Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ТИРБАНДЛИКНИНГ ЧОРАСИ ТОПИЛДИ (МИ?)!

Ёз. Жазирама. Ана шу паллада автомобилда кетаяпсиз. Йўлда эса машиналар турнақатор тизилган. “Уфф... яна тирбандликми?” дейсиз беихтиёр. Ушбу ҳолат асаб толаларингизни таранглаштирса-да, барибир чидашга мажбурсиз. Зотан, катта шаҳарнинг ташвиши ҳам катта бўлганидек, узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилишга мўлжалланган транспорт воситаларининг бу каби ноқулай томонлари ҳам бор.

Бугун бу нозик масалани ечишда дунё ҳамжамияти йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, кўприк ва ихтисослашган йўллар қуришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан тирбандлик камаймаяпти. Аксарият мамлакатлар эса аллақачон фан-техника оламида кўплаб инновацион лойиҳаларга қўл уриб, уларни ҳаётга тадбиқ этишга интилишмоқда. Мақсад битта. Қандай бўлмасин, тирбандликни камайтириш ва транспорт қатновини кўнгилдагидек йўлга қўйишдир. Излаган имкон топади, деганларидек, самара ҳам кутилганидек. Ажаб эмас, яқин келажакда бундай кашфиётлар ҳайдовчиларни тирбандлик исканжасидан қутқарса...

Фикримизни мисоллар ёрдамида тўлдирамиз. Кўпчиликка яхши маълумки, Таиланд маркази Бангкок дунёда автомобиль қатнови энг тирбанд шаҳарлар сирасига киради. Шу боис бу ерда велосипедларни жамоат транспортига айлантиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага биноан велосипедларни ижарага бериш, метро, автобус ва шаҳар электропоезд бекатлари атрофида кўплаб велосипед тўхташ жойларини барпо этиш мўлжалланмоқда. Бу эса велотранспортдан фойдаланувчи йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратади. Энг муҳими, ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдори камаяди. Қизиғи, ижарага берилаётган велосипедларнинг биринчи ўн беш дақиқаси бепул, қолган вақтда эса соатига қараб пул тўланади.

АҚШда эса светофорларга ҳам, тирбандликка ҳам бўйсунмайдиган транспорт воситасини яратиш устида тинимсиз изланиш олиб борилди ва кўзланган мақсадга қисман эришилди. Хусусан, айни пайтда Aerofex компанияси томонидан учар мотоцикллар синовдан ўтказилмоқда. Маълумотларга қараганда, улар 2017 йилдан бошлаб тижорат учун ишлаб чиқарилади. Ҳавода ҳаракатланадиган ушбу транспорт асосини иккита каналли (туннелли) вентилятор ташкил этиб, улар кўтариш кучини юзага келтиради. Ишлаб чиқувчиларнинг айтишича, уни бошқариш оддий мотоциклдан қийин эмас. У ердан салкам 4 метр баландликда соатига 72 км тезликда парвоз қилади ва 140 кг юкни кўтаришга ҳамда белгиланган меъёрдаги ёқилғи билан ҳавода 1 соатдан зиёдроқ уча олади.

Ўтган йили NASA космик агентлиги ҳам бу борада янгиликка қўл уриб, келажак автомобили прототипини тақдим этган эди. Бу қурилма ҳамиша тирбанд шаҳар кўчаларига мўлжалланган электромобилдир. Янги транспорт воситасининг ўзига хослиги шундаки, у манёврлар қилишга мўлжалланган. Уни ҳатто ёнбош билан ҳам парковка қилиш мумкин. Modular Robotic Vehicle номли ушбу электромобилни масофадан туриб ҳам бошқарса бўлади.

