Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР

Хоразм

ОЛМАЛАР ЭКСПОРТГА

Пойтахтимизда бўлиб ўтган I Халқаро мева-саб­завот ярмаркасида ўнлаб нуфузли мамлакатларнинг ишбилармон доиралари қатнашгани нур устига нур бўлди. Ярмарка доирасида мева-саб­завотларни қайта ишлаш, мева сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва экспортга йўналтириш борасида билим оширдик.

Фермер хўжалигимиз олма етиштиришга мўлжалланган. Ўтган йил олма сотишдан 5 миллион сўм соф фойда олган эдик, бу йил кўрсаткич уч баробар ортди. Чунки “Ҳазорасп – Турон” масъулияти чекланган жамияти орқали асосий ҳосилимизни хорижга экспорт қилдик.

Янги йилда мева сақлаш самарадорлигини ошириш учун замонавий совутгич камераси қуриш ва мевани қайта ишлаш корхонаси бунёд этиш ниятидамиз. Бу йўналишда ярмаркада ҳамфикр бўлганимиз – хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш айни муддаодир.

Ҳусан ОЛЛОБЕРГАНОВ,

Ҳазорасп туманидаги “Ҳасан – Ҳусан”

фермер хўжалиги раиси

СОҲА РИВОЖИ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида иқтисодиётимизни модернизация ва диверсификация қилиш, халқ хўжалигининг барча тармоқларини ривожлантириш билан боғлиқ устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, балиқчилик равнақи аҳолининг табиий ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлашнинг муҳим манбаи экани таъкидланди.

Вилоятимизда ҳам бу тармоқ ривожига кенг йўл очилмоқда. Мавжуд балиқчилик хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, банк кредити ажратиш борасидаги оқилона тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Жамоамиз ҳам 1 минг 595 гектар сув ҳавзасида карп, дўнгпешона, оқ амур каби балиқ турларини етиштирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 806 тонна парҳез маҳсулот етказиб бердик.

Ибодулла МАҲМУДОВ,

“Хоразмбалиқ” масъулияти чекланган
жамияти раиси

Самарқанд

ЯНГИ ОДИМЛАРДАН ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАРГА

“Самарқандкимё” акциядорлик жамиятида қишлоқ хўжалиги учун нитрафос ва нитрофоска маданли ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу икки маҳсулот тупроқни минераллар билан озиқлантириш ҳамда юмшатиш орқали унумдорликни янада оширишга хизмат қилади.

– Ўтган йили хитойликлар билан ҳамкорликда “Samarqand NPK” қўшма корхонаси ташкил этилган эди, – дейди “Самарқандкимё” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нурали Раҳимов. – Натижада йилига 240 миллион тонна моноаммонийфосфат – мураккаб минерал ўғит ишлаб чиқариш имкони туғилди.

Таъкидлаш керак, Сингапур давлатидан “Indorama Corporation Pt. Ltd.” компанияси ва “Самарқандкимё” акция­дорлик жамияти ўртасида инвестиция киритиш бўйича меморандум имзоланди. Унга мувофиқ “Самарқандкимё” АЖ ҳудудида бешта кўшма корхона ташкил этилади. Жумладан, ҳозирда фаолият юритаётган “Samarkand NPK” фаолияти янада кенгайтирилади, кислород ва суюқ азот, аммоний фосфат, моноаммоний фосфат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада  яна беш мингта иш ўрни яратилади.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“ХХI asr”мухбири

МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИ

Иштихон туманидаги “Омонбой Фармонов” фермер хўжалиги бошлиғи Мастура Ўроқова деҳқончиликда эришган натижалари билан

эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган.

– Мактабни ҳам, олий ўқув юртини ҳам имтиёзли равишда тугатганман, – дейди Мастура опа. – Ўшанда олдимда икки йўл турарди: ё  шаҳарда қолиб, бирор нуфузли идорада ишлаш ёки қишлоғимга қайтиб, меҳнат қилиш. Мен иккинчи йўлни танладим ва уйга қайтиб, деҳқончилик билан астойдил шуғуллана бошладим. Баъзан кечалари ҳам даламни қўмсаб қолардим. Шунда турмуш ўртоғим билан экинларни оралаб келардик. Ерга меҳр ва ўз вақтида амалга оширилган агротехник ишловлар туфайли ҳосилдорлик ортиб борди. Шу боис хўжалигимиз ихтиёрига қўшимча экин майдони қўшиб берилди. Эндиликда 104 гектардан зиёдроқ майдонда деҳқончилик қилаяпмиз.

Мастура опа аёл боши билан деҳқончиликнинг барча қийинчиликларини мардонавор енгиб, ҳар йили пахта ва ғалла режасини ортиғи билан уддаламоқда. Бу фермер хўжалигининг иқтисодий аҳволини янада мустаҳкамлаш ва ишчилар моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Ўз мухбиримиз

Қашқадарё

ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАЯПТИ

Қашқадарё вилоятида барқарор меҳнат бозори ривожлантирилгани жорий йилнинг тўққиз ойида 70 минг 245 нафар  аҳоли бандлиги таъминланишига замин яратди. Энг муҳими, мазкур иш жойларининг 74,2 фоизи қишлоқларда ташкил этилди.

– Аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурига кўра жорий йилнинг октябригача туман ва шаҳар Бандликка кўмаклашувчи марказлари томонидан 14 минг 752 нафар фуқаро рўйхатга олиниб, уларнинг 13 минг 853 нафари ишга жойлаштирилди, – дейди вилоят Меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Абдурауф Қодиров. – Шунингдек, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 2 минг 463 нафар ёшлар ва хотин-қизларнинг фойдали меҳнат билан шуғулланишига имконият яратилди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Joomla