Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

МУНОСАБАТ МУСТАҲКАМ БЎЛСА...

Аввал хабар берганимиздек, депутатлар ва сенаторлар жойларда сайловчилар билан бевосита мулоқотда бўлишди. Парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам мазкур қизғин жараённинг фаол иштирокчисига айланишди.

ҚАШҚАДАРЁ

Депутатларимиз вилоятнинг Яккабоғ туманидаги ҳар бир маҳалла, қишлоқларда бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган аҳолининг дардини тинглашди, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашишди.
Таъкидлаш жоизки, бугун туманда тадбиркорлик кенг кўламда ривож­ланиб, замонавий лойиҳалар асосида янги ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилаяпти. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, энг илғор технологиялар асосида мева-сабзавотни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, мевани сифатли сақлашга мўлжалланган совутгичлар, цитрус мевалар етиштириладиган иссиқхоналар сони йил сайин кўпаймоқда.
Мулоқотлар давомида паррандачилик, балиқчилик, иссиқхона ташкил этиш, қуёнчилик, чорвачилик ва тикувчилик йўналишларида ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган оилаларга тижорат банкларидан кредит олишга ёрдамлашилди.
– Тўғри, айни пайтда туман иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаяпти, – дейди парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон Эргашев. – Аммо ҳали ечимини кутиб турган муаммолар бор. Бунга учрашувлар давомида гувоҳ бўлдик. Масалан, “Яккабоғ дон маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамиятида биргина тегирмон ишлар экан. Илгари мазкур корхонада 500 га яқин ишчи-хизматчи ишлаган бўлса, ҳозирда уларнинг сафи кескин қисқарган. Шу боис корхонани тўлиқ ишга тушириш масаласи туман кенгаши сессиясига киритилди.
Умуман олганда, мазкур туман аҳли хонадонларига ташрифлар чоғида фуқаролар томонидан 450 дан ортиқ масалалар кўтарилди. Одамларни ўйлантираётган айрим муаммоларни ўз жойида ҳал этилиши юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

НАМАНГАН

Парламент вакилларининг Уйчи туманидаги ҳолатни ўрганиш бўйича олиб борган бу галги фаолиятида асосий эътибор соғлиқни сақлаш тизимига қаратилди. Халқ депутатлари туман кенгашининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, соҳада самарали назоратни амалга ошириш бўйича комиссиялари томонидан жойлардаги тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда дорихоналарнинг фаолияти ўрганилиб, камчиликлар бўйича таклифлар тайёрланди.
Шунингдек, аҳолини қийнаётган айрим масалалар, хусусан, қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни янада жонлантириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоси Наргиз Халилова ҳам аҳоли билан очиқ мулоқот давомида уйчиликлар дуч келаётган баъзи муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмак берди.
– Биринчи куни Уйчи туманидаги Ровот шаҳарча фуқаролар йиғинидаги Ҳожиобод, Янги ер маҳаллаларидаги 40 та хонадонга кириб, аҳоли билан мулоқот ўтказдим, – дейди депутат. – Одамлар томонидан кўтарилган 50 дан зиёд муаммонинг 15 тасини  жойида ҳал этдик, 5 таси назоратга олинди, 13 таси бўйича тушунтиришлар бердик. 30 нафардан ортиқ фуқарога кичик бизнес ва тадбиркорлик фао­лияти билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ кўчатларини экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлишлари мумкинлигини тушунтирдик.
Фракциямиз аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга ҳам эътибор қаратишди. Кейинги йилларда юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар, эришилаётган натижалар алоҳида қайд этилди. Хусусан, сайловчилар билан учрашувлар давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётимизга татбиқ этилиши мамлакатимизнинг янада равнақ топиши ҳамда юртдошларимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришида муҳим ўрин тутишини айтиб ўтишди.
Умуман олганда, бундай юзма-юз  мулоқотлар республикамизнинг барча ҳудудларида қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Эътиборга молик жиҳати, сайловчи фақатгина ўзининг шахсий ҳаёти билан боғлиқ муаммоларнигина эмас,  маҳалла, туман, умуман, кўпчиликни ўйлантираётган масалалар ҳақида таклиф билдирмоқда. Депутатлар эса ўз ваколатидан келиб чиқиб, барча масалага атрофлича ва қонуний нуқтаи назардан ёндашишмоқда. Натижада катта-кичик муаммолар бирин-кетин ўз ечимини топмоқда.  Бу эса, энг аввало, депутатни, қолаверса, сиё­сий пар­тия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракция­сини аҳоли юрагига қулоқ солиш муҳимлигини англатмоқда.
Вилоят мухбирлари хабарлари асосида
Акбар МУЗАФФАРОВ тайёрлади

Joomla