Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ШҲТ: тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Бугунги кунда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилмоқда. Мамлакатимизда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ҳамда ушбу нуфузли анжуман доирасидаги бошқа тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу масъулиятли вазифа ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигига тўғри келганида чуқур рамзий маъно бор. Зеро, мамлакатимизнинг раислиги даврида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ишлар ушбу тузилма нуфузини юксалтириш, унинг фаолиятини такомиллаштириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда долзарб муаммоларни ҳал қилишда, хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда ШҲТнинг роли ва таъсири ошиб бормоқда. Бунда ташкилот саммитларида ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

ШҲТнинг 2010 йил 11 июнь куни Тошкентда ўтган ўнинчи мажлиси мазкур масалалар кенг муҳокама этилгани билан ШҲТ тарихидан муносиб ўрин олган. Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари, кузатувчи ва Ўзбекистон томони таклиф этган давлатлар вакилларидан ташқари, БМТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлардан юқори мартабали вакиллар қатнашган.

Саммит кун тартибидан ШҲТ ва унинг органлари фаолиятини такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм ва айирмачиликка, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистондаги вазият ўрин олган эди.

Президентимиз Ислом Каримов ушбу саммитдаги нутқида ШҲТни ривожлантириш ва халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш бўйича, ташкилотнинг бош мақсадлари — тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, ШҲТ давлатларининг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлашга, гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини кенгайтиришга эришиш йўлида ташкилотнинг роли ва имкониятларини ошириш борасида чуқур ўйланган, қатъий ва аниқ мақсадларга йўналтирилган жараён давом этаётганини алоҳида таъкидлади.

Халқаро ташкилотлар билан шериклик алоқаларининг ўрнатилиши ШҲТ ривожида муҳим босқич бўлди. 2010 йил апрель ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Муннинг мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мазкур глобал тузилма билан ўзаро алоқаларига пойдевор қўйган муҳим ҳужжат бўлди.

Глобаллашув ва турли таҳдидлар кучайган ҳозирги замонда ҳеч бир муаммони алоҳида бир давлатнинг саъй-ҳаракати билан ечиб бўлмайди. Шу маънода, ШҲТ билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам муҳим масалаларни ечишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишга кенг йўл очди. БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси каби тузилмалари ШҲТ билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ШҲТ учун транспорт коммуникацияларини ривожлантириш устувор масалалардан саналади. Бу борада "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Марказий Осиёда янги қўшма лойиҳалар амалга оширилгани, ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти коммуникацияларини барпо этиш кўпайгани сайин ШҲТ мамлакатлари учун «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасининг аҳамияти ортиб бораверади.

Бугунги кунда нафақат хомашё етиштириш ва қайта ишлаш, балки юқори технологиялар, юксак даражада қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидандир. Мамлакатимиз бу борада қўшма лойиҳалар тузиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2010 йилги Тошкент саммитида мазкур масалалар, шунингдек, молия муассасалари, банклар, биржалар ўртасидаги ҳамкорлик ва ахборот алмашувини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди. Минтақавий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида савдо-иқтисодий муносабатлар ривожига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш, бизнес субъектлари ўртасида бевосита алоқаларни кенг қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш юзасидан фикр алмашилди. Транспорт коммуникациялари, агросаноат, юқори технологиялар соҳаларида сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишлардан экани таъкидланди.

ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорлик стратегияси ва унинг устувор йўналишлари, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирини юмшатиш ва оқибатларини бартараф этиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар саммит иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари билан бирга, кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашгани бу масалаларнинг нақадар муҳим эканидан далолат беради.

Мажлисда Марказий Осиё минтақасидаги вазият, хавфсизлик масалалари, жумладан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот хуружларига қарши биргаликда курашиш муаммолари ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Саммитда ШҲТнинг Тошкент декларацияси қабул қилинди, ШҲТга янги аъзолар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда ташкилот процедуралари қоидалари тасдиқланди. Бу ҳужжатлар ташкилотнинг ва унга аъзо давлатларнинг ривожланишида бирдек муҳимдир.

Ўзбекистоннинг ШҲТни ривожлантириш стратегиясини белгилашдаги ҳамда халқаро сиёсатга оид кўплаб масалалар бўйича фаол позицияси юксак самаралар бермоқда. Хусусан, ШҲТнинг 2010 йилги Тошкент саммити муваффақиятли ўтишида Ўзбекистоннинг раис сифатидаги фаолияти муҳим омил бўлди. Бу даврда Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилотнинг халқаро мавқеини юксалтириш борасида улкан ишларни амалга оширди. Бу ШҲТ аъзолари томонидан эътироф этилди.

Умуман айтганда, мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги ташкилотни ривожлантириш ва унинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим омилдир.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА шарҳловчиси

Joomla