Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

Жамият

ТИББИЁТДА ХУСУСИЙ СЕКТОР: талаб – таклиф ва имконият

Бугун соҳалараро кечаётган қизғин ислоҳотлар иштирокчиси сифатида юрт равнақига дахлдор ҳар кишининг бир куни ўн йилликларга тенг бўляпти, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Аслида жараёнларнинг бундай шиддатли тус олиши – иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маърифий ва маънавий йўналишлар катта ўзгаришлар остонасида экани Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди чиқишларида нишона берган эди. Яъни, бу кутилган ҳодиса.

2017 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида юртимизда амалга оширилган ишлар эндиликда тараққиётимизнинг янги босқичи бўлиб тарих саҳифаларидан жой олди ва олмоқда. Буни жамият ҳаётида кузатилаётган кенг қамровли янгиланиш эпкинлари – юртдошларимиз томонидан улуғвор ишларга хайрихоҳлик кайфиятининг юқорилигидан ҳам англаш қийин эмас.
Албатта, бу қадар қисқа муддатда одамлар ишончини қозонишга қаратилган саъй-ҳаракатлар оммалашувида, аввало, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ ичига кириш, кишилар дардини ҳис этиш, ташвишларига шерик бўлиш, мурожаатларни астойдил эшитиб, сидқидилдан кўмак беришни ўзида мужассамлаштирган – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тамойилининг ўрни беқиёс бўлди. Эндиликда юрт манфаатини ўзида ифода этувчи қонунлар, Юртбошимиз томонидан имзоланган қарор, фармон ва фармойишлар айнан биз санаб ўтган омилларни ўзида жо этмоқда. Чунки, ўрганилган долзарб муаммолар ечими ва истиқболли лойиҳалар рўёбига давлат сиёсати даражасида эътибор қилинмас экан, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди – ривожланиш бир жойда депсиниб қолади.
“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси ўқувчиларимиз – фуқаро, тадбиркор, фермер, кичик бизнес субъекти вакили, энг асосийси, эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлайман деб турган ёш ишбилармонлар мурожаат, талаб ва истакларини инобатга олиб, яна бир янгилик-тажрибага қўл урмоқда. Яъни, давлатимизда қабул қилинган қонунлар, Президентимиз томонидан чиқарилган муҳим аҳамиятга молик ҳужжатларда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка янада батафсилроқ тарзда етказиш ниятида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбатларини мунтазам ўтказиб боришни режалаштирмоқда.
Шу муносабат билан биз Президентимиз
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқувчи соҳага оид имтиёзлар, преференциялар, имкониятлар тўғрисида фикр-мулоҳаза юритиш учун бир гуруҳ мутахассисларни таҳририятга таклиф этдик.

– Бугунги мулоқотимиз мавзуси бевосита барчамиз учун ҳар қандай бойликдан-да қадрлироқ бўлган САЛОМАТЛИК билан боғлиқ эканлигини назарда тутадиган бўлсак, ушбу қарор ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигини изоҳлашим шарт эмас.  Шу маънода, бу ҳужжатнинг халқимиз томонидан самимий кутиб олинганлигини эътироф этган ҳолда, энг аввало, хусусий тиббиёт деган тушунчанинг маънавий ва моддий моҳиятига эътибор қаратишимиз лозим деб ўйлайман. Негаки, шу пайтгача жамоатчилик орасида бу борада ҳар хил баҳс, мунозаралар бўлганлиги рост. Марҳамат,  ушбу қарорда қатъий белгилаб берилган, айтиш мумкинки, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларни амалга ошириш жараёнлари хусусида сўз юритсак.
________________________________________

– Азалдан маълумки, тиббиёт ҳамиша ривожланишни, ислоҳотни талаб этувчи соҳа. Бу борада замон билан ҳамқадамлик, янгиликларни ўзлаштиришдан бир дам бўлсин, ортда қолиш ярамайди. Шу маънода Президентимиз имзолаган мазкур қарор мамлакатимизда энг етакчи соҳалардан бири ҳисобланган тиббиётни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу янгилик, халқимиз, айниқса, партиямизнинг асосий электорати саналган тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан мамнуният билан кутиб олинди десам янглишмайман. Нега деганда, мазкур ҳужжатда соҳанинг ташкилий, ҳуқуқий механизмлари янада такомиллаштирилиб, айнан бу борада тадбиркорлик қилаётган ва ана шу савобли ишга бош қўшмоққа чоғланаётганларга жуда кўп имтиёзлар тақдим этилмоқда.

________________________________________
– Мавлудахон, жуда тўғри таъкидладингиз, ушбу қарор, бир сўз билан айтганда, бугунги тиббиётимиз юзига тутилган кўзгу! Бу кўзгуга қараб, камчиликларимиз, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, тиббиёт ходимларига қўйилаётган талаблар, шу талабларга яраша таклифларни кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат моҳиятида жамиятда тиббий маданиятни шакллантиришдек долзарб масала ҳам кўндаланг турибди. Менинг фикримча, токи аҳолининг тиббий маданияти етарли даражада шаклланмас экан, кутилган натижага эришиш осон кечмайди, тўғрими? Бу менинг, партиямизнинг Чилонзор туман Кенгаши “Аёллар қаноти” мутасаддиси сифатида тиббий маданиятни шакллантириш мавзуида ўтказган тадбирларимиз  натижасида чиқарган хулосамдир.
________________________________________

– Юқоридаги фикрларни давом эттириб, айтишни хоҳлар эдимки, бозор иқтисодиёти шароитида тиббиёт соҳасида хусусий тадбиркорликнинг фаол йўлга қўйилиши мамлакат ривожи учун ҳам, соҳа келажаги йўлида ҳам бирдек аҳамият касб этади. Маълумки, юртимизда давлат бюджетининг асосий қисми, яъни 60 фоизи ижтимоий соҳаларга сарфланади. Бунда, албатта, соғлиқни сақлаш тизимининг улуши салмоқли. Агар тадбиркорларимиз томонидан соҳага инвестиция киритилишини янада жадаллаштирсак давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам катта фойда бўлади.

Норқобил ЖАЛИЛОВ:

– Мазкур қарор билан батафсил танишгач, ҳар биримизнинг кўнглимиздан ўзгача бир қониқишга уйғун иштибоҳ ўтиши табиий. Яъни, хусусий тиббиёт соҳаси вакиллари энди чин маънода ўз манфаатидан кўра кўпроқ халқ манфаатини биринчи даражали вазифа деб анг­ламоғи шарт эканлиги белгиланган. Шу ўринда, айтиш керакки, ушбу ҳужжатда тартибга солинган масалалар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг дастурида белгиланган ижтимоий,  гуманитар,  маънавий соҳалар  ва  жамият  ақлий  салоҳиятини ривожлантириш  борасидаги  вазифаларга  ҳамоҳангдир. Зеро, дастуримизда қайд этилганидек:  “партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи ва хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади”.

Дилобар МИРРАҲИМОВА:

Қарангки, бугунги суҳбатимиз мавзуси ўз-­ўзидан масаланинг иқтисодий  жиҳатига бориб тақаляпти. Бу мавзуга тўхталишдан аввал маънавий-ахлоқий масалада икки оғиз фикр билдириб ўтмоқчиман. Баъзилар тиббиётда хусусий сектор хизматлари нархи қимматроқ эканини кўп гапиради. Бундай пайтда улар, “Хўш, кўрсатилаётган хизмат нарх-навосига мосми?” деган ҳақли савол устида кўпам бош қотиришавермайди. Дабдабаю асъасага тўла тўйлар қиламиз, уйлар қурамиз, сендан мен камми,  қабилида қатор-қатор машиналар сотиб оламиз. Буларга бўғзимизгача қарзга ботиб бўлсаям пул топамиз. Аммо бебаҳо неъмат бўлмиш саломатлигимизга келганда ана шундай “фидойилик”ни доим ҳам кўравермаймиз, ё ёлғонми? Соғлиқ бўлса, бу дунёда ҳамма нарса топилади. Аммо моддий бойликларимиз бўлса-ю сиҳат-саломатлик бўлмаса, инсонга ҳеч нарса татимайди: данғиллама уйи ҳам, топган молу давлати ҳам. Ана шу, оддийгина ҳақиқат англаб етилганда эди,  кўп муаммоларга ўз-ўзидан ечим  топилган бўларди...

Рашид ҲАКИМОВ:

– Агар мумкин бўлса, юқорида айтган фикрларимни давом эттирмоқчиман. Тиббиётда хусусий секторнинг ривожи бюджедга тушаётган юкламани маълум маънода енгиллаштиради. Бу давлат ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағни камайтиради, дегани эмас. Балки соҳа ривожи учун ажратилаётган маблағ янада ошади. Самара ҳам ўз навбатида шунга яраша бўлади. Умуман, бозор талабига мос соғлиқни сақлаш тизими вужудга келади. Энди қарорга биноан соҳага берилаётган имтиёзлар ҳақида икки оғиз сўз. Ҳужжатда соҳа ривожида банкларнинг аралашувига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Қатор солиқ имтиёзларидан ташқари ҳудудлардаги бўш  иншоотларни “ноль” қийматида бериш ҳам  катта имконятлардан бири ҳисобланди.

