Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

САФАР САМАРАЛИ КЕЧДИ

Яқинда Наманган вилояти ҳокими бошчилигида бир гуруҳ  делегация  Россия Федерациясининг Свердловск ва Челябинск вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтишди.

 

– Давлатимиз раҳбарининг топшириғи, Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан ташкил этилган ушбу сафар анча самарали бўлди, – дейди делегация раҳбари, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Сафаримиз  Свердловск вилоятидан бошланди.  Дастлаб вилоят  губернатори Е. В. Куйвашев билан учрашдик. Губернатор Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик ришталари, бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш истиқболлари ҳақида тўхталди. Биз ҳам Ўзбекистонда, жумладан, Наманган вилоятида иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот бердик. Хорижий инвесторлар учун мамлакатимизда яратилган имконият ва имтиёзлар, айниқса, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси уларга манзур бўлди. Учрашув якунига кўра Свердловск вилояти ҳукумати билан Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида онлайн тарзидаги  ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақидаги баённома имзоланди.

 

Сафар жараёнида делегация аъзолари Урал Федерал Округи “Университетский” технопарки фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, Свердловск корхона ва ташкилотлари иштирокидаги бизнес-форумда қатнашдилар. Бу тадбирда Наманганда етиштирилган мева-сабзавот ҳамда тўқимачилик, қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

Делегация “Первоуральский Новотрубний завод” ОАЖда бўлиб, “Наманганмаш” АЖ базасида Ўзбекистон нефтгаз саноати учун юқори босимга чидамли, қулфланадиган арматуранинг янги турларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил  этиш юзасидан келишиб олдилар. Шунингдек, делегация аъзолари минтақадаги қатор олий ўқув юртларида, соғлиқни сақлаш муассасаларида бўлишиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумларни имзоладилар, келишувларга эришдилар.

 

Свердловск вилояти қонунчилик мажлисида ҳамюртларимиз  доимий комиссиялар фаолияти билан яқиндан танишдилар, бу борада ўзаро тажриба алмашдилар.

 

Свердловск ва Наманган вилояти корхоналари ўртасида  63,5 миллион доллар, шу жумладан, 14,7 миллион доллар миқдорида саноат, 48,8 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш юзасидан шартномалар, Екатеринбург шаҳрида эса “Наманган момиқ сочиқлари” ва “Нафис текс групп” корхоналарининг савдо уйларини очиш бўйича келишувлар имзоланди.

 

* * *

 

Вилоят  делегациясининг  Челябинск вилоятига ташрифи ҳам мазмунли ва самарали кечди. Айниқса, вилоят маъмуриятидаги учрашув самимий ўтди. Вилоят губернатори Борис Дубровский Жанубий Урал халқи ушбу ҳамкорликдан манфаатдор эканини, уни янада мустаҳкамланишига алоҳида эътибор билан қарашини билдирди. Губернатор ҳамкорлик доирасида нуфузли делегация билан жорий йилнинг октябрида Наманганга ташриф буюришини маълум қилди. Шу жойнинг ўзида Челябинск ва Наманган вилоятларининг иқтисодий ҳамда инвестицион салоҳиятлари тақдимоти ўтказилди. Маросимда Челябинск  вилояти ҳукумати билан Наманган вилояти ҳокимияти ўртасида ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақида англашув меморандуми имзоланди.

 

Делегация аъзолари Челябинск вилояти ишбилармонлари, корхона ва ташкилотлари иштирокидаги бизнес-форумда қатнашдилар. Мезбонлар форум кўргазмасига қўйилган она заминимиз неъматлари ҳамда Наманганда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига катта қизиқиш билдирдилар.

 

Чурилово агрокомплекси Уралдаги энг йирик теплица комбинати ҳисобланади. Теплица хўжалигининг майдони 25 гектар бўлиб, бу ерда 700 киши ишлайди. Сабзавот ва кўкатлар етиштирувчи  мазкур хўжалик 2012 йилда тўла модернизация қилинган. Бу ердаги ҳосилдорлик бошқа оддий иссиқхоналардагига қараганда беш баробар юқори. Кам сиғимли гидропоника усулида иш юритиш орқали комбинатда йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Меҳмонлар комбинатдаги  иш жараёнлари  билан танишдилар.

 

– Биз ҳам ушбу делегация таркибида Жанубий Урал ва Челябинск давлат университетларида бўлдик, – дейди НамДУ ректори, профессор Абдусалом Умаров. – У ердаги таълим-тарбия жараёнлари, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ўзаро малака ошириш, онлайн тизимида маҳорат дарслари ҳамда илмий конференциялар ташкил этиш бўйича келишувларга эришдик.

 

– Сафар дастурига асосан  Урал округининг онкология, перинатал, кўп тармоқли тиббиёт марказларида, Миасс тиббиёт ускуналари заводида ҳам бўлдик, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов.  – Даволашнинг замонавий йўналишлари, тиббиёт жиҳозлари билан таъминланиш даражаси билан танишдик. Айни вақтда Челябинск соғлиқни сақлаш вазирлиги билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ҳар икки вилоятдаги даволаш муассасаларида мутахассислар малакасини ошириш бўйича баённома имзоладик.

 

Таъкидлаш ўринлики, меҳмонлар Челябинск, Миасс, Златоуст шаҳарлари раҳбарлари билан учрашдилар, икки томонлама манфаатли мулоқотлар ўтказилди. “Станкомаш” индустриал парки, “Конар” корхонаси, “Конар-Чимолаи” қўшма корхонаси, 25 мингдан ортиқ жамоага эга Челябинск қувур прокат заводидаги учрашувлар таассуротларга бой бўлди.  Челябинск шаҳар маъмурияти раҳбари Е.Тефтелев билан бўлган учрашув якунига кўра, шаҳарда доимий ишловчи шоурум майдонидан наманганлик тадбиркор  ва ишбилармонларга ўз маҳсулотларини мунтазам равишда сотиладиган савдо уйлари учун 2,5 минг квадрат метр жой ажратиладиган бўлди.

 

Комилжон ФАЙЗИЕВ,
Наманган вилояти

Joomla