Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ИНТЕРНЕТГА ҚАРАМЛИК ЁШ ТАНЛАЙДИ (МИ?)!

Айримлар ўзида  қуйидаги аломат, ўзгаришларни пайқамоқда:

–  беихтиёр,  тез-тез e-mail ни текшириш;

–  интернет тармоғи билан бевосита боғлиқ ишларда  ишлашни орзу қилиш;

– кўп вақтни ижтимоий тармоқларда ўтказиш ва шу боис яқинларидан тегишли эътироз-дашномлар эшитиш;

– интернетдан фойдаланиш ёки компьютер қурилмалари учун ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлаш, иш давомида кофе ёки психостимуляторларни кўп истеъмол қилиш...

Америкалик олим К. Янгнинг фикрига кўра, бундай белгиларнинг пайдо бўлиши нетаголик, яъни, интернетга тобеликнинг бош­ланишидан дарак. Айрим одамларда умумжаҳон тармоғига боғланиб қолиш туфайли компьютер олдидаги эйфория (кайфиятнинг нотабиий тарзда кўтаринки бўлиши), ўзини яхши ҳис этиш, оила аъзолари, яқинлари, дўстлари ва касбдошларини менсимаслик, компьютердан узоқлашиш билан эса ҳафсаласизлик, депрессия, бесабаб ғазабланишнинг  вужудга келиши, иш берувчилар ва оила аъзоларига ўз кунлик меҳнат фаолияти ҳақида ёлғон маълумотлар айтиш каби салбий ҳолатлар юзага келиши кузатилмоқда. Ғарблик мутахассислар бунга “XXI аср касаллиги” дея таъриф беришмоқда.

O‘zLiDeP Нукус туман Кенгаши томонидан “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида интернетдан тўғри фойдаланиш, унга тобе бўлиб қолишдан сақланиш ҳамда ундаги маълумотларни қабул қилиш маданиятини ёшларда шакллантириш масалалари навқирон авлод вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.

“Интернетга қарамлик қайси ёшда ва қанча муддат ичида  шакл­ланади?”,  деган савол ҳам иштирокчиларнинг қизғин баҳсларига сабаб бўлди.

– Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра интернетга тобелик қисқа давр ичида вужудга келади, – дейди партия туман бўлими раиси ўринбосари А. Хожаназаров. – Ҳозирда фойдаланувчиларнинг 10 фоизи мазкур “касаллик”ка чалинган экан. 1990-2000 йиллар оралиғида бу хавфга 16-35 ёшдаги оила қурмаган эркаклар ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаганлар тўқнаш келган бўлса, ҳозирда бундай беморлик анча “ёшарган”. 12 дан 40 ёшгача бўлганлар орасида, аёл ёки эркак бўлишидан қатъи назар, нетаголиклар кўп учраяпти. Ачинарлиси, улар ўртасида олий маълумотлиларнинг сони кескин ортган...

Ёшлар ўз кузатувларидан келиб чиқиб таъкидлаганидек,  интернетга қарамликнинг инсон ва жамиятга салбий таъсири жуда катта. Хусусан, бунинг оқибатида иш сифати ва унуми пасаяди, ахборот технологияларидан самарасиз ва ўринсиз фойдаланилади, жонли мулоқотлар чекланади, молиявий қийинчиликлар эса оилалар ва ташкилотлар фаолиятини издан чиқаради, жамиятда ўз “виртуал” ва “ёпиқ” оламига асир бўлганлар  ҳамда турли физиологик ва психологик хасталикларга чалинганлар сони ортиб боради.

Мулоқотда қайд этилганидек, ҳозир интернетга тобеликдан даволанишнинг универсал усули йўқ. Аммо махсус марказларда ўтказиладиган суҳбатлар, консультациялар, тренинглар, психотерапия усуллари касалликни босқичма-босқич бартараф этиш имконини беради.

Тадбирда ёшлар мазкур хасталикнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш учун on-line мулоқот тизимини бутунлай беркитиш, интернетга кириш хоҳиши пайдо бўлганда бу истакни бошқа фаолият тури билан алмаштириш, жумладан, спорт билан шуғулланиш, китоб-газета ўқиш, дўстлар ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш каби таклифларни илгари суришди.

– Инсондан ахборот билан тўғри ишлаш талаб этилмоқда, – дейди O‘zLiDeP фаоли Фурқат Юсупов. – Қабул қилинаётган ахборотнинг манбаларига эътибор қаратиш, маълумотларни таҳлил қилиш каби талабларни бажариш орқали биз фойдаланувчиларни ахборотлаштириш ва компьютерлаштиришнинг турли салбий оқибатларидан сақлай олишимиз мумкин.

Сайёра АСРАНОВА,
O‘zLiDeP Матбуот хизмати ходими

Joomla