Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

БИР ТОМЧИ СУВ

Дунёнинг турли минтақаларида чучук сув масаласида тақчиллик сезилаётгани бугун ҳеч биримизга сир  эмас.  Қайд этиш жоиз: гарчи ер юзининг 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг асосий қисми шўр денгиз сувлари ҳисобланади. Атиги 3 фоизигина чучук сув захирасидир. Демакки, бу бебаҳо неъматдан расамади билан фойдаланиш ҳаёт-мамот масаласига айланмоғи керак. Зеро, ота-боболаримиз уммон олдида турсанг ҳам ҳар томчи сувнинг қадрига ет, деб бежиз таъкидлашмаган.

Афсуски, биз кўп ҳолларда ушбу ҳикматнинг маъносини тўла англаб етмаймиз.  Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти мутахассисларининг тахминий ҳисоб-китоблари ҳам  фикримизни тасдиқлайди. Маълум бўлишича, 25 йилдан сўнг Ер юзида чучук сув батамом тугаш эҳтимоли бор экан. Мутахассислар тегишли маълумотларга таяниб, дунё бўйича чучук сув сарфига оид бир қатор фаразларни илгари суришмоқда.  Кейинги  йилларда ер сайёрасида аҳоли сони уч баробарга кўпайган. Бинобарин, чучук сувга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. 20 йилдан сўнг вазият янада мураккаблашиши мумкин. Айни кунда сайёрамиздаги ҳар олти кишидан бири чучук сувга эҳтиёж сезиб яшаётгани янада ачинарлидир. Бу ҳар биримизни ҳушёр торттириши лозим, албатта.

Статистик маълумотларга қараганда, ер юзи аҳолисининг бешдан бир фоизи ичимлик суви тақчил бўлган ҳудудларда истиқомат қилади, холос. Бир қатор мамлакатларда чучук сувни тўплаш ва истеъмолчиларга етказиш жиддий муаммо саналади.

Масалан, Осиё жанубида жойлашган Ҳиндистонни олайлик. Кўпчилик яхши билса керак, сайёрамиз аҳолисининг 16 фоизи ушбу мамлакатда истиқомат қилади. Бироқ ҳиндлар дунёдаги чучук сув захирасининг бор-йўғи 4 фоизидан фойдаланиш имкониятига эгадирлар. Чунки Ҳиндистон ҳамда Покистон чучук сув захираларининг асосий қисми Помир ҳамда Ҳимолай тоғларида, 4 минг метр баландликдаги муз қояларида тўпланган бўлиб, ушбу музликларни эритиш ва аҳоли  талаб-эҳтиёжларини қондириш учун катта  куч талаб этилади.

Африка қитъасининг кўплаб мамлакатларида ҳам тириклик манбаи бўлган чучук сув жиддий муаммога айланган, десак хато қилмаймиз. Қитъа марказида жойлашган Чад Республикасида 30 миллион киши истиқомат қилади. Бироқ чўлланиш, иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик оқибатида сўнгги ўттиз йил ичида  унинг ҳудуди ўндан бирга қисқарган. Саҳрои Кабирнинг жанубий қисмида ҳам сув ресурслари билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келмоқда. Бугун ушбу қитъанинг айрим  ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли электр токидан фойдаланиш имкониятига ҳам эга эмас.

Доимий сув танқислиги нафақат одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солмоқда, балки бир қатор ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бу эса ғоят ачинарли холдир.

Баъзида табиат инжиқликлари ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. Мисол учун, ўтган йили АҚШнинг Калифорния штати жиддий сув етишмовчилиги билан боғлиқ муаммога дуч келгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги 1200 йил давомида энг даҳшатли қурғоқчилик ана шу ерда юз берган. Оқибатда кўл ва дарёлар қуриб, боғ-роғлар ва далалар ҳувиллаб қолган. Ҳисоб-китоблар қурғоқчилик натижасида 2 миллиард доллардан зиёд жиддий зарар кўрилганлиги, штатнинг табиий ландшафтига жиддий зиён етганлигини тасдиқлайди.  Энг ачинарлиси, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб, кўплаб фермерлар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган, ҳатто штат тарихида илк бор ичимлик суви истеъмолига чеклов белгиланган.

 

Кўриниб турганидек, кимдир сувни ариқ, дарё ёки кўлдан, яна кимлардир қудуқ қазиб, минг заҳматлар билан сув чиқаришга уринаётган бир пайтда дунёнинг айрим нуқталарида инсоният ана шу имкониятлардан ҳам мосуво бўлаётир. Баъзилар эса ташналикни қондириш учун ёмғир ёки қор ёғишини кутиб яшамоқдалар. Қизиғи, кўплаб мамлакатларда йиллаб ёғингарчилик ҳам кузатилмаяпти. Бунинг оқибатида, яъни чанқоқ ва организмнинг сувсизланиши уларда руҳий касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда. Қисқаси, дунёнинг айрим минтақаларда оби ҳаёт манбаи бўлган сувнинг бир томчиси олтинга айланаётир.

Ана шундай бир шароитда сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, мазкур соҳада аниқ бошқарув тизимини ишлаб чиқиш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. 2030 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 47 фоизига тоза сув етишмаслиги эҳтимолини назарда тутсак, вазият янада ойдинлашади. Бинобарин, сувни исроф қилмаслик, мавжуд захираларни асраб-авайлаш ҳақида қайта ва қайта ўйлаб кўриш муҳимдир. Айни пайтда мутахассислар музни сувга айлантириш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш билан боғлиқ лойиҳалар устида иш олиб боришаётир. Чунки истеъмолга яроқли сувнинг 70 фоизи табиатда муз ҳолатида учрайди. Сўнгги маълумотларга кўра, сайёрамизда 300 мингдан зиёд айсберг мавжуд бўлиб, уларнинг ўртачаси 20 миллион тоннага яқин сув заҳирасига эгадир. Бундан ташқ­ари, олимлар денгиз сувини чучуклаштириш имконини берадиган янги технологиялар устида изланишлар олиб боришяпти. Махсус сув омборлари ташкил этилмоқда.

Юртимизда ҳам айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликдир. Жумладан, ирригация тармоқларини модернизациялаш, сувдан фойдаланишни тартибга солиш асосий масалалардан бири қилиб қўйилган. Бу борада  Ҳамдўстлик давлатлари ичида биринчилар қаторида қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги  қонун ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Агросаноат тизимида  томчилатиб суғориш амалиёти тобора кенг оммалашиб бораётир. Деҳқонларимиз бунинг афзаллигини ҳаётий тажриба давомида яққол намоён этишмоқда.

Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўпгина хайрли ишлар учун ҳуқуқий замин бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Солиқ кодекси”нинг 367-моддасига киритилган ўзгартишларга асосан юридик шахслар ўз ер участкаларининг томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган қисми учун 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишга тўғри келади.

Бир сўз билан айтганда, биз ким ва қандай касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар, она табиатни асраб-авайлаш, унинг неъматларини келгуси авлодларга етказиш учун тўла масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Зеро, табиат бойликлари чексиз-чегарасиз эмас. Эртами-кечми, улар биздан ҳисоб сўрайди. Ҳисобли дунё дегани аслида мана шу бўлса керак.

Акбар МУЗАФФАРОВ,
ХХI аср

Joomla