Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир

Деҳқоннинг КОСАСИ қачон ОҚАРАДИ?

Деҳқоннинг КОСАСИ қачон ОҚАРАДИ?

Ҳақли савол, тўғрими, лекин жавоб топиш осон, деб ўйлайсизми?

...2018 йил бошлари, баҳорнинг илк ойларида эсланг: пойтахт маҳаллаларида аҳолига текинга пиёз тарқатилди! Биров икки қоп, улгурган беш-олти қопгача олволди. Майли-да, бепул пиёз қоринни оғритмас, ахир. Ана шунда айрим билгичлар бу кетишда пиёз қимматлашади-ёв, ўтган йили захирага роса йиғилганди, пиёзни узоқ муддат сақлаш мушкул, шунинг учун бу йил аччиқ нарса экан деҳқоннинг қўли пул кўрса керак, деган башоратларни айтганиям бор гап. Лекин...

Баҳор охири, ёз бошида энди янги пиёз чиқа бошлаган кезлари Сурхондарёда бу ажойиб маҳсулотнинг бозори касод бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто айрим нафси ҳакалак отган даллоллар пиёзнинг бир килограммини сувтекинга, 300-200-100 сўмгача нархлашганини эшитиб...бечора деҳқон яна меҳнатига куйибди-да, деган аламли  ўйлар кўнгилдан кечгани рост, ўшанда.

Орадан кўп вақт ўтмади. Бир ёқда кузу-қишда фалон сўмга чиқиб кетган картошка нархи, хайриятки, арзонлашди, гўшт баҳоси кутилганидек, осмонга сапчиди ва...бир ёқда эса машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган пиёз ва саримсоқпиёзнинг нарх-навоси кутилмаганда сунъий равишда пасайди! Ўтган йили супермаркетда 10-15 минг, бозорларда 5-8 минг сўм атрофида бўлган саримсоқ нархи бу йил нега рекорд даражада тушиб кетди? Пиёз-чи? Демак, экспортчиларга худо берибди-да, унда нега жойларда, сиз маҳсулотни териб тайёрлаб қўйинг, оладиган биз-да, дея қоп-қоп ваъдани берганлар, ҳатто шартнома тузишга улгурганлар ҳам изсиз кетди?  Маҳсулотлар эса аста-секин чириб, истеъмол қилишга яроқсиз аҳволга тушаётир. Яна ким куяди. Албатта, деҳқон-да!

Хўш, пайкал бошига бориб, бир дунё ваъдаларни бериб, кейин лафзсизлик қилганлар-чи, улар яна сувдан қуруқ чиқиб кетаверадими? Бугун ана шундай аччиқ, аламли саволларга мамлакатимизнинг Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидан мухбирларимиз тайёрлаган репортаж-лавҳалар ёрдамида жавоб излаб кўрайлик-чи:

 “Сиз сўраманг, мен айтмай...”

...Неъматилла Қозоқов Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Тинчлик маҳалласида яшайди. Умри далада ўтган бу камтарин, камсуқум инсонни ҳамқишлоқлари ер тилини биладиган, миришкор деҳқон сифатида танийди, ҳурмат қилади. Неъматилла ака бундан ўн-ўн икки йиллар муқаддам сабзавотчиликка ихтисослашган “Қозоқбой – Учтепа” фермер хўжалигини ташкил этиб, қаровидаги 8 гектар ерга пиёз, картошка, саримсоқпиёз каби экинларни экиб, ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил етиштириб келарди. Пенсияга чиққандан бери хўжаликни ўғли Алишер юритяпти. Неъматилла ака “нафақадаман” деб ўтирадиганлар эмас. Ёши етмишга қараб бораётганига қарамай, ҳали ҳам далада, фарзандларига бош-қош, экинзорларни айланади, маслаҳат беради, вақти келса койиб-тергайди... Қисқаси, рўзғори бутлиги, эл-юрт дастурхони тўкинлиги йўлида тиним билмайди. Уни қидирган одам албатта даласидан топади. Биз ҳам пайкал бошида учратдик. Неъматилла ака биринчи экиндан бўшаган ерга экилган ловияларга сув тараётган экан. Ям-яшил ловиязор ёнидаги майдонлар эса ҳайдаб қўйилганича турибди.

