Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

ЕРГА...ДОРИ ЭМАС, МЕҲР БЕРИНГ

ёхуд кимёвий “боқимандалик”нинг зарари хусусида

Аҳоли кўпайгани сари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шу боис бугун жаҳон ҳамжамияти тупроқ унумдорлигини асраб қолиш устида бош қотиряпти. Лекин озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи глобал аҳамият касб эта бошлагандан бери қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ерлардан янада кўпроқ ҳосил олиш мақсадида кимёвий моддалар фаол қўлланилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу ёндашув тупроқ, сув, атроф-муҳитни турфа кимёвий моддалар ва маиший чиқиндилар билан заҳарлаяпти. Оқибатда етиштирилаётган маҳсулотларнинг таркиби ўзгариб, инсон саломатлиги хавф остида қолаётир.

Маълумотларга қараганда, ҳозир жаҳон қишлоқ хўжалигида 100 минга яқин кимёвий препаратлар қўлланилмоқда. Ҳар йили далаларга 500 млн. тонна кимёвий ўғит ва 4-5 млн. тонна заҳарли моддалар сепилмоқда. Ўсимликлар касалликларига қарши қўлланиладиган пестицид ва гербицид каби моддалар, зарарли ҳашаротлар учун ишлатиладиган инсектицидлар экологик мувозанатга салбий таъсир ўтказаётгани ҳам бор гап. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кимёвий ўғитларнинг (фосфорли, калийли, азотли) ерга муттасил солиниши натижасида нафақат тупроқнинг табиий хусусияти, балки фойдали микроорганизмларига ҳам қирон келтирилмоқда. Мисол учун, тупроқ чувалчанглари, туганак  бактериялар шундай балога гирифтор бўлмоқда.

Яқин ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, биз учун анъанавий бўлиб қолган қишлоқ хўжалиги XX асрда ўзининг ривожланиш чўққисига чиқди. Бу муваффақиятнинг бош омили эса кимёвий ўғитлар ҳамда ўсимликлар касалликларига қарши кураш воситаларининг ихтиро этилиши ва саноат тартибида ишлаб чиқарилиши билан боғлиқдир. Уларни қўллаш ҳосилдорликни салмоқли даражада, яъни ривожланган мамлакатларда ўрта асрлардаги “натурал” қишлоқ хўжалигига нисбатан 10 маротаба ошириш имконини берди. Бундан ташқари, меҳнат сарфи ва маҳсулот таннархи кескин камайди. Ўша пайтларда замонавий технологиялар ва препаратлар туфайли инсоният учун тўқ келажак сари йўл очилади, очлик ҳодисаси энди ўтмишда қолади, деб бонг урилди.

Амалиётда эса ундай бўлмади. Танганинг икки томони бўлганидек, иқтисодий имкониятлар билан бирга химикатлар экологик муаммоларни ўзи билан етаклаб келди. Биринчидан, ўсимликлар таркибида кимёвий унсурларнинг меъёрдан ошиши одамлар саломатлигига хавф туғдира бошлади. Келиб чиқиш сабаби асосан пестицид ва нитратлар билан боғланаётган касалликлар нафақат бугунги, балки келажак авлодларга ҳам таъсир кўрсатувчи гормонал хасталиклар сифатида тилга олинаётир.

Шу ва бошқа қатор сабаблар туфайли эндиликда қишлоқ хўжалигининг органик-биологик усулига мурожаат қилинмоқда. Мутахассислар қишлоқ хўжалигининг бу кўриниши қачон ва қаерда пайдо бўлганини аниқлаш мураккаб масала эканлигини таъкидлашса-да, унинг концепцияси синтетик агрохимикатлар ихтиро этилмасдан аввал мавжуд бўлганлигига шубҳа йўқ.

Мустақил йўналиш сифатида органик қишлоқ хўжалиги ХХ асрнинг бошларида шакллана бошлади. Ушбу тушунча илк маротаба Оксфорд университетининг қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиси лорд Нортборн томонидан олимнинг 1940 йилда нашр этилган “Ерга ғамхўрлик қилинг” номли китобида илгари сурилди.

Органик қишлоқ хўжалигининг асосчиларидан яна бири британиялик ботаник Альберт Говарддир. Унинг “Қишлоқ хўжалигига доир ўгитлар” китоби кўплаб олим ва фермерларга ижобий таъсир кўрсатди. Говард ўзининг илмий рисоласида кимёвий ўғитларнинг ҳайвонлар ва ўсимликларга салбий таъсирини атрофлича тавсифлаб берди. Тупроқни озиқлантиришда ўсимлик қолдиқлари ва гўнгдан тайёрланган ўғитдан фойдаланиш тизимини таклиф этди. Мазкур илмий исботланган фикр-мулоҳазалар бир вақтлар баъзи агроном ва ўсимликшуносларнинг кимёвий воситаларсиз мўл ҳосил олиш мумкин эмас, деган қарашларини йўққа чиқарди. Айни пайтга келиб дунёда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва кимёвий препаратлар ўрнига самарали микроорганизмлар технологиясидан фойдаланишга кенг ўрин берилмоқда. Экспертларнинг фикрича, ушбу микроорганизмлар кам маблағ сарфлаб, юқори самарадорликка эришиш имконини беради.