– Рашид ака, узр, гапингизни бўлдим, шу ўринда яна бир жиҳатни айтмасак бўлмайди. Ўз тажрибамиздан мисол келтирмоқчиман: масалан, биз корхонамизни йўлга қўйиш учун югуриб юрган пайтларимизда ҳали бунақа кенг, давлат аҳамиятига молик  имкониятлар йўқ эди. Шу сабабли минг қийинчиликлар билан бошқа ташкилотга тегишли бўлган бинони мўмайгина нархда сотиб олган эдик. Пулини тўлашда ҳам роса қийинчиликларга дуч келганмиз. Шунда ҳам бўлиб-бўлиб тўлаганмиз. Агарда ўшанда бугунгидек имтиёз бўлганда эди, иншоот учун сарфланган маблағга чет элдан янги ускуна олиб келиб, маҳсулотларимиз турини бундан ҳам кўпроқ қилган бўлардик!

Дилобар МИРРАҲИМОВА:

– Бевосита қарорнинг мазмун-моҳиятига тўхталадиган бўлсак, унда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири – “хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш” экани алоҳида таъкидланган. Нима демоқчиман? Хориж шифокорларининг биздан устунлиги нимада? Фақат битта  масалада – улар юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарга эга. Касбий салоҳият, профессионализмда манаман деган чет эллик шифокорлардан қолишмайдиган мутахассис кадрлар  ўзимизда ҳам етарлича топилади. Шунинг учун бизнинг малакали кадрларимизга хорижда ҳам эҳтиёж бор.
Қарорга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда қатор қулайлик ва имтиёзлар берилиши, пировардида, тиббий хизмат  сифатини янги босқичга олиб чиқилиши баробарида миллий кадрлар салоҳиятини намоён этишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Берилаётган имтиёзлар соҳа ходимларининг ижтимоий муҳофазаси масаласи борасидаги  муаммоларга ҳам ечим вазифасини ўташи алоҳида эътиборга лойиқ.
________________________________________

– Дарҳақиқат, шундай. Берилаётган имтиёзлар асо­сида моддий-техник ба­замиз­ни маблағлар ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш, янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжудларини реконструкция қилишимиз мумкин. Эндиликда биз билан ҳамкорликда ишлашга жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўловлардан озод этилгани ҳам бизнинг самарали фаолият юритишимизга имкон беради.

Мавлуда ХЎЖАЕВА:

– Иқтисодчимизнинг гапига қўшимча сифатида ­қуйидагиларни айтган бўлардим. Шундай замонавий тиббий асбоб-ускуналар борки, уларни фақатгина хорижлик мутахассислар кўмагида ишлатиш мумкин. Ёки бўлмаса, айрим жарроҳлик амалиётларини хорижлик шифокорларнинг иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Шуни инобатга олган ҳолда қарорда  хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббий асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилмоқда. Бундан ташқари хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этиляпти. Қолаверса, хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилаётгани алоҳида эътиборга моликдир.

Музаффар АБДУЛЛАЕВ:

– Президентимиз қарорига кўра, ўз фаолиятининг 60 фоиздан ортиғини тиббий дори-дармонлар ишлаб чиқаришга йўналтирган ишлаб чиқарувчиларга юқоридаги имтиёзлар қўлланилади. Бизнинг корхонамизда ҳам бундай имтиёзнинг татбиқ қилиниши келажакдаги режаларимизни анча олдинга силжитиши аниқ. Маълумки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва хориждан импорт қилинаётган дори-дармон маҳсулотлари чекланган нархларда дорихоналарда сотилиши белгилаб қўйилди. Рўйхатда келтирилган дори воситаларнинг 116 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим қилинган бўлса, 227 таси четдан импорт қилинаётган маҳсулотлардир. Ҳозирда биз, корхонамизда рўйхатда қайд этилган дориларнинг 10 тасини ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Агар айтиш жоиз бўлса, ишлаб чиқариш жараёнига ҳеч қандай четдан инвестиция киритилмаган. Ҳиндистондан келган мутахассислар бизга янги технологияларни амалда қўллашимизда кўмакдош бўлишмоқда.

Мавлуда ХЎЖАЕВА:

– Қарорнинг ҳар бир банди, унда белгиланган вазифалар O‘zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос эканлигини таъкидлаш ўринли бўлса керак. Зеро, партиямиз тиббиёт сифатини давлат ва хусусий ҳамкорлик тамойиллари асосида тубдан яхшилаш тарафдоридир. Бошқача айтганда, партиямиз хусусий тиббиётга аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасида янада самарали ва замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этишнинг гарови сифатида қарайди. Шундай экан, мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини энг аввало, тадбиркор ва ишбилармонларга ва аҳоли кенг қатламларига ўз вақтида тушунтиришимиз зарур. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси бу борада тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда. Уларни шунчаки расмиятчилик учун эмас, балки амалий мулоқот шаклида ташкил этишга эътибор қаратиляпти. Мақсад, иштирокчилар, айниқса, тадбиркорлар бу борада партиямизнинг амалий кўмагини ҳис этсин.

Норқобил ЖАЛИЛОВ:

– Мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган ўзига хос ислоҳотлар жараёни шу даражада жадаллашиб кетдики, қисқа давр мобайнида кўп соҳаларда янгича сифат даражасига кўтарилдик, дейишга бизда тўла асослар бор. Ишончимиз комилки, улуғвор мақсадлар, ёруғ ниятлар билан бошланаётган хайрли ишларимизнинг натижаси албатта самарали бўлажак. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга кенг татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегия­сининг ўрни беқиёс эканлигини яна бир бор таъкидлаш лозим. Демак, ушбу мавзудаги мулоқотлар яна давом этади.
Давра суҳбатини “XXI asr” мухбирлари ёзиб олди.
Суратлар муаллифи Солижон ЗОИРОВ