– Бу ерлар экилмабдими? – сўраймиз уста деҳқондан.

– Бу пайкалга сентябрдан кузги экин экамиз, – дейди Неъматилла ака.

 – Биринчи экинга нима эккандинглар, ҳосил яхши бўлдими, ишқилиб? – дея қизиқамиз.

Неъматилла аканинг ранги бироз ўзгариб, пешонаси тиришади:

– Саримсоқ билан пиёз эккандик... Буёғини энди... меҳмон... сиз сўраманг, мен айтмай...

– Нима бўлди?

– Агрофирма билан 6 гектар ернинг ҳар гектаридан 6 тоннадан саримсоқ етказиб бериш бўйича шартнома тузиб, бутун оила аъзоларимиз билан қаттиқ ишладик, – дейди Неъматилла ака. – Ҳайдов, ўғит, химикат дегандек, икки юз миллион сўмга яқин харажат қилдик. Ўнинчи июнда ҳосилни йиғиштириб бўлдик. Ҳозир нақд 100 тонна саримсоқ бор.

– Оҳ-ҳо, зўр-ку!

– Зўрликка зўр. Лекин... бир ойдирки, ўшанча саримсоқпиёз бир кило ҳам сотилмасдан омборни банд қилиб турибди.

– Нега?

– Харидор йўқ.

– Наҳотки?

– Шунақа. Тўғри, олибсотар, ўртакашлар сероб. Килосига 800, нари борса минг сўмга сўрайди. Энди ўзингиз айтинг, бизга бир кило саримсоқ етиштириш 3200 сўмдан тушган бўлса, қандай қилиб минг сўмга сотай?

Бу... Агрофирма билан шартнома тузганмиз, дедингиз-ку?

 – Тузишга тузганмиз. Аммо бўнак пулини беришмаган. “Харидор излаяпмиз, топамиз” дейишдан нари ўтишмаяпти. Битта мен бўлсам кошки эди... Ишонсангиз, саксон фоиз аҳоли – деҳқон хўжаликлари, томорқачиларнинг ҳаммаси раҳбарларнинг “Қанча кўп экса­ларинг, шунча яхши, тегишли ташкилотлар билан шартномамиз бор, бу йил саримсоқ пул бўлади”, деган гапига ишонганди. Худди шу усулда Хўжаобод туманида ҳам аллақанча майдонга гулкарам эктиришганди. Ҳосил пишганда берган ваъдалари эсларидан чиқди. Мана энди улар ҳам, биз ҳам тайёр ҳосилни сотолмай, диққатимиз ошиб ўтирибмиз. Тошкентга ҳам мурожаат қилдик. “Экспортёрларни жўнатамиз, чеснокни олади”, деб кетишди. Шунга ҳам бир неча кун бўлди. Жим-житлик... Кун ўтяпти. Саримсоқ шундай нарсаки, кўп турса кўклашга тушади, ғозиниям, сифатиниям йўқотади...

 – Катта сиғимли холодильник-омборлар бор дейишади-ку? Ўша ерга топширсаларинг бўлмайдими?

 – “Айниб қолади”, деб олмаяпти. Қолаверса, бу омборлар маҳсулотни сақлаб бергани учун ҳар ой килосига 50 сўмдан хизмат ҳақи талаб қилади. Шунча харажатнинг устига яна харажат деса, юрак қурғур бетламаяпти, рос­ти...

  Ўзинг учун ўл етим

 – Булоқбошидаги сиз кўрган худди ўша муаммо бизда ҳам бор, – дейди Поп туманининг Санг қишлоғида яшовчи Роҳатали Абдуллаев. – Саримсоқни экишга экиб, йил бўйи тер тўкиб ишлаб, бор-будимизни сарфлаб... мана, энди чув тушиб ўтирибмиз.

 – Сотолмадингизми?

