкамалари, айниқса назорат қилувчи идоралар бундай органнинг вужудга келишини “қучоқ очиб” кутиб олавермайди, аксинча бу жараённи орқага суришга ҳаракат қилади. Чунки бу институт тўлақонли ишлаётган жойда, кеча бизнес-тузилмалар билан, уларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмасдан, мазкур соҳага  тегишли ҳар қандай катта-кичик масалаларни ўз ихтиёрида бўлган маъмурий воситалар орқали ҳал қилиб келган идоралар эндиликда улар билан мавжуд қонунлар доирасида иш юритишга мажбур бўлади.

 

Бугун бизнес соҳаси вакиллари, жумладан, тадбиркорларни ҳам қизиқтираётган, айтиш мумкинки, жиддий ўйлантираётган энг асосий масала ҳам аслида шу: улар билан қонун доирасида иш олиб борилса, қонуний манфаатларини бузишмаса бас.

 

Эндиликда юртимизда ўз фаолиятини бошлаётган Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти олдига Президентимиз фармони билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакл­лантириш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш, давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан жиддий назоратни амалга ошириш каби ҳаётий, долзарб вазифаларнинг қўйилганлиги моҳиятида ҳам айнан шундай ёндашув турганлигини тушуниш қи­йин эмас.

 

Бир нарса аниқки, мазкур ҳужжат барча ваколатли идоралар зиммасига нафақат тадбиркорлик субъектларига тўсқинлик қилиш, халақит бермаслик, балки унинг ривожига барча имкониятларни ишга солган ҳолда, ишонч билан кўмак беришни таъминлашдек муҳим вазифани юклайди.

 

Шу ўринда Президентимизнинг ушбу фармонида моҳиятан “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган асосий тамойиллардан бирининг бу сафар тадбиркорларга нисбатан қўлланилганлигининг амалий исботини кўриш мумкин.

 

Ва яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: янги орган тузилиши билан илгари бизнес тузилмалар манфаатларини  қонуний ҳимоя қилиши лозим бўлган идораларнинг ваколатлари ўзгармайди. Улар ўз ваколатлари доирасида фаолиятларини яна изчил давом эттираверади, Бизнес омбудсман тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш борасида қўшимча кафолат тизими сифатида фаолият юритади.

 

Хорижий давлатлар тажрибаси аксарият ҳолларда бизнес тузилмалар ваколатли идоралардан ўз муаммосига ечим топа олмаганидан кейин, яъни, энг мураккаб вазиятларда Бизнес омбудсманга мурожаат қилишларини кўрсатади. Шунинг ўзиёқ бу тизимнинг масъуллик даражасини аниқ кўрсатиб турибди.

 

Албатта, бундай эзгу мақсадни амалга оширишда янги органнинг қандай ташкилий тузилмага эга бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга. Шу ўринда Бизнес омбудсманнинг, масалан, АҚШда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш Агентлиги, Францияда иқтисодиёт ва бюджет вазирлиги, Испанияда савдо-саноат палатаси қошида тузилганлигини ва уларга ҳисобдор эканлигини кўриш мумкин.

 

Мамлакатимизда иш бошлаётган ушбу органнинг бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тузилаётганлиги унинг ижро хокимияти органларидан мутлақо мустақил равишда иш юритишига, демакки, ўз фаолият дои­раси бўйича ҳеч кимга тобе бўлмасдан, уни объектив тарзда иш юритишига тўлиқ асос яратилганлигини англаш мумкин. Бу эса аввал бошиданоқ янги органнинг ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаришга қодир ташкилот сифатида оёққа туришида муҳим асос бўлиб хизмат қилишини исботлайди.

 

Фармонда алоҳида белгилаб қўйилганидек, “Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахс­ларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир”.

 

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистонда, МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб бундай институт жорий этилаётганлиги ва унга кенг ваколатлар берилаётганлигидир.  Фармондан ўрин олган ваколатлар миқёси кенг. Уларнинг ҳар бири тадбиркорлар томонидан  кўпдан бери кутилган мутлақо янги реал ҳимоя механизмларини амалиётга киритмоқда.

 

Масалан, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахс­ларини огоҳлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқларининг берилиши тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда қонунчилигимизда мутлақо янги воситалардир.

 

Айниқса, вакилга тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш ваколатининг берилишини тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини изоҳлашнинг зарурати бўлмаса керак.

 

Албатта, Президент ҳузурида тузилаётган ташкилотнинг айнан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда бундай ваколатларга эга бўлиши том маънода бугун ўзбек тадбиркори, қолаверса, юртимизда фаолият юритаётган бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам ниҳоятда кучли ҳимоячига эга бўлганлигидан далолат беради.

 

Албатта, тадбиркорлар ва ишбилармонларни ўзининг ижтимоий таянчи деб ҳисоблайдиган, қолаверса, уларнинг номидан сиёсий саҳнада фаолият олиб бораётган O‘zLiDeP учун бундай институтнинг фаолият бошлаётгани айни муддао бўлди.

 

Ташкилотларимиз олдида турган мақсадлардаги муштараклик келажакда яқин ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил олдига қўйилган тадбиркорликка оид қонунчилик базасини такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш жараёнида, қолаверса, тадбиркорлар билан яқин муносабатларни шакллантиришда ва  фуқаролик жамияти институтларини Вакил олдида турган вазифаларни амалга ошириш ишига кенг жалб қилишда партия албатта яқин ҳамкорликни амалга оширади.






Норқобил
ЖАЛИЛОВ

Joomla