КЎЗЛАНАЁТГАН МАРРА УЗОҚ ЭМАС уни забт этиш, аввало, ўзимизга боғлиқ


Сир эмас, айрим ёш-ўсмирларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши баъзи ҳолларда қийин кечади. Кимдир табиатан журъатсизроқ – бирор ишни бош­лашда кўп тараддудланади, кимдир  ёши катта кишилар йўл-йўриғига, мададига мудом эҳтиёж сезади, яна кимдир яратилаётган улкан имкониятлардан бехабар, бепарво... Англашиладики, бундай шароитда уларга ҳар томонлама ёрдам бериш зарур. Мазкур йўналишда тегишли, масъул ташкилотлар қатори O‘zLiDeP, хусусан, унинг “Ёшлар қаноти” бўлими ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларини тобора такомиллаштириб бораётир. Ўтказилаётган лойиҳалар, мулоқотлар, давра суҳбатлари натижасида минглаб ўғил-қизлар турли соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда. Шу ўринда бир фикрни қайд этиб ўтиш жоиз: партия келажагимиз эгалари орасида ўз дастурий ғояларини, шунингдек, тадбиркорлик ҳаракатини тарғиб-ташвиқ қилиш билангина кифояланиб қолиши ҳам мумкин эди. Зотан, тегишли ваколат ва имкониятлар ҳам асосан ана шундай муҳим вазифаларни амалга оширишга қаратилган. O‘zLiDeP эса дадиллик билан ёшларга кредит ажратиш, уларни доимий ишга жойлаштириш, ҳуқуқий, иқтисодий билимларини кенгайтириш сингари кўплаб амалий ишларга ҳам киришганки, бу ташаббус эътиборли ва эътирофлидир. Ушбу ҳафтада поёнига етиши кутилаётган “Диплом билан – бизнесга” ва “Ёш мулкдор – юрт таянчи” лойиҳалари доирасидаги семинар-тренинглар ҳам кутилган самараларни бераётир. Шунинг баробарида бу жараёнда баъзи хато-камчиликлар ҳам кўзга ташланди.
Ана шулар хусусида батафсил тасаввур ҳосил қилиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Элбек Шукуров билан суҳбатлашдик.
– Бу галги семинар-тренингларда ташаббус­кор йигит-қизлардан қанчаси қамраб олинди, натижалар қандай? Ўз бизнесимни бошлайман деб турган ёшлардан қанчаси банклардан имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлди?
– Лойиҳаларимиз ҳали давом этаётгани боис ҳозирча аниқ рақамларни келтира олмайман. Шундай бўлса-да, бир гапни дадил айта оламан: бу йил кредит оладиганлар сони ўтган йиллардагидан анча кўп бўлади. Зеро, мақсадни ҳам айнан шундай йўсинда қўйганмиз. 2016 йили 2 минг 712 нафар ёш тадбиркорга қарийб 26 миллиард сўм миқдорида сармоя ажратилган.
Айни вақтга қадар тадбирларга 6 мингга яқин коллеж битирувчиси, деярли 3 минг нафар уюшмаган ёшни жалб қилишга эришдик. Уларнинг аксариятида тадбиркорликка қизиқиш уйғотдик, бу йўналишдаги билим ва тасаввур доирасини кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Шу ўринда тўғри маслаҳат, тажриба-тавсияларнинг аҳамияти юқори бўляпти. Айтайлик, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган семинар пайтида кредитга талабгор бир йигит “фаст-фуд” маҳсулотларини тайёрлаб сотиш учун бино қуриш режасини гапириб берди. Банк ходими ушбу мақсадни махсус кўчма аравачаларда амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини билдирди. Дарҳақиқат, шундай қилинганда катта маблағ, вақт ва куч сарфланмайди. Кредитни қайтариш ҳам осон кечади. Шунингдек, мулоқотлар чоғида йигит-қизлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташладилар, саволлар бердилар, талай таклифларни илгари сурдилар. Тадбирларда мингга яқин мурожаат жойида кўриб чиқилиб, ҳал қилингани эса фаолиятимиз ютуғидан дарак бериб турибди. Ҳатто бизнесини бошлаш имконияти бўлмаганларга ҳам бу йил ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Кўплаб ёшларнинг бандлигига кўмаклашилди. Масалан, семинар иштирокчиси, Сурхондарё вилоятининг Узун туманидан келган Аширгул Раҳимова туман қишлоқ хўжалик бошқармасига етакчи мутахассис бўлиб ишга кирди.
–  Жорий йилги семинарларнинг  аввалгиларидан фарқи нимада?
– Аввало шуни қайд этишни истардимки, хўжакўрсинга юзлаб ёшларни, имкон қадар кўпроқ йигит-қизларни семинарларга жалб қилишни мўлжал қилмадик. Яъни, оз бўлсин-у соз бўлсин. Уюшмаган ёшлар билан ишлашда масалага шу тахлит ёндашган маъқул, деб ҳисоблайман. Чунки ҳамма жойларда ҳам ўз ишини йўлга қўйишга чинакам иштиёқмандлар бўлмаслиги мумкин. Фикримга қўшиларсиз – ҳар йили ҳар бир тумандан ўртача 20 нафар ёшнинг амалда деҳқончилик ёки тадбиркорликка қўл уриши ҳам ёмон натижа эмас. Шу боис семинарлардан олдин уюштирилган сўровномалар билан муайян ҳудуддаги жамики маҳаллаларни қамраб олишга интилмадик. Масалан, Тўрткўл туманида 20 та маҳалла бор. Биз улардан 8 тасида сўров ўтказдик. Дарвоқе, ёндашувнинг бу илк шакли, яъни уйма-уй юриб, мулоқот ўтказиш – партиявий ишга янгича қарашларни юзага келтирди. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев O‘zLiDePнинг VIII съездидаги маърузасида уюшмаган ёшлар ўртасида олиб бориладиган ишларни кучайтириш бўйича ҳали олдимизда катта вазифалар тургани ҳамда партиямиз “Ёшлар қаноти”ни янада кучайтириш, унинг азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган фаолиятини жонлантириш борасида билдирган фикрлари бизни бетиним ишлашга, изланишга ундамоқда. Яна бир ютуқ шундаки, O‘zLiDeP вакилларининг хонадонларга кириб бориши, ёшлардан ҳол-аҳвол сўраб, кўмак бериш мақсадида келганликларини маълум қилишларининг ўзиёқ укаларимиз, сингилларимизга катта маънавий-руҳий далда бўлаётир. Улар ўз ташвишлари билан якка-ёлғиз эмасликларини, бошқалар қатори партия ҳам ўзларига хайрихоҳ ва елкадошлигини, беғараз ёрдамга доимо тайёрлигини ҳис этдилар. Гарчи расмий ҳисоботларга киритиб бўлмаса-да, бу аслида катта муваффақият, менимча. Лойиҳанинг ўтган йиллардан яна бир фарқи, ёшлар билан корхона, хўжалик, молия муассасалари ўртасида амалиёт ўташ, хом­ашё олиш, кредит ажратилиши ва бошқа ўнлаб турдаги шартномалар имзоланди.
– Сўровлар кўплаб ёшлар билан юзма-юз гаплашиш, уларнинг ўй-мулоҳазаларини бевосита эшитиш, маълум маънода ички дунёси билан танишиш имконини ҳам беради. Кўрган-эшитганларингизни умумлаштириб, ҳозирги ёшларнинг маънавий-ботиний қиёфаси ҳақида нималар дея оласиз?
–  Йигит-қизларимиз келажакка улкан ишонч билан қараяптилар. “Ғойибдан келган бахт – бир афсона” эканини улар яхши билишади. Мустақил, эркин иш юритиб, пул топишга, истиқболини ўз қўллари билан барпо этишга ҳавас кучли уларда. Шу билан бирга сўровлар мобайнида бизга ишонқирамай қараганлар ҳам бўлди. Бунинг сабаби маълум: яширишга не ҳожат, шундай ҳоллар ҳам бўлганки, илгари турли учрашувларда айрим ташкилотлар вакиллари катта-катта ваъдалар беришган. Бу ваъдалар эса бамисоли сув юзасига чизилган нақшлардек изсиз, беному бенишон кетган... 7 саволдан иборат сўровномамизга жавоб берганлар орасида ишбилармонликка қўл уришга журъат қилолмаётганлар, иккиланаётганлар ҳам бор. Уларни чўчитаётган асосий нарса, кучли рақобат, харидор – мижоз топиш, ишлаб чиқариш ёхуд хизмат кўрсатиш жараёнига доир мураккабликлар ҳам эмас, балки айрим идоралар, ташкилотлар билан боғлиқ бюрократик тўсиқ-оворагарчиликлар, реал ҳаётга мос тушмайдиган тартиб-таомиллардир. Баъзи ота-оналар, ака-опалар “Қўй, яхшиси, сен шу ишни бошламай қўяқол, сизлар ҳам болани ҳадеб ундайверманглар” деганига ҳам шоҳид бўлдикки, уларнинг соҳада қандайдир машаққатларни бошдан ўтказгани сезилади.
Мана, бир мисол: фараз қилайлик, ёш қиз тикувчилик билан шуғулланиш учун кредит олишга муваффақ бўлди. Белгиланган қоидага мувофиқ банк пулни унинг ҳисоб рақамига ўтказади. Бироқ фаолият учун зарур ашёлар ҳисобдан-ҳисобга пул ўтказиш йўли билан харид қилинганда икки баробар қимматга тушади. Бинобарин, маҳсулот нархи ҳам камида икки баробарга ошади. Шундай экан, ёш тадбиркор маҳсулотини сота оладими? Кредит фоизларини қандай тўлайди? Қанийди, қийинчилик фақатгина шундан иборат бўлса. Бошқа муаммолар ҳам анчагина. Айниқса, банк билан боғлиқ масалаларнинг охири кўринмаяпти. Уларни туман миқёсида ҳал қилиб бўлмаяпти. Шу ўринда холис мушоҳада юритайлик: кредит олган ёшларнинг ҳаммаси ҳам росмана тадбиркор бўлиб қолавермайди. Ўз навбатида банклар ҳам эҳтиётини қилиб, тадбиркорлик кўникмалари етарлича шаклланмаган, кредитни қайтариш эҳтимоли тўла кафолатланмаган ёшларга бироз ҳафсаласиз, истар-истамас муносабатда бўлаётгандек... Шундан келиб чиқиб, бошловчи ишбилармонлар касодга учрамайдиган аниқ механизм яратилиши устида бош қотиряпмиз. Жумладан, сармоя ажратилган йигит-қизларни тажрибали тадбиркорларга бириктириш мақсадга мувофиқ. Аммо бу билан ҳам иш битмайди: партия 1-2 йил бу йўсиндаги устоз-шогирд тизимини назоратга олиши керак. Бепул, айни пайтда самарали ўқув курслари йўлга қўйилиши ҳам тақозо қилиняпти. Кейинги йилдан кредитлар берилиши бўйича Марказий банк билан ҳамкорликни янада самарали ташкил қилишни кўриб чиқамиз. Деярли барча муаммоларнинг мақбул ечимлари топилишига ишончим комил. Чунки мутахассислар билан ҳозирданоқ тегишли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз.
–  Семинарларнинг шакли,  мазмун-мундарижаси хусусида қандай фикрдасиз?
– Очиғи, 7 йилдан буён мунтазам ўтказилаётган “Диплом билан – бизнесга” лойиҳасини бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш вақти етди. Энди уни янгилаш, ривожлантириш керак. Уюшмаган ёшлар учун алоҳида, коллеж битирувчилари учун эса алоҳида лойиҳалар ишлаб чиққан маъқул. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интерфаол усулларни амалга кенгроқ татбиқ қилиш зарур.
Шу ҳақда гап очилди, ўйлаб, пишитиб юрган бир ғоямни айтиб ўтаман. Мисол учун, бир ҳавасманд  бодроқ тайёрлайдиган қурилмани харид қилмоқчи. Ўзининг ҳам, яқинларининг ҳам хаёлига дарҳол Хитой келади. Ваҳоланки, бундай ускуналар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаяпти. Лекин уни излаб топишнинг иложи борми? Қисқаси, юртимизда ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотлар тўғрисида муфассал маълумот берувчи махсус веб-сайтга эҳтиёж бор. Партиямиз яқин кунларда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ана шундай сайтни яратишга киришади.
Афсуски, семинар-тренингларни ташкил қилишда айрим жойларда кампаниябозлик сезилаяпти. “Шунчаки бир тадбир-да буям, ўтади-кетади” қабилида ёндашаётганлар ҳам бор.  Вобкент туманида бўлиб ўтган тадбирда хусусий сектор билан иш олиб борувчи бир ташкилот мутасаддиси оддий саволларга ҳам жавоб бера олмади. Мутахассисларни таклиф қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Айни пайтда уларнинг ёшлар билан бўлиб ўтадиган тадбирларга пухта тайёргарлик кўриб келиши шарт, деб ҳисоблайман. Ахир, йигит-қизларнинг зеҳн-заковати чакки эмас, улар бераётган баъзи саволлар манаман деган мутахассисни ҳам гангитиб қўяди.
– Кадрлар масаласи ҳар доим муаммо бўлган, тўғрими? Партия ҳудудий ташкилотларида ёшлар билан ишловчи ходимларнинг савия ва малакасидан кўнглингиз тўляптими?
– Шиддат билан ўзгараётган давр кўпгина соҳа кишиларидан икки баробар кўпроқ ишлашни талаб қилаётган бўлса, биз – ёшлар билан ишловчилардан ўн баробар зиёда меҳнат, масъулиятни тақозо этмоқда, десам сира муболаға бўлмайди. Чунки навқирон авлоднинг дунёқараши, талаб-эҳтиёжлари, онгу тафаккури замондан-да тезроқ ўзгаряпти. Биз шунга ҳамоҳанг қадам ташлашимиз, зинҳор ортда қолиб кетмаслигимиз даркор.
Ёшлар билан ишлаш бўлимларидаги ходимларимизнинг ҳаммасида ўзига яраша қобилият, зарур хислатлар бор. Лекин мазкур лойиҳалар амалга оширилиши мобайнида чуқурроқ англадимки, бугунги талаблардан келиб чиққан ҳолда уларнинг билим ва малакасини оширишни яна давом эттириш, уларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш лозим.
Ёшлар билан иш олиб боришда ходимлардан кўра  партия атрофида жипслашган йигит-қизларга кўпроқ ишониш, таяниш керак, деган қатъий фикрдаман. Чунки ходимлар бармоқ билан санарли, дастурий ғояларимизга хайрихоҳ, бизга маслакдош бўлган ёшлар эса ўн минглаб... Уларнинг салоҳиятидан унумли фойдалана олсаккина марра бизники бўлади! Хусусан, фаолиятимиз янада самаралироқ кечади, қолаверса, ходимларимиз зиммасидаги юк енгиллашади. Фидойи, ташаббускор йигит-қизларни устувор вазифаларимизни амалга оширишга кенг жалб қилиш, бу борадаги ишларга йўналтириш – асосий мақсадимиздир.
“ХХI asr” мухбири
Беҳзод ИСРОИЛОВ
суҳбатлашди.