 – Сотишга сотдим. Пўчоқ баҳосида. Қилган харажатларимнинг ярмини ҳам қопламади. Далада қолаверсин, десам... ерни бўшатиб, бошқа экин экиш керак. Битта ноинсоф дўппи тор келганидан фойдаланиб, ярим гектар ердаги бўлган-битган саримсоқни бор-йўғи 5 миллион сўмга “уриб” кетди. Нақд тўрт миллион сўм зарар кўрдим.

– Харажатлар шунчалар каттами?

– Каттаки, асти қўяверасиз! Бир сотих ерни ҳайдатиш 8-10 минг сўмга тушади. Бир қоп аммофос 280 минг сўм, карбамид 150 минг сўм... Деҳқонлар “шакар” дори деб атайдиган, ўтган йили қопи 30-32 минг сўмдан сотилган энг кучсиз нитрафос деган ўғитнинг ҳам қопи 100 минг сўм! Ўтга, ҳашоратга, турли касалликларга қарши химикатларнинг литри 380-400 минг сўмгача... Айтинг энди, шу шароитда деҳқоннинг косаси оқарадими, барака топадими? Битта саримсоқдан зиён кўрсак кошкийди. Бошқа экинлардан ҳам фойда олаётганимиз йўқ.

Сўзим қуруқ бўлмаслиги учун ярим гектар ерга экилган оддий пиёз харажатларини сизга ҳисоб-китоб қилиб берай: деҳқон хўжалигим ери ярим гектар. Унга саримсоқ экканман. Бир фермердан яна ярим гектар ерни 2 миллион сўмга сотиб олиб, пиёз экдим. Килоси 150 минг сўмдан 7 килограмм уруғ кетди, шунинг ўзи 1 миллион 50 минг сўмми? Ер ҳайдатиш, очар олишга 600 минг сўм сарфладим. Куз-баҳор бўлиб, икки-уч марта бегона ўтга, ҳашаротга химикат сепдим. Бунга ҳам 1 миллион сўм сарфладим. Йигирмата аёлни ёллаб уч марта ўтатдим – 1 миллион 200 минг сўм. Занг касаллигига қарши 200 минг сўмлик дори сепдим. Хуллас, шу ярим гектар ерда пиёз етиштириш учун жами 7 миллион 250 минг сўм сарфладим. 16 тонна пиёз олиб, ўртакаш-олибсотарларга килосини 370 сўмдан сотдим. 5 миллион 920 минг сўм пул бўлди. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг... Беш-олти ой тиним билмай ишлаб, бор-будимни сарфлаб, аканг қарағай 1 миллион 330 минг зарар кўриб ўтирибман. Мендақалар қиш­лоқда сон мингта. Ҳатто саримсоқ майдонларини ҳосил-посили билан ҳайдатиб ташлаганлар бўлди. Одамлар такрорий экин экиш учун ер олишдан безиллаб қолди. Меҳнатни қилиб-қилиб, бор-будини сарфлаб зарар кўришга кимнинг ҳам тоқати бор дейсиз?

 – Бу муаммолардан туман, вилоят раҳбарлари хабардорми?

 – Улар даламизга келмайди ҳам, танимаймиз ҳам. Идорама-идора юришга эса бизнинг вақтимиз ҳам, тоби-тоқатимиз ҳам йўқ, – дейди Роҳатали.

 – Президентимиз деҳқон ва томорқа хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда, қарорлар қабул қилмоқда, – дейди марғизорлик боғбон Ҳайдарали Олимов. – Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга так­рорий экинлар экиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишланган ведиоселектор йиғилишида ҳам шу ҳақда жон куйдириб гапирди, ишни ташкил қилолмаган баъзи туманлар сектор раҳбарлари лавозимларидан олиб ташланди. Республикамизда 161 та “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилиб, жуда катта маблағ ажратилди. Президентимиз ўша йиғилишда “Томорқадан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича яратилган тизим натижа бериши шарт. Биз буни аҳоли турмуш шароитининг ўзгариши ва ички бозордаги нарх-наво билан баҳолаймиз. Барча раҳбарлар яхши тушуниб олиши керак. Томорқа бу – аҳолининг бандлиги, даромад манбаидир”, дея алоҳида таъкидлади. “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан деҳқонларга уруғлик, ёнилғи, минерал ўғитлар етказиб берилишини алоҳида назоратга олиши даркорлигини уқтириб ўтди. Аммо деҳқонлар, томорқачилар, боғбонлар ҳали-ҳануз “ўзинг учун ўл етим” қабилида ўз ёғимизга ўзимиз қовурилиб ётибмиз. “Қандай муаммонг бор, ниманинг ташвишидасан, биздан нима хизмат?” дейдиган одамнинг ўзи йўқ.