Ёки дунёнинг автомобиль тирбандлиги кўп кузатиладиган шаҳарлар статистикасига мурожаат қилайлик. Бу борада ким етакчилик мавқеини сақлаб қолмоқда? INRIX компаниясининг Европа мамлакатлари миқёсида олиб борган ўрганишларига қараганда, ҳайдовчилар учун энг муаммоли шаҳар Лондон дея эътироф этилган. Айтиш жоиз: йўлларнинг тирбандлик даражаси муайян масофани эркин ўтишга кетадиган вақтни бу йўналишни тиғиз соатларда ўтишга кетадиган вақт билан таққослаш орқали ҳисобланади. Ўтган йили лондонлик ҳайдовчилар ўртача 101 соат тирбандликда турганлар, бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан 5,2 соатга кўпроқни ташкил қилган. Германиянинг Штутгарт шаҳридаги ҳайдовчиларнинг эса тирбандлик туфайли 73 соат вақтлари беҳуда кетган. Эътиборлиси, бу кўрсаткич 2014 йилдагидан 8,5 соатга кўпдир. Бельгиянинг Антверпен шаҳри ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин.

Компания таққослаш учун АҚШдаги йўлларнинг тирбандлиги даражасини ҳам келтирди. Бу борада Лос-Анжелес етакчи бўлди. Вашингтон иккинчи, Сан-Франциско эса учинчи поғонани банд этди.

Хўш, океан орти мамлакатлари хусусан шу муаммо қаршисида бир неча йиллардан бери ип эша олмаётган Бразилияда аҳвол қандай? Ҳукумат мазкур вазиятга ёндашишда қай йўлдан бормоқда? Маълумотларга қараганда, мамлакатдаги Uber такси сервиси йўловчиларни вертолётларда ташиш лойиҳасини йўлга қўймоқда. Мижозларга мобил қурилмаларидаги Uber иловаси орқали вертолёт буюртма қилиш хизмати таклиф қилинади. Бироқ бундай такси хизмати мижозни Сан-Паулу штатидаги вертолёт қўнишга рухсат берилган тўққизта нуқтагагина етказиб қўйиши ва у ердан олиб кетиши мумкин. Мазкур хизмат мижозлар учун ҳар куни эрталаб соат еттидан то кечки саккизгача хизмат кўрсатади. Компаниянинг маълум қилишича, вертолёт-такси хизматининг баҳоси ер устида ҳаракатланадиган таксилардан тахминан тўрт баробар қиммат, лекин шундай бўлса-да, вертолёт йўловчиларни ўз манзилларига тўрт баробар тезроқ етказади.

Шаҳар маъмуриятининг бундай қарорга келишининг боиси Сан-Паулудаги автомобиль тирбандлиги баъзан рекорд даражага яъни 300 км. гача чўзилаётгани сабаб бўлаётир. Айниқса байрам кунлари бу ҳолат кўп кузатилмоқда. Шаҳар маъмурияти кўчаларни транспортдан сал бўшатиш учун барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, кундуз кунлари махсус жадвалга асосан юк машиналарининг ҳаракатини чеклашгача ҳам борилмоқда.

Жаҳоннинг ривожланган шаҳарлари қаторида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган пойтахтимиз Тошкент ва юртимизнинг бошқа шаҳарларида ҳам транспорт қатновини самарали йўлга қўйиш, тирбандликларни олдини олишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, замонавий йўл ва кўприклар бунёд этилаётгани аҳолига кенг қулайлик яратмоқда. Мисол учун, Тошкентнинг Хадра майдонида 2013 йили улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш мақсадида Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинганди. Бунинг узвий давоми сифатида Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди.

Илгари бу чорраҳада иккита катта кўча кесишар, оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 26, узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди. Шу пайтгача Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилни ташкил этган бўлса, 6 қаторли кўприк қурилиши самарасида бу кўрсаткич 9800 тага етди. Абдулла Қодирий кўчасида ҳам энди автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага ортди. Бу нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади. Эътиборлиси, шундай катта чорраҳада биронта ҳам светофор йўқ. Йўловчилар ҳам, автомобиллар ҳам бу ерда тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатлана олади.

Кўриниб турганидек, автоуловлар билан боғлиқ мазкур муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун йўл инфратузилмасини яхшилаш устида доимий тарзда иш олиб бориш зарур.

Акбар МУЗАФФАРОВ

Joomla