Tuesday, Mar 28th

Last update07:51:18 AM GMT

You are here:

Қулай бизнес муҳити

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида бўлганидек, бугун озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, қўлга киритилаётган салмоқли ютуқлар  ҳақида ҳар қанча фахр билан гапирса арзийди. Хусусан, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашдан тортиб, уларни истеъмолчиларга сифатли етказиб беришгача бўлган жараёнлар дунё андозалари даражасида ташкил этилаётганлиги эътиборга моликдир. Соҳани босқичма-босқич ислоҳ қилиш, жойларда қулай бизнес муҳитини шакллантириш ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш ҳажми ошиб, дастурхонларимиз тўкинчилиги таъминланмоқда.

Сирасини айтганда, айни ҳолат O`zLiDePнинг дастурий мақсадларига тўла мосдир. Бу ҳақда сўз юритганда, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2015 йил 13 февралдаги  «O‘zLiDeP ҳудудий тузилмалари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан 2015 йилда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган янги инвестицион лойиҳалар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури ижроси устидан партиявий ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш тўғрисида»ги қарорини алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз. Андижонлик фаоллар ҳам ушбу қарорда ўртага қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, бугун аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан ички манбалар ҳисобидан қопланмоқда. Бу янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини тубдан модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси, албатта.

Шаҳрихон туманидаги «Mega Gold Milk» масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлаганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Сутни қайта ишлашга ихтисослашган мазкур корхона яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли тез орада ўз қаддини тиклаб олди. Айни пайтда бу ерда қаймоқ, пишлоқ, қатиқ каби бир неча турдаги маҳсулотлар тайёрланиб, қадоқланган ҳолда истеъмолчиларга етказиб берилаяпти. Кундалик маблағ айланмаси ҳам чакки эмас.

Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда «Ҳамкорбанк» туман бўлими яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Жумладан, банкнинг 450 миллион сўмлик узоқ муддатли маблағи ҳисобига Хитойдан замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Корхона ҳузурида чорвачилик ҳам йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 63 бош зотдор қорамол парваришланмоқда.

—  Мамлакатимиз Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Унда эркин меҳнат фаолияти учун қулай шароит ва имтиёзлар яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бундай ғамҳўрликдан руҳланиб, келгусида маҳсулот ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштираяпмиз, — дейди «Mega Gold Milk» МЧЖ раҳбари Муродилло Юсупов.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Қодиржон Мусаев ҳам озиқ-овқат саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлардан биридир. У қишлоқ фермерлари билан ҳамкорликни кенгайтириб, юқори сифатли маҳсулот тайёрлаш, иқтисодий манфаатдорликни ошириш, турли муаммоларни ҳал этиш йўлида куч-ғайратини аямаяпти. Шу боис ҳам депутат, ҳам тадбиркор сифатида кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонмоқда.

Эльмира РАҲМОНОВА,

«XXI asr»

Joomla