САФДОШЛАРИМИЗ КЎМАГИ БИЛАН сергелилик 40 нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди

O‘zLiDeP Сергели туман Кенгаши ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган аҳоли бандлигини таъминлаш дастури амалга оширилишини таъминлаш мақсадидаБўш иш ўринларимеҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 30 дан ортиқ корхона ва ташкилот, тадбиркорлик субъекти 790 та бўш иш ўрни билан иштирок этишди.

Партиянинг “Ёш мулкдор – юрт таянчи” лойиҳаси доирасида тумандаги маҳаллаларда ишсиз ёшлар қатлами аниқланиб, тадбиркорликка қизиқиш билдирганлар махсус семинарларда ўқитилди. Бошқа соҳаларда ишлаш истагини маълум қилган ёшлар эса мазкур ярмаркага таклиф этилди.
Бўш иш ўринлари билан танишган ёшлардан 63 та мурожаат тушди ва уларнинг 40 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
– Коллежни тамомлаганимдан буён икки йил ўтган бўлса-да, ҳанузгача ишга жойлаша олмагандим, – дейди ярмарка иштирокчиси Лобар Мавлонова. – Партия ходимларининг таклифига кўра ярмаркада иштирок этдим. Шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси тузиб, “Контакт инфо” МЧЖга табелчи лавозимига ишга қабул қилиндим.
– Бугун туманимиздаги “Зиёкор” маҳалласи посбони лавозимига ишга кириш учун йўлланма олдим, – дейди  Абдулазиз Шералиев. – Вазифамни сидқидилдан адо этиб,  юрт осойишталигига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Мазкур тадбирда партия фаоллари ҳамкорлар билан шу сингари ярмаркаларни бошқа туманларда ҳам ўтказишга келишиб олдилар.

Ўз мухбиримиз

АҲВОЛ ҚАЛАЙ, ТАДБИРКОР?


Ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизликлари оқибатида катта миқдорда товон тўлашига тўғри келаётган божхона, банк ва бошқалар хусусида

Ҳар нарсанинг сўроғи-ю саволи бор. Тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимояси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган экан, бу борадаги сўроқ-саволларнинг жавоби ҳам шунга яраша бўлади.  Шундай бўлмоқда ҳам. Аниқ мисоллар керакми?  Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бўлими бош­лиғи Абдуманнон БЎРИЕВда мисоллар  керагича топилади. Бошқарманинг  Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлимини бошқараётган суҳбатдошимиз гапни бир бошдан бошлади:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги  “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишларга, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш соҳасида маъмурий тўсиқ ва ғовларни яратишга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди.
Шунингдек, вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли асосда ўрганиб боради.
– Хўш, мазкур вазифаларни бажаришда вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тадбиркорларимиз ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашда адлия идораларининг кўмагига суянишяптими?
– Бўлмасам-чи! Тадбиркорлар мурожаати кўрсатмоқдаки, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйиш, хотиржам ишлашига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биргина жорий йилнинг 1 апрелига қадар бошқармамизга 156 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 82 таси қаноатлантирилди, 10 таси рад этилган, 53 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
– Рақамлар умумий манзара хусусида тасаввур беради, албатта. Тасаввуримизни янада бойитиш учун  айримларининг тафсилоти билан  таништирсангиз.
- Бажонидил. Бўлимимизга йилнинг дастлабки ойида “Family group” ва “Arktika botlers” қўшма корхоналари томонидан бир хил мазмунда шикоят келиб тушган эди. Мазмуники, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан мазкур корхоналарга нисбатан божхона имтиёзлари қўлланилмаётган экан. Натижада улардан божхона тўловлари меъёридан кўпроқ ундирилган. Мурожаатлар ўрганилди. Қарасак, иккала субъектнинг ҳам ҳуқуқи бузилган. Мазкур ҳолат юзасидан  бошқармага тегишли тақдимномалар киритсак-да, ўзгариш бўлмади. Бу ҳолатга шунчаки қараб бўлмайди, тўғрими?  Мана, натижаси: бошқарма бўлим бошлиғи Н. Салимжонов зиммасидаги вазифаларни лозим даражада бажармагани сабаб  унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик чорасини қўллаш тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима қўлланилди. Бундан ташқари Тошкент шаҳар божхона бошқармасидан “Family group” ва “Arktika botlers” қўшма корхоналарига тўланган  ортиқча тўловлар – 350 миллион  сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди!

– Юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаётган банк муассасалари қаторида уларга моддий кўмак беришдан бош тортаётган ёки турли важлар билан фаолият ривожи учун энг муҳим омил –  кредит бериш, ҳисоб-рақам очишни кечиктириб, ишбилармонларни бесабаб сарсону саргардон қилаётган ҳолатлар ҳақида ҳам тез-тез эшитиб қоламиз. Натижада ишлаб чиқариш субъектлари фойдани бой беришади...
– Дарҳақиқат, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, иш жараёнида бундай қонунбузарликларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Чет эл инвестицияси иштирокидаги “Ангрен электродлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х. Маҳбубов узоқ вақт ана шундай саргардонликларни бошидан кечириб келган. Бунга унинг акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг Миробод туман филиали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган хатини ўрганиш жараёнида амин бўлдик. “Ангрен элекродлари” масъулияти чекланган жамияти импорт ўрнини босувчи, янги такомиллаштирилган пайвандлаш электродларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бундан ташқари, “Ангрен” махсус индустриал зонаси аъзоси ҳисобланади. Жамият раҳбари фаолиятни ривожлантириш учун акциядорлик-тижорат “Халқ банки” Миробод туман филиалига ариза билан мурожаат қилиб, керакли миқдордаги кредит ажратишни сўраган. Банк раҳбарияти эса бунинг учун жамият ўз ҳисоб-рақамини  “Ўзсаноатқурилишбанк” Ангрен шаҳар филиалидан АТ “Халқ банки” Миробод филиалига ўтказиши лозимлигини маълум қилади. Х. Маҳбубов дарҳол сўралган ҳужжатларни банкка тақдим қилади. Бироқ... ҳисоб-рақам нақд 460 (!) кундан сўнггина очилади. Натижада тадбиркорлик субъекти катта миқдорда моддий ва маънавий зарар кўради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бошқармамиз номидан  тадбиркорлик субъекти томонидан бой берилган фойдани ундиришни сўраб, Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Натижада “Ангрен электродлари” масъулияти чекланган жамиятининг бой берилган фойдаси – 100 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни банкдан ундириш ҳақида суд ҳужжати чиқарилди.
Яна бир мисол. Якка тартибдаги тадбиркор Сардор Мирзаевнинг “Халқ банки”нинг Яшнобод туман филиали томонидан кредит ажратилмаётганлигидан норози бўлиб бошқармамизнинг ишонч телефонига қилган мурожаати ҳам ижобий якун топди. Адлия бошқармасининг аралашувидан сўнг тадбиркорга 50 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.
– Амалдаги қонунларимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган...
– Жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ бошқармамиз томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тегишли ташкилотларга жами 11 та тақдимнома киритилди, натижада 13 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Уларнинг  аксарияти ҳокимлик, тижорат банклари, божхона, назорат қилувчи идораларнинг мансабдорларидир.  Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбиркорлар фаолиятига тўғаноқ бўлган 26 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Тегишли судларига эса тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб 24 та даъво аризалари киритилди.
– Эътирофга муносиб ҳаракатлар бу, албатта, хайрли ишларда чарчаманг.
– Раҳмат.
“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
суҳбатлашди.

“XXI asr” жавоб беради

ПАРРАНДАЧИЛИККА ҚАНЧА
КРЕДИТ БЕРИЛАДИ?

Хўжалигимда парранда боқиш ниятим бор.
Бунинг учун банклардан кредит олишим мумкинми?
П. Камолов,
Хатирчи тумани

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик шахсий ёрдамчи хўжалик ҳисобланади.
Энди сизнинг саволингизга келсак, Марказий банк бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги низомга биноан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек уруғ ва кўчатлар учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади.
Микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:
мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун – бир йиллик имтиёзли давр билан
3 йилгача;
қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача;
уруғлик, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимё­вий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга берилади.
Ана шулардан келиб чиқиб, сиз бемалол микрокредит олиш учун ўзингиз истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишингиз мумкин.

ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАМАЙСИЗ

Тадбиркорлик фаолиятимни амалга ошириш чоғида баъзи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари дилни ғаш қилади. Бундай вазиятда уларнинг устидан судга мурожаат этсам, қанча миқдорда давлат божи тўлашим керак?
К. Соипова,
Боғот тумани

Солиқ кодексининг 330-моддаси 3-бандига кўра, тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Хўжалик судларига мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.


ИШДАН БЎШАТИШ САБАБЛАРИ ЁЗИЛМАЙДИ

Айрим сабабларга кўра ишдан бўшатилган пайтда иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш сабаблари меҳнат дафтарчасида қайд қилинадими?
Ш. Ҳотамов,
Бахмал тумани

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.
Иш берувчи корхона беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.
Иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт. Ходимнинг илтимосига кўра меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди. Бу ҳақда Меҳнат кодексининг 81-моддасида қайд этилган.

СОЛИҚ СОЛИШДАН ОЗОД ЭТИЛАСИЗ

Турмуш ўртоғим вафот этган. Уч нафар фарзандим мактаб ўқувчиси. Айтинг-чи, амалдаги қонунларимизда менга қандай солиқ имтиёзлари бор?
З. Ботирова,
Узун тумани

– Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади.
Бунинг учун сиз эрингизнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, янги никоҳдан ўтмаганлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олинмаслиги ҳақидаги маълумотномани яшаш жойингиздаги солиқ идорасига тақдим этишингиз керак. Ана шундан сўнг сизга бундай имтиёз берилади.

ОЛДИНДАН ОГОҲЛАНТИРИЛАДИМИ?

Ишхонамизда иш ҳажмининг қисқариши муносабати билан ходимлар сонини ҳам қисқартиришмоқчи экан. Шундай вазиятда ходимлар олдиндан огоҳлантирилмайдими?
С. Тўлаева,
Чиноз тумани

Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабига кўра иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:
1) меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан, шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда – камида икки ой олдин;
2) меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда – камида икки ҳафта олдин.
Огоҳлантириш муддати давомида, меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришни истисно этганда, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди, меҳнатга оид муносабатларнинг корхона тугатилганлиги натижасида бекор қилиниши бундан мустасно.
Саволларга Зангиота тумани
10-сонли давлат нотариал идорасининг
катта нотариуси Зулфия МУСАКОВА жавоб берди.

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ






Наим КАРИМОВ,
филология фанлари доктори,
профессор:




– Мен уруш даврининг фарзандиман. Ўз отамнинг уруш даврида қандай қийинчиликларни бошдан кечирганларини яхши билмайман. (Отам бу ҳақда сўзлашни хуш кўрмаганлар). Аммо амаким баъзан-баъзан уруш йилларини эслаб, аудиторияга гўё ҳеч нарса бўлмагандек, доим оқ кўйлак устига костюм кийиб, галстук тақиб кирганлари ва дарс берганларини, лекин бу кўйлакнинг фақат ёқасию олд томони ҳамда бошқа кўйлакнинг калта енги – манжети бўлганини айтар эдилар. Улар мансуб бўлган авлод зиёли номини баланд ушлар, шунинг учун ҳам халқ зиёлиларни астойдил ҳурмат қиларди. Ҳозир-чи, фан доктори дипломи билан бозорда чодир тикиб ўтирган кишилар йўқми? Шеърият ва матбуот оламини тарк этиб, бозордан макон топган кишилар йўқми? Тўғри, уларнинг баъзилари турмуш тақозоси билан шундай йўлни танлашган. Лекин агар улар юрагида ҳам ҳақиқий зиёлининг қони жўш уриб турганида, балки шундай йўлни танламаган бўлармидилар? Ҳар ҳолда, шу нарса аниқки, моддий қадриятларнинг жамият ҳаётидаги мавқеи дафъатан ошиб кетганида, қалам аҳлининг фаровон ва ҳашаматли ҳаётга мойил қисми ўзга йўлни танлади. Бунинг учун уларни қоралаш эмас, балки тушуниш лозим.
Ҳозирги вақтда пулнинг, бойликнинг фетишлашгани миллатларнинг тараққий этаётганини англатмаса керак. Негаки, пул ва бойлик, худди ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Ғарбда рўй берган “олтин талвасаси”дек, инсонларни довдиратиб қўйди. Айрим аёллар ҳаё деган улуғ фазилатни унутиб қўйдилар. Меҳнатсиз ёки осон йўл билан пул топиш, бойлик орттириш касаллик тусини олди. Жамият бу касаликка қарши самарали чора ва тадбирларни топиши зарур. Шахсан мен бунинг чораларидан бири сифатида ақлий меҳнат кишиларига ва меҳнат фахрийларига бўлган муносабатни ўзгартириш, уларни қадрлаш, уларни осон йўл билан давлат орттирган, аммо маънавий пуч кишилар олдидаги мавқеини, иззатини жойига қўйиш лозим, деб биламан. Фарзанд бутун умри давомида ҳалол меҳнат қилиб, на машина ололмаган, на дала ҳовли қуролмаган ота-онасини ҳурмат қила бошласагина ва бошқа ота-оналарга ҳам шундай муносабатда бўлсагина, халқнинг маънавий оламида ўзгариш содир бўлади. Шубҳасиз, жамият бояги касалликдан нажот топиши учун бошқа “ричаг”лардан ҳам фойдаланмоғи лозим.
Модомики, баҳс эътиборсизлик ҳақида борар экан, бунинг баъзи бир илдизларига ҳам назар ташлаш зарур. Сир эмас, адабиётга муҳаббат туйғуси оила билан мактабда тарбияланади. Агар бугун туғилаётган фарзандларнинг ота-оналари нафақат Ойбекнинг “Навоий”сини, балки Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини ўқимаган бўлса, фарзандида ҳам китобга муҳаббат туйғусини уйғотолмайди. Адабиёт дарсликлари масаласига келсак, муаллифлар кўпинча ўз таниш-билишларини аввал дастурга, сўнг дарсликка киритганлари туфайли ва яна шунга ўхшаш кўплаб сабаблар билан улар йил сайин ўзгартирилиб, нашр этилмоқда. Камида тўрт-беш йил ҳалол хизмат қиладиган барқарор дарсликлар ҳамон яратилмаяпти. Бу ҳол шундай давом этаверса, айтинг-чи, ўқувчиларда китобга муҳаббат туйғуси қандай пайдо бўлади?
– Ўз вақтида руснинг улуғ ёзувчиси Достоевский: “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деб хитоб қилган эди. Аён бўлаяптики, дунёни муқаррар ҳалокатдан фақат гўзалликнинг бир ўзигина қутқаролмас экан. Агар сизу биз гўзал деб тарғиб этаётган “матоҳ”имиз гўзаллигини англаб, нозик ҳис қилгувчи, пировардида, қабул айлаб, ўз маънавий мулкига айлантириб, шу руҳ ила ҳаётга ёндашгувчи куч бўлмас экан, гўзалликнинг таъсири нолга тенг бўлаверади. Худди шундай, адабиётнинг қисмати ҳам, асосан, уни тушуна оладиган ўқувчиларга боғлиқ экан.
Устоз, ҳар қандай баландпарвоз гапларни бир четга суриб, дангалига кўчсак, адабиётнинг дунёни қутқариб қолишига умид қилса бўладими?
– Агар ёдингизда бўлса, грузинларнинг “Солдат отаси” фильмида ота рус танкчисининг узумзорни пайҳон этаётганини кўриб, ғазабга тўлиб, ёқасидан олади. Димоғи уруш ва қон ҳиди билан тўлган жангчи эса отанинг бу хатти-ҳаракатидан қаттиқ ранжийди. Унинг учун уруш шароитида, бир-икки ток кўчатининггина эмас, бутун-бутун узумзорларнинг мажақланиб ташланиши оддий ҳодиса.
Бугунги одамзоднинг димоғи пул ҳиди билан тўлган. Унинг кўзлари гўзалликнинг камалак нурларини кўришга ожиз. У узумзорнинг баҳорда, қизлар янглиғ, майин кокилларини ёйиб, бир ишком бўлиб савлат тўкиб туришидан баҳра олмайди. У узумзордан қанча даромад келишини ўйлайди ва даромад пилигини кўтариш йўлларини ахтаради. Ҳали пишиш ҳолига келмаган узум бошларини олтингугурт билан қизартиради. Биз дориланган, яъни, заҳарланган узумни витаминга бой, деб қиммат пайтида сотиб оламиз.
Дунё тугул, биргина одамзодни ўзгартиришга ҳам адабиётнинг кучи етмаяпти. Жамиятнинг ҳаётий жараёнга таъсир ўтказувчи бошқа институтлари ўз вазифаларини ҳалол бажарсагина, адабиёт, адабий тарбия самара бериши мумкин.
– “Адабиётнинг даври ўтди, китоб ўтмишда қолди”, деган ёзғириқлар нимани англатади? Бу хитоб, айниқса, сизнинг, қисман, бизнинг авлод вакиллари учун оғир айбномадек янграмаяптими?
– Афсуски, ҳозирги шароитда, ҳатто “китобхўр” ота-оналар ҳам фарзандлари учун ўрнак бўлмай қолдилар. Ҳаёт дарёси айрим фарзандларни ўз гирдобига тортиб, ҳатто ота-оналаридан, улар ўсган маърифат боғларидан ҳам узоқлаштириб бормоқда.
Менинг ёшлигим ўтган маҳаллага яқин жойда тўртта кутубхона бўларди. Бу кутубхоналарнинг биридан иккинчисига ўтиб, қайси бири бойроқ бўлса, ўша кутубхонага лангар ташлардик. Ҳозирги айрим ёшлар томдаги ликоп орқали келаётган видео-ахборотдан на руҳга, на ақлга озиқ берадиган кўрсатувларни ёки компьютерга жойланган ўйинларни кўришга азиз умрларининг азиз соатларини бағишлайдилару бадиий асарни ўқишга тоқатлари етмайди. Аввалги авлодлар юрагида жўш урган ворисийлик қони ўз кучини йўқотган кўринади. Энг даҳшатлиси шундаки, шундай яшаш йўсинига кўниккан кишилар фикрсизланиб, бошқалар иродасининг оддий ижрочисига, роботларга айланиб қолиши мумкин.
...Ҳаёт мавзу билан тўла. Агар ёш ижодкор шуҳрат қозониш, мукофот олиш, фаровон ҳаёт кечириш илинжи билан қўлига қалам олса ва ўз мақсади йўлида изчил ҳаракат қилса, орзусига, албатта, эришади. Лекин унинг ўсиб-унишига, яхши асарлар ёзишига, миллий адабиётимизнинг юксалишига муҳим ҳисса қўшишига умид қилган кишилар доғда қоладилар. Адабиёт шуҳрат қозониш, кўкракларини турли-туман нишонларга тўлдириб олиш ёки кекириб яшаш учун бино бўлган майдон эмас. Ҳар бир яхши асар юрак қони билан ёзилади. Йўлчининг вафот этганини ёзаётган пайтида, Ойбек беҳуш бўлиб қолган. Абдулла Қодирий Кумушнинг қабртоши учун марсия сўзларини ёзаётганда, кўзларидан оққан ёшини тўхтата олмаган. Бальзак Горио отанинг ўлимини ишонарли тасвирлайман, деб қарийб клиник ўлимни бошидан кечирган. Ёзувчи асарни юрак қони ва дил сўзи билан ёзган тақдирдагина, асар умри билан туғилган бўлади. Ҳозир ёзилиб ташланаётган детектив асарларни тўрт-беш йилдан кейин ҳеч ким ўқимаслиги мумкин. Аммо китобхон зоти озайиб кетган бўлса ҳам ўзида “Ўтган кунлар”га ўхшаш асарларга ташналик сезади.
Суҳбатдош : Улуғбек ҲАМДАМ
2010 йил