Бугунги кунда дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги ерларининг фақатгина 0,7 фоизидан органик усулда фойдаланилмоқда. Шу йўналиш ривожланаётган мамлакатларда соҳага давлат субсидиялари ажратилаётир. Хусусан, Германияда деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлаш учун федерал дастурлар қабул қилинган бўлиб, унга кўра, фермер хўжаликларида қайта ишлаб чиқариш, маҳсулотни сотувга тайёрлаш ва экологик маҳсулотни сотиш учун имтиёзли кредит олиш имконияти мавжуд.  Қолаверса, ернинг унумдорлигини сақлаб қолган ҳолда юқори ҳосил етиштириш, табиатдаги хилма-хилликни тиклаш ва тупроқнинг биологик фаоллигини ошириш, пестицид, гербицид ҳамда бошқа кимёвий ўғитлардан воз кечиб, фақатгина унинг органик турини ишлатишга катта эътибор қаратилмоқда. XIX асрнинг охири XX аср бошларида асос солинган мазкур тизимга биноан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустақил равишда фаолият юритиб,  ўғитлар, ем-хашак, зараркунандаларга қарши кураш воситаларини ўзлари ишлаб чиқаришлари ва тупроқ ҳосилдорлигини ўз кучлари билан оширишлари зарур эди. Ишлаб чиқарилган маҳсулот истеъмолчи соғлиғи ва табиатга зарар етказмаслиги қатъий белгиланди.

Айни пайтда мазкур истиқболли йўналиш янада қўллаб-қувватланиб, унинг асосий мақсади юқори қийматга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, табиий экотизимга зарар  етказмаган ҳолда фаолият олиб бориш, деҳқончиликда микроорганизмлар, тупроқ флораси ва фаунаси, ўсимлик ва ҳайвонлар дунёсидан иборат бўлган биологик циклларни рағбатлантириш, деҳқончиликда қайта тикланадиган манбалардан кенг фойдаланиш, қорамол ва чорвани табиий ҳаёт тарзига монанд сақлаш, чорва молларини даволашда антибиотиклардан фойдаланмаслик, қишлоқ хўжалиги фаолияти натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслик, деҳқончилик тизимида ирсий  биохилма-хилликни сақлашдан иборатдир.

Ушбу усуллар 1972 йилда  Францияда ташкил этилган Органик қишлоқ хўжалиги учун халқаро ҳаракат  федерацияси (IFOAM) томонидан белгиланган бўлиб, бугунги кунда унга 108 та мамлакатдан 750 та ташкилот аъзо. Эътиборлиси, Германияда чорвачиликдан олинадиган органик ўғитлар ерга киритилгач, тупроқдаги азот миқдорини ошириш учун дуккаклилар билан алмашлаб экиш усулидан кенг фойдаланилмоқда. Зеро, илмий жиҳатдан ҳам бу усул аллақачон ўзини оқлаган. Экологик мувофиқликнинг яна бир омили ўсимликлар ҳимоясининг янги тизими ишлаб чиқилганидадир.

Европанинг аксарият мамлакатларида бўлгани сингари АҚШ ва Австралияда ҳам бундай лойиҳалар жадал молиялаштирилмоқда. Бу мамлакатларда “био” ёзуви туширилган маҳсулотларга, уларнинг нархи “оддий” маҳсулотларга қараганда бир неча маротаба юқори бўлишига қарамай, талаб юқори. Талабнинг жадал ортиб бориши натижасида органик маҳсулот бозоринининг кенгаяётгани бу давлатларнинг соҳани ривожлантиришдаги иштирокини янада кўпроқ рағбатлантирмоқда. Яъни, органик қишлоқ хўжалигининг тармоқдаги улушини кўпайтиришга эътибор қаратилаётир. Сабаби, одамларнинг аксарияти органик маҳсулотларга кўпроқ пул тўлашга тайёр, бу борада талаб ортса ортаяптики, асло камаймаяпти.

Бундан ташқари, соҳа мутахассислари органик қишлоқ хўжалигининг асосида ётган қадриятларга интилиш анъанавий қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишга ҳам кўмаклашишини эътироф этишмоқда. Бунда ўғитлардан фойдаланиш устидан назорат қатъийлашади, антибиотиклардан фойдаланиш таъқиқланади, алмашлаб экишнинг экологик технологиялари жорий этилади. Қолаверса, илмий тадқиқотлар ҳам бу борадаги изланишларни тезлаштиради. Бугунги кунда органик қишлоқ хўжалигидаги турли паразит ва касалликлар билан боғлиқ муаммоларни қисман ҳал этадиган қатор биологик фаол препаратлар ҳам яратилган. Шу сабабли мазкур тармоқнинг ривожланаётгани албатта ижобий ҳодисадир.

Бир сўз билан айтганда, айни пайтда дунё ҳамжамияти ва қатор халқаро ташкилотлар мазкур йўналишда кўплаб лойиҳаларни ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга тадбиқ этишмоқда. Мақсад табиат туҳфаси бўлган унумдор ерларни асраб-авайлаш, уларни кимёвий моддалар билан “боқиш”ни камайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини табиий усуллар ёрдамида етиштириб, пировардида мўл ҳосил олишдир.

 

Акбар МУЗАФФАРОВ,
шарҳловчи.

Joomla