 Саволлар бисёр, жавоблар эса...

 Тўрақўрғон туманида “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилганига уч ойдан ошаётганига қарамай, ҳанузгача идораси йўқ.

 – Ташкилотимизга ер ва бино ажратишини сўраб, туман ҳокими номига ариза ёзганимга ҳам икки ой бўлди, – дейди корхона раҳбари Аҳмаджон Иброҳимов. – Натижа чиқмаяпти. Уч ойдан бери битта агрофирмани шартнома бўйича олиб, баҳоли қудрат ишлаб турибмиз.

 – Томорқачилар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш ва экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилганми? Шу кунгача туман миқёсида қанча озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинди? – саволга тутамиз ташкилот раҳбарини.

 – Деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар билан шартномаларни... очиғи... тузолганимиз йўқ, энди тузамиз. Банкдан кредит ололмаганимиз туфайли бу йил мева-сабзавотни экспорт қилолмадик.

Ҳозир деҳқонлар қўлида сотилмай турган қанча саримсоқ бор?

 – Бир ой бўлди, йиғилишларнинг бирида худди шу масалани вилоятимиз ҳокимига айт­ганман... Ҳозирда туманда кам деганда 100 тонна саримсоқ харидорини кутиб турибди.

 Туманда хатловга олинган 41 минг 879 та хонадон борлиги, улар ихтиёрида 2 102 гектар майдон мавжудлигини ҳисобга олсак, “Томорқа хизмати” корхонаси зиммасига қанчалик масъулият тушиши аён бўлади. Қолаверса, экин-тикин даври якунланаётганига қарамай, ҳанузгача томорқачилар билан шартномалар тузилмагани, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли қўлидаги туриб қолган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини мақбул баҳоларда харид қилиш чора-тадбирлари кўрилмаётганини қандай баҳолаш мумкин?

 Экспортёрнинг ҳам муаммоси бор

 Андижонда бўлганимизда таниқли тадбиркор, экспортёр Эгамберди Собиров билан учрашмоқчи бўлиб, у кишига телефон қилдик.

 – Яхши бўларкан-у... Тошкентга кетаётгандим, йўлда эдим, – деди Эгамберди ака мақсадимизни англагач.

 Орадан икки кун ўтиб, у киши билан яна қўнғироқлашдик. Ҳалиям Тошкентда экан.

 – Телефонда бўлса-да, водийда саримсоқнинг туриб қолиши, бу муаммони ҳал этиш йўллари ҳақида фикрларингизни айтсангиз, – дедик тажрибали инсонга.

 – Аввало саримсоқ ҳаддан зиёд кўп майдонларга экилган, – дейди у. – Мен анча йилдан бери Россиядаги “Мечта” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда ишлайман. Агар баъзи бир муаммолар бартараф этилса, Россиядаги “Магнум” савдо марказларининг ҳар бирида камида икки мингтадан дўкони бор, анча-мунча маҳсулотни ўша дўконларга экспорт қилиш мумкин. Биздагиларга ботмаётган томони, пул аввал дўконга тушади, кейин Ўзбекистон банкларига ўтказиб беришади. Координацияга рухсат йўқ. Бу дегани олдин маҳсулот боради, кейин пули тушади. Экспортёрларга координацияга рухсат берилса, бунинг учун банклар кредит ажратса, ишлар ўз-ўзидан юришиб кетади. Лекин имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. Масалан, менинг ўзим бугунгача Москвадаги дўконларга 350 тонна саримсоқ етказиб бердим. Бу, албатта, денгиздан томчи. Мутасадди идоралар мазкур масалани ўрганиб, мавжуд тўсиқларни бартараф этишларига умид қилиб турибмиз...

Ортиқали НОМОЗОВ,

 “ХХI asr” мухбири