ДАВРАЛАРНИНГ ТЎРИ СИЗНИКИ!



Иминжон ота ТЕМИРОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси,
Андижон вилояти:

– Ўйланг, айни қирчиллама йигит ёшида урушга кетган менинг тенгдошларим бир асрни қоралаб қолди, ахир. Бундай ёруғ, саодатли кунларга етиб келишнинг ўзи бўлгани йўқ-да, азизлар!
...Қишлоқнинг файзли хонадони. Ҳовли саҳнидаги шинам сўрида оҳиста мудранаётган донишмандсифат нуроний отахоннинг хаёли олисларга кетади. Кўз олдидан тасмадек ўтаётган уруш лавҳалари туйқус уни сескантиргандек бўлади. Ногоҳ гўё кўзлари ярқ этиб очилгандек атрофга шукрона назар билан боқади...
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли талотумларида кечган кунлар андижонлик Иминжон ота Темировнинг ёдидан ҳеч қачон чиқмайди. Оловли йиллар хотираларини фарзандларига, невараю эвара-чевараларига сўзлар экан, тилидан шукрона тушмайди:
– Дориломон кунларнинг қадрига етайлик. Биз урушни кўрдик, унинг нима эканлигини, даҳшатини биламиз. Барака топсин, муҳтарам Президентимиз кексаларни  эъзозлаш ва уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратяптилар. Айниқса, “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини телевизорда эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Бизнинг сафимиз шундоғам йил сайин эмас, керак бўлса кун-ой сайин сийрак­лашиб бораётган бир маҳалда шу даражада эҳтиром кўрсатилишининг ўзи бутун халқимизни суюнтиради. Нега десангиз, ёши улуғларни қадрлаш эртанги кун эгалари учун ҳам ўзига хос бир мактаб. Юртбошимизнинг меҳрибончилик кўрсатганликларидан руҳланиб,  Яратгандан жаннатмонанд Ўзбекистонимизни, бағрикенг, меҳр-муҳаббатли халқимизни ҳар лаҳзада қўллаб туришини сўраб, дуолар қилдим.
...Тасаввур қиляпсизми, бундан роппа-роса 75 йил аввал, яъни, 1942 йилда биринчилардан бўлиб урушга кетган Иминжон отанинг кўрган-кечирганлари кино ёки китобларга сиғмайди. Ўзга элларда кўрган азоб-уқубатлари, оғир жароҳатлари ҳақида сўрасангиз, жимгина хаёл суради ва секингина “Қўйинглар, бизнинг авлод бошига тушган кўргуликлар энди эртакка айлансин” деб қўяди.  Жаҳаннам ўчоғидан ой бориб, омон қайтиш насиб этган Иминжон бобо ўзининг қадрдон Марҳаматига қайтиб келгач, умрини дала ишларига бағишлади. Пахтачилик ва бошқа соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Тўққиз фарзандни тарбиялаб, вояга етказди.
Бугунги кунда отахон 39 невара, 45 чеваралар даврасида эъзоз-ардоқда. Бу хонадонга нафақат қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, балки туман, вилоятнинг бошқа гўшаларидан ҳам бу дуогўй, фариштасифат инсонни бир кўрмоққа, зиёрат қилмоққа орзуманд юртдошларимиз кўп келишади.

***

– Бобожон, уруш дегани нима?
– Болам, эртакларда ўқигансан: оғзидан олов чиқарадиган аждарҳо бор-ку, ана ўшанинг ўзи. Қўй, урушни тилингга олма, болам. Тинчликдан, хотиржамликдан сўзла фақат...
Умарали ота чеварасининг бошини силади. Ёдида машъум уруш хотиралари жонланди. 1942 йил. Қонли тўқнашувлар... Ота кўзларини чирт юмди! Қани энди унутиб бўлса, воз кечиш мумкин бўлса бундай азобли хотиралардан...
– Дунёда тинчлик-осойишталик деган улуғ неъмат бор экан, ҳар соатда шукрона келтирсак арзийди, – дейди  отахон кипригида милтиллаган ёшларни яшириб.
Жалақудуқ тумани Ойим қиш­лоғининг Тошлоқ маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан биргина Умарали ота Ҳайдаров қолди. Бобо баҳорни яхши кўради. Урушдан қайтиб келгач, жамоа хўжалигида ҳайдовчилик қилди. Икки ўғил, уч қизни вояга етказди.
Бугун давраларнинг, дастурхонларнинг тўри 93 баҳорни қаршилаган Умарали отаники, унга тақдирдош бўлган, юзлаб довюрак, жасур ва мард инсонларники. Зеро, бундай нуроний боболарни ҳар куни, ҳар лаҳза қадрласак, ардоқласак, эҳтиром кўрсатсак, барибир кам.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

