Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ – сўнгги пушаймон бўлмасин

Ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан пул маб­лағлари йиғиш, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналарда ўтказиш қатъиян тақиқланади!

Жорий ўқув йили тугалланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Сўнгги қўнғироқ бонги қуйи синф ўқувчиларини ёзги оромгоҳларга чорласа, битирувчилар учун жонажон мактаб ҳамда қадрдон устозлари билан хайрлашиш ва таълимнинг навбатдаги босқичи – лицей, касб-ҳунар коллежларига қадам қўйиш вақти келганини англатади. Ва яна...

Яширмаймиз, айни шу кунларда “Битирув оқшоми” атрофида айланаётган гап-суҳбатларни эшитиб, улар имтиҳонга эмас, гўёки тўй ёки катта базмга тайёргарлик кўришяпти шекилли, деб ўйлайсиз. Масалан, ресторан, тўйхона ёки тоғ бағрида тўкин дастурхон устида нишонлаш, унга бир-икки нафар хонандани таклиф этиш, синф раҳбари ҳамда директорга қимматбаҳо совға бериш, базмнинг бир умр эсда қолиши учун видеотасвирга тушириш ва ҳоказо...

Ўйлаб қоласан киши, улар шунча харажат учун маблағни қаердан олишади, ота-оналари бундан хабардорми, мактаб маъмурияти-чи? Қолаверса, ҳали суяги қотмаган ўсмирларни базму жамшид кайфиятида бўлиши фақат яхшилик билан якун топишига ким кафолат беради? Бунинг олдини олиш учун Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, вояга етмаганлар билан ишловчи идоралар қандай чора-тадбирларни амалга оширишмоқда? Ахир, касални даволагандан кўра, унинг олдини олмоқ афзаллигини ҳаммамиз яхши билсак-да, нега бу оддий ҳақиқатдан кўз юмамиз?!

– 2016-2017 ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларини 467 019 нафар ўқувчи тамомлайди, – дейди Халқ таълими Вазирлиги бошқарма бош­лиғи Саидаҳрор Сейткамолов. – Шундан 228 514 нафари, яъни 49 фоизи қиз болалардир. Ўқувчилар таълимнинг кейинги босқичини қайси академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида давом эттиришини аниқлаш, зарур ёрдам ҳамда маслаҳат бериш мақсадида махсус сўровнома ўтказилди.

Олинган натижаларга кўра, уларнинг 9,6 фоизи академик лицейларда, 90,4 фоизи касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагини билдирган. Академик лицейлар бўйича таҳлил қилинганда битирувчиларнинг 20 028 нафари аниқ фанлар, 6 900 нафари табиий фанлар, 8 332 нафари ижтимоий-гуманитар, 9 260 нафари хорижий филология, 380 нафари эса санъат йўналишини танлаган.

Касб-ҳунар коллежлари бўйича эса гуманитар соҳани 37 946 нафар, ижтимоий соҳани 23 473 нафар, ишлаб чиқариш ва техник соҳани 50 328 нафар, қишлоқ ва сув хўжалиги йўналишини 55 012 нафар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот йўналишини 206 785 нафар, хизматлар соҳасини 48 574 нафар ўқувчи танлаган.

Халқ таълими вазирининг 2017 йил 28 апрелдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида 2016-2017 ўқув йилини якунлаш ва “Хайр мактаб – салом коллеж” тадбирларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ республиканинг барча умумтаълим мактабларида шу йилнинг 25 май кунлари бундай тадбирлар юқори савияда ўтказилади. Тадбирга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, касаба уюшмаси, маҳалла ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари таклиф этилади. Ўқув йили сарҳисоб қилиниб, спорт мусобақалари, фан олимпиадаларида фаол иштирок этган ўқувчилар ҳамда фидойи ўқитувчилар тақдирланади.

Мазкур буйруқ билан “Хайр мактаб – салом коллеж” тадбири, шунингдек, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказиш, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан пул маблағлари йиғиш, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналарда ўтказиш қатъиян тақиқланади!

Бу борада барча жавобгарлик шахсан мактаб раҳбарлари зиммасига юклатилган. Ҳужжат талабларига амал қилмаган раҳбар ходимларга амалдаги қонунчиликка кўра интизомий жазо чораси кўрилади.

– Туманимизда сўнгги қўнғироқ тадбирларини файзли, ортиқча дабдабасиз ўтказилишини таъминлаш учун тегишли тартибда назорат ўрнатилган, бу борада туман Ички ишлар бошқармаси ва Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди, – дейди Миробод туман прокурорининг катта ёрдамчиси Зарифа Мавлонова. – Хусусан, барча умумтаълим мактаби раҳбарлари бу борада масъулиятсизликка йўл қўймаслиги ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, туман Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлими профилактика нозирларига ўз хизмат ҳудудларида жойлашган кафе, бар, ресторан, тўйхона, кўнгил очиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг раҳбарларини битирувчилар томонидан кечалар ўтказилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантириш ҳақида топшириқ берилди. Хавфсизликни олдини олиш мақсадида 25 май куни ҳар бир таълим муассасасида сўнгги қўнғироқ тадбирлари туман Ички ишлар бошқармаси томонидан бириктирилган навбатчилик гуруҳининг кузатуви остида ўтказилади. Айтиш жоизки, ҳамкорликдаги фаолиятимиз самараси ўлароқ, ўтган 2015-2016 ўқув йилида ҳам ҳудудимизда ўқувчиларнинг дабдабали базмлар ўтказишига йўл қўйилмади ва нохуш ҳолатлар аниқланмади.

– Кўп йиллардан буён мазкур мактаб­га раҳбарман, – дейди пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 107-сонли мактаб директори Нигора Салимова. – Масканимизда ушбу тадбирни вазирлик буйруғида белгиланган талаблар даражасида чиройли тарзда ўтказиб келяпмиз. Бу йил ҳам, анъанага мувофиқ, аълочи битирувчиларни тақдирлаймиз. Шунингдек, ўқувчилардан турли сабабларни рўкач қилиб пул йиғиш ва битирувчиларнинг устозларига қимматбаҳо совғалар бериш­ларига умуман йўл қўйилмайди. Чунки, мактаб – нафақат илм, балки тарбия ўчоғи. Бундай табаррук даргоҳларда ортиқча ҳою ҳавасга берилиш, таъмагирлик, дабдабабоз­лик асло мумкин эмас.

Дарҳақиқат, биз ҳам шундай фикрдамиз. Тилагимиз, сўнгги қўнғироқ – сўнгги пушаймонга айланмасин!





“XXI  asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
ёзиб олди.

Joomla