ЭЪТИБОР ВА ИШОНЧ ҚОЗОНИШ КЕРАК

Бугун мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий соҳаларда воқеалар ривожи, ислоҳотлар шиддати, янгиланиш одимлари шунчалик тезлашяптики, ўтаётган ҳар бир кунимиз йиллар мазмунига тенг бўлмоқда. Зеро, барча жабҳаларда халқимизнинг ҳаёт тарзи ва табиатидан келиб чиқиб, жонли ва ҳаётий ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этиляпти. Муҳими, янги шакл ва мазмун касб этаётган ислоҳотлар ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаро ҳаётига кириб бормоқда.
Яна бир гап. Сезим шундаки, вақт ўтгани сайин одамлар давлат идораларига эмас, давлат идоралари одамларга яқинлашяпти. Бу эса Президентимизнинг “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз” деган сўзлари амалда ўз исботини топаётганидир.
Табиийки, бундай эзгу, устувор вазифалар ўз навбатида парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Бугунги кунда депутатлар ўз фаолиятларини тубдан қайта кўриб чиқиб, сайловчилар билан учрашувларнинг мазмун-моҳияти ҳамда шаклини ўзгартирмоқда. Расмиятчиликдан иборат бўлган турли кўринишдаги тадбирлар ва кабинетда хонанишин бўлиб вазиятни муҳокама қилишдан буткул воз кечилиб, ҳар бир юртдошимиз қалбига кириб боришнинг таъсирчан йўллари изланяпти. Эл ишончини қозониш учун бу каби долзарб вазифаларни адо этиш эса ўз самарасини бераётир. Ушбу фикримизни депутатларимизнинг жойларда аҳоли вакиллари билан бўлган навбатдаги учрашувлари ҳам тасдиқлайди.
Мавзуни даставвал мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди – ХОРАЗМдан бошлаймиз. Биласиз, бу ердан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасида Клара Жумамуратованинг ҳам ўз ўрни бор, албатта. Фракциямиз аъзоси Гурлан туманида яшаётган сайловчилар билан самимий мулоқот қилиб қайтди.
Депутатимизнинг изоҳ беришича, тумандаги масъуллар иштирокида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг ҳар бир мурожаати обдон ўрганилди. Ечимини кутаётган масалаларни қонунчилик асосида ҳал этиш бўйича зарур маслаҳатлар берилди.
Депутат билан боғланиб, учрашувлар тафсилоти билан қизиқдик.
– Ҳорманг, Клара Шахназаровна!
– Саломат бўлинг!
– Гурлан туманидаги ўрганиш натижалари хусусида қисқача гапириб берсангиз. У ерда вазият қандай?
– Қарийб ўн кун мобайнида, туманнинг “Сахтиён”, “Олға”, “Эшимжирон”, “Вазир”, “Хизир-эли”, “Дусимбий”, “Бирлашган”, “Гулистон”, “Шоликор” қишлоқ фуқаролар йиғин­­лари, Гурлан шаҳарчасида бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, очиқ, самимий мулоқотлар давомида аҳоли томонидан 116 та аниқ масала бўйича 402 та мурожаат қилинди. Уларнинг аксарияти жойида ечимини топди.
Туманда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатяптики,  ҳали яна кўплаб камчилик­лар мавжуд. Бу табиий ҳол. Чунки, ҳаёт бор экан, инсон бор экан, ­муаммолар ҳам бўлади. Хусусан, айни пайтда туманда жами 504 та савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 178 таси тўлов терминаллари билан таъминланмаган. Вазир қиш­лоғи (Ўзбекистон ҳудуди) “Қангли”, “Оққум”, “Олчин” ва “Хизир эли” қишлоғининг “Деҳқон” маҳалласи ҳудудида аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи субъектларнинг (кийим кечак ва пойабзал таъмирлаш устахонаси, гўзаллик салони, ҳаммом, маиший электр жиҳозларини таъмирлаш устахонаси) йўқлиги маълум бўлди. Худди шунга ўхшаш қатор камчиликлар атрофлича ўрганилиб, тегишли идораларга депутатлик сўровини жўнатдик. Табиийки, уларнинг ижроси устидан қатъий депутатлик назорати олиб борамиз.
– Демак, ­асосий муаммо ва камчиликлар қуйи бўғинда – пастда. Шундай эмасми?
– Шундай-у, лекин, бугунги шароитда бизнинг вазифамиз фақат одамларнинг мурожаатларини эшитиш, арзномаларини ўрганишдангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки аҳолининг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтиришга ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада айниқса сўнгги йилларда қабул қилинган долзарб қонунлар, халқчил фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини уларга атрофлича тушунтиришимиз керак. Амалий мулоқотлар давомида бунга яққол эҳтиёж сезилди. Зотан, аҳолида ҳуқуқий саводхонлик, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси янада ортса, бизсиз ҳам муаммолар ҳал бўлиб бораверади.
Хўш, бунинг учун қандай механизмлардан фойдалансак, самара биз кутгандек бўлади?
– Фикримча, мақсад аҳоли орасига янада чуқурроқ кириш, нисбатан кенгроқ аудиторияни қамраш экан, энг аввало, бу борада оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланишимиз зарур. У хоҳ босма нашр, телевидение ёки радио бўлсин, чиқишларимизни кўпайтиришимиз ва мулоҳазаларимизни оддий ва содда тилда баён этишимиз даркор.
Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири
***

ҚАШҚАДАРЁ

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзолари Қаҳрамон Эргашев, Гулшана Худоёрова ва Ўткир Бўтаевлар воҳанинг Қамаши туманидаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишди.
Очиқ мулоқотлар давомида ечимини кутаётган муаммолар рўй-рост айтилди. Хусусан, Қоратепа қишлоғи аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, шифокор Камол Хуррамов “Сирожиддин фарм” масъулияти чекланган жамияти қошида дорихона ташкил этган. Лицензия ололмаётганлиги боис дорихонани ишлата олмаяпти. Тўқбой маданият ва аҳоли дам олиш маскани ишга туширилган. Бироқ, тўгарак раҳбарлари учун штатлар ажратилмаганлиги боис маскан талаб даражасида фаолият олиб бораётгани йўқ. Шаҳноза Аҳмедова ва Бахтиёр Бобомуродовлар лимонарий ташкил этиш учун жой ҳозирлаб қўйишибди. Агар кредит ажратилса, цитрус мевалар етиштиришни бошлаб юборишларини маълум қилдилар. Шу ва бошқа масалаларни депутатларимиз ҳар томонлама ўрганишди. Уларнинг бир қисми жойида ҳал этилиб, қолганлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
– Хусусий корхонамизни ташкил этиб, чорвачиликни ривожлантиришга қўл урганимизга кўп йиллар бўлди, – дейди Қоратепа қиш­лоғида яшовчи, “Озод нур” хусусий корхонаси раҳбари Муаттар Аллаева. – Айни пайтда тасарруфимизда 200 бош қўй, 30 бош қорамол ва 50 бош от бор. Уларни озуқа билан таъминлашда ниҳоятда қийналяпмиз. Қонунчилик палатаси депутатлари билан мулоқотда туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган фермер хўжалиги ерини олишимизга амалий кўмак сўрадик. Таклифимиз назоратга олинди. Ўйлайманки, тез орада хушхабар эшитамиз.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“XXI asr” мухбири

***

САМАРҚАНД

– Депутат ўз номи билан халқ вакили. Шундай экан, у доимо одамлар орасида бўлиши, ҳар бир кишининг дардини, қувончини ўзиники деб билиши керак, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров. – Ана шу масъулиятни яна бир карра ҳис этан ҳолда навбатдаги ўрганувимиз вилоятнинг Пастдарғом туманига қаратилди. Ўн кун мобайнида 1360 та хонадонда бўлиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлдик. Учрашувларда 618 та масала кўтарилди. Кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилди. Мисол учун, тадбиркорлар Зебо Юсупова, Майрам Бердиева, Майрам Бобоёрова, Гулбаҳор Бўриеваларга “Микрокредитбанк” туман филиалидан терминал аппарати олиб берилди. Шунингдек, Марказий шифохона тўлов терминали билан таъминланди.
Депутатлар томонидан фуқароларни ташвишга солаётган масалаларнинг ечимига ёхуд уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган, шунингдек, туман иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаси объектларининг нормал фаолиятини ташкил этишни таъминлаш бўйича туман ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари номига 57 та депутатлик сўровлари юборилди.
Ўрганишлар жараёнида шунингдек, туман иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ишлатилмаган захиралар мавжудлиги кўриниб қолди.
Хусусан, Пастдарғом тумани пахта етиштиришда Самарқанд вилоятида етакчи ҳисобланса-да, бу ерда қайта ишлаш, экспортбоп трикотаж ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш корхоналари учрамайди. Ушбу соҳага хорижий ҳамкорларни жалб этиш ва уларга яхши инвес­тицион муҳитни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ҳам қониқарли деб бўлмайди. Туманда ҳар йили ўртача 23 минг тонна узум етиштирилаётган бўлса-да, маҳсулотни қайта ишлайдиган завод йўқ. Бундай корхоналарни ташкил этиш, туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳолини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмоқда.
Шу ва шунга ўхшаш масалалар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли давлат идораларига таклифлар тайёрланмоқда.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбири



***
ЖИЗЗАХ вилоятининг Шароф Рашидов туманида олиб борилган ўрганиш давомида қатор ижтимоий соҳадаги масалалар билан биргаликда туманда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришдаги камчиликлар, уларнинг сабаблари ҳам чуқур таҳлил қилинди. Туманда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган жами тадбиркорлик субъектлари сони 1688 тани ташкил этган бўлса, уларнинг 94 таси турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти. “Агробанк” Шароф Рашидов тумани филиалига бириктирилган 6654 та хонадонларнинг барчаси қамраб олинган ва уларнинг 2731 таси тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. Лекин, уларнинг 171 тасига кредит берилган, холос.
Якка ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ҳам қониқарли, деб бўлмайди.
Депутатлар ушбу камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишди.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“XXI asr” мухбири
***
ФАРҒОНА. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ишчи гуруҳи жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири Фарғона туманида бўлдилар. Учрашувларда аҳолини ташвишлантираётган аксарият муаммолар ўз ўрнида ҳал қилинди.
Водил қишлоғининг Еттичинор кўчасида яшовчи Тўхтахон Эркабоева хонадонига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева келгач, муаммо ечим топди. Гап шундаки, Т. Эркабоева айни пайтгача қандли диабет касаллиги билан эндокринолог шифокор назоратида турган. Аммо сўнгги пайтлардаги даволанишида дори-дармон етишмовчилигига дуч келди. Шу боис у фракция­миз аъзосига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Натижада депутат аралашуви билан беморга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан керакли дори-дармонлар етказиб берилди.
Туман аҳлининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган яна бир муаммо шундаки, ҳудудда архив мавжуд эмас. Оқибатда аҳоли 50-60 чақирим йўл босиб, Марғилон шаҳрида жойлашган архивга боришга мажбур бўлмоқда. Шу боис, туман марказига янги архив биносини қуриш юзасидан “Ўзархив” агентлигига депутатлик сўрови жўнатилди.
Хуршид СУЛТОНОВ,
“XXI asr” мухбири


***
ТОШКЕНТ вилоятининг чекка ҳудудларидан бири Бекобод ҳақида эшитсангиз биринчи галда хаёлингизда нелар гавдаланади? Саноат, кон-металлургия, адоқсиз далалар ва бўйсунмас шамоллар... Шундай эмасми? Иссиқхонангиз, оғилингиз, яшаб турган уйингиз суянчигача Бекободда ишлаб чиқарилган арматура, швиллерь, устун ўрнатганингиз эсга тушади. Миллий маҳсулот, истайсизми йўқми, киши қалбида ватанпарварлик туйғулари унишига, барқ уришига сабаб бўлиши-да айни ҳақиқат. Бир сўз билан айтганда, Бекобод мамлакатимизда локомотив ҳудудлардан бири.
Бекобод туманининг Далварзин маиший касб-ҳунар коллежида ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонларни ўйлантираётган муаммолар ечими ҳамда уюшмаган ёшларга қулай меҳнат муҳитини яратиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтишди.
– Одамлар орасида юриб, уларнинг ҳаёт тарзи, турмуш даражаси ва бандлигидан хабардор бўлиш халқ вакилларнинг асосий вазифасидир. Модомики, халқимизни ўйлантираётган айрим муаммоларни ўз жойида ҳал қилишга кўмаклашиб, ёшларимизнинг келажак режаларини амалга оширишга камарбаста бўлсаккина, аҳолининг депутатларга бўлган ишончи янада мустаҳкам бўлади, – дейди парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоси Муҳаббат Тўхтаева. – Навбатдаги мулоқотлар давомида таҳлилий ўрганиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, маҳаллаларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг фаоллиги, сиёсий жараёнлардан воқифлиги ҳамда тадбиркорликка, меҳнат қилишга бўлган иштиёқи баланд. Табиийки, натижалар ҳам шунга яраша.
Тадбир давомида тадбиркор ва маҳалла фаолларининг муаммоли мурожаатлари тингланиб, фаолиятга тўсиқ бўлаётган ғовларни бартараф этишга кўмаклашилди. Республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган аҳамияти катта мурожаатлар эса ён дафтарчаларга белгилаб қўйилди.
Шундан сўнг депутатларимизнинг уйма уй юриб ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни билиш юзасидан амалга ошираётган ишлари салмоғини билиш мақсадида мусиқага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактабида жойлашган штаб биносига ташриф буюрдик. Барвақтроқ келибмиз чоғи, депутат ва сенаторлар ҳали маҳаллалардан қайтишмаган экан. Маълум вақт ўтиб Ишчи гуруҳ аъзолари бирин-кетин кела бошлашди.
– Аҳолининг қонуний талаб ва истакларини қондириш юзасидан олиб борилган ишлар давомида 1000 га яқин аҳоли хонадонларидаги шароит яқиндан ўрганиб чиқилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Виктор Пак. – Уларнинг аксари томорқалардан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш, банк томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратилиши борасидаги эҳтиёжлардир. Мурожаатлар ўрганилиб, эгаларига тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Биз касб тақозосига кўра депутатларимиздан бири таъкидлаб ўтган “амалий ёрдамлар” аслида қандай бўлгани билан қизиқдик. Масалан, партия­миздан парламентга сайланган депутатимиз Расул Кушербаев кўмагида Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастрида хизмат қилиб, ташкилотнинг вилоят бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган 11 нафар фуқаронинг бекор қилинган меҳнат шартномаси тикланишига эришилди, компенсация тўловини ундириш борасидаги шикоятлар бир неча кунлик текширувлар давомида асосли деб топилиб, тегишли идоралар иштирокида ижобий ҳал қилиб берилди. Шу билан бирга чорвачиликка қўл ураман деб турган ва бу йўлда банкдан кредит олишга қийналаётган фуқаролар мурожаати қондирилди: уларга икки кун ичида 22 миллион 200 минг сўм миқдорида кредит маблағи банкдан олиб берилди.
Дарвоқе, Ишчи гуруҳ аъзолари билан суҳбат чоғида бизни бир жиҳат ҳайратга солади. Сиз ҳам эшитиб кўринг-а:
– Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан яқиндан танишиш давомида бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳанузгача ўз биноларига эга эмаслиги аниқланди, – дейди Муҳаббат Тўхтаева. – Туман ҳокимлиги билан қисқа муддатда ушбу масала ўрганилиб, Дўстлик ва Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинларига бўш турган бинолар ажратиб берилишига эришдик. Шу билан бирга тумандаги Зафар шаҳарчасидаги Гулистон, Истиқлол, Бўстон маҳаллаларида махсус график асосида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тизими ҳам ташкил этилди.
Бекобод туманининг ҳақиқий аҳволини ўрганишда қувонарли ҳолатлар борлигига ҳам исботлар талайгина. Хусусан, “Деҳқонобод” фуқаролар йиғинида жойлашган “Ўзбекобод” маҳалласининг ўзида 20 га яқин хонадон ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Ғалаба, Далварзин, Ўзбекистон каби ҳудудларда аҳолининг деярли 60-70 фоизи тижорат банкларидан шахсий томорқасида ўз бизнесини бошлаш учун кредит маблағларини олиб улгурган.
Қисқаси, ҳудудда бўй кўрсатиб турган ижобий ҳолатлар анчагина, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Асосийси, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек фуқароларнинг шахсий ташаббуси ва келажакка бўлган интилишлари ҳавас қилиб ўрнак оларли даражада. Муҳими, жойи келганда қўллаб-қувватланса бас.
Сардор ТУРОБОВ,
“XXI asr” мухбири

БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ


Ёшлигимда ўзбек тилига таржима қилинган баъзи хорижий фильмлардаги бир лавҳа ҳайрон қолдириши баробарида ҳавасимни ҳам орттирар эди: “Вояга етмаган болалар кўчада милиция ходимига кўринмасликка ҳаракат қилишар, атрофни кузатиб юрган (хизмат хонасида ўтирмасдан...) мелиса амаки мактаб ёшидаги ўғил-қизларни кўрса, нега мактабга бормаганини сўроқ қилар ва нозирхонага бошлар эди...”.
Бу бежиз эмас: мактабга бормай, кўчада ўйнаб юрган ўқувчини кўрганда, сўроқ қилган инс­пектор ёки маҳалла раисини деярли учратмасдик-да. Саёқ юриб, безориликни ўзига касб қилиб олган болакай ўзини “маҳалласининг шери” ҳисоблаб, теккангаям, тегмагангаям тош отаверади, охири кимнингдир бошини ёради-қўяди. Ана шундан кейин (жабрланган боланинг ота-онаси мурожаат қилгач) милиция ходими уни излаб уйи­га келади, бола ва ота-онасини сўроқ қилади, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради...
Аммо барчага маълумки, касални даволагандан кўра...
Ана шу мақсадни кўзлаган ҳолда Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 9 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасида ҳафтанинг пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни”, деб эълон қилишни таклиф этди. Эндиликда шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради.
Олмалиқ шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими ходимлари ҳам тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ва мактабларда давомат тадбирлари ўтказишмоқда. Ушбу жараёнда дарсга сабабсиз қатнашмаётган бир нафар ўқувчининг ота-онаси билан суҳбат ўтказилди, уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чоралар кўрилиши учун ҳокимлик ҳузуридаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига юборилди.
Бундан ташқари, содир этилган жиноятларда шубҳа остига олинган 45 нафар шахс милиция таянч пунктларига келтирилиб, уларнинг 15 нафарига нисбатан мазкур кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий чоралар белгиланди.
– Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартиби, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини сафарбар этиши лозим, – дейди Олмалиқ шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи Анвар Хўжакелдиев. – Шу мақсадда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотини ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида чуқур таҳлил қилиш йўлга қўйилди. Айниқса, Президентимиз жорий йил 10 апрелда имзолаган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний  манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериши баробарида зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Зеро мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида тизимдаги ҳар бир ходим фаолияти самарадорлиги ошади.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири

АМУ СОҲИЛИНИНГ БОЛ НЕЪМАТЛАРИ жаҳон бозоридан муносиб харидорлар топмоқда

Мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг аграр соҳага оид йўналишлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам изчил амалга оширилмоқда.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг оролбўйилик соҳибкорлар учун ҳам баракали бўлиши кутилмоқда. Жорий йилда ҳудудда 26,2 минг гектарга сабзавот, 11,8 минг гектар ерга полиз экинлари, 7,6 минг гектарга картошка экилади. Натижада 354 минг тонна сабзавот, 147 минг тонна полиз, 109 минг тонна картошка етиштирилиши мўлжалланмоқда. Боғ ва токзорлардан 80,7 минг тонна мева, 12 минг тонна узум олиниши режалаштирилган. Бу йил 108 нафар фермер 186 гектар ерда интенсив боғ яратади. Шу билан бирга 202 гектар эски боғ, 70 гектар токзор янгиланади. Узумчилик йўналишидаги ишлар алоҳида диққатга сазовор. Қорақалпоғистон Республикасида 2017-2021 йилларда 950 гектар токзор барпо этилиши кўзда тутилган. Шу мақсадда ҳудуд иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда энг унумдор ерлар ажратиб берилмоқда. Мазкур лойиҳа шарофати билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Тармоқда замонавий технологияларни жорий этиш, аввалдан мавжуд узум плантацияларини реконструкция қилиш ҳам юксак самара беради. Айниқса, экспортбоп, серҳосил навларни кўпайтириш диққат марказида бўлмоқда. Қорақалпоғистонлик сара мева, узум ҳамда ширин полиз маҳсулотлари ижодкорлари яқинда пойтахтимизда ташкил қилинган “World Food Uzbekistan – 2017” ва “AgroWorld Uzbekistan – 2017” халқаро кўргазмаларида фаол иштирок этганлари фикримизнинг ёрқин далилидир.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фар­мони мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ҳам инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, фермерларимизнинг бу борадаги самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазири Д. Қайпов. – Ушбу фармон моҳиятини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, қишлоқ мулк­дорларига етказишда O‘zLiDeP фаолларининг саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 6 январь куни имзоланган қарорга кўра биз 88,7 минг тонна сара мева, узум, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириб, 27,2 минг тоннасини замонавий усулда қайта ишлашимиз, 27,4 минг тоннасини истеъмол учун жамғаришимиз ва 27,4 минг тоннасини экспортга жўнатишимиз керак. Бу муҳим вазифаларни бекаму кўст уддалашимиз учун куч ва имкониятлар етарли.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири

Саҳифа 1 - 143

Joomla