Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ САФАРДАН ҚАЙТДИ, ХЎШ?!

Ҳамон сақланиб  турган жаҳондаги иқтисодий инқироз  ҳар бир давлат олдига қатор муаммо ва талабларни кўндаланг қўймоқда. Шукрки, ўз вақтида кўрилган керакли чора-тадбирлар натижасида бу инқироз  мамлакатимизга кўп-да таъсир қилгани йўқ. Аммо бу ҳол  хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Яна бир ҳақиқат шуки, ўзаро ҳамкорликсиз тараққиёт йўқ, мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлар эса иқтисодиётимизни янги босқичга кўтарилишига етиб ортади.

Бунинг учун улардан самарали фойдаланиш имкониятларини қидириш тақозо этилади. Шу сабаб давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудуднинг  салоҳияти, ўзига хослигидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаришни фаол амалиётга татбиқ этиш, шу орқали экспорт имкониятини ошириш вазифасини қўймоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, ҳар бир ҳудудда ҳамкорликнинг янги қирралари ва истиқболи устида жиддий иш олиб борилмоқда. Қатор вилоят ҳокимлари бошчилигида яқин хориж давлатларига амалга оширилаётган ишчи сафарлар сабаби ҳам шунда.
Яқинда водий вилоятлари раҳбарлари ана шундай эзгу ниятлар билан Россия Федерациясининг қатор ўлкаларига сафар қилиб, ҳамкорликнинг имконият ва истиқболлари ҳақида музокаралар ўтказишди. Қуйида Андижон вилояти ҳокими бошчилигида амалга оширилган сафар тафсилотлари билан танишасиз. Газетамизнинг кейинги сонларида республикамизнинг бошқа ҳудудлари раҳбарларининг айни шу мазмундаги сафарлари хусусида мақолалар бериш режалаштирилган.

* * *
Яқинда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги  бир гуруҳ тадбиркорлар Россиянинг Новосибирск вилояти ҳамда Кросноярск ўлкасида бўлиб қайтдилар. Савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ва сайёҳлик соҳасидаги ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш мақсадида уюштирилган мазкур сафарда делегация таркибидан айрим туман ҳокимлари, вилоят бошқарма, ташкилот, корхона раҳбарлари, хусусий сектор вакиллари, мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш соҳасида, транспорт ва логистика йўналишида самарали фаолият кўрсатаётган етакчи тадбиркорлар жой олди.
Ташриф Новосибирск вилояти губернатори В.  Городецкий, ҳукумат бошлиғининг биринчи ўринбосари В. Знатков ва шаҳар мэри В. Локоть билан ўтказилган музокаралардан бошланди. Айниқса, музокара давомида Сибирь бошқарув институти томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон ва Сибирь ҳудудларининг иқтисодий ҳамкорлик келажаги” мавзусидаги халқаро давра суҳбати делегация аъзоларининг катта қизиқишларига сабаб бўлди.
Шундан сўнг улгуржи савдога ихтисослашган бир қатор йирик корхоналарга қилинган ташриф тадбиркорлар учун ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратди.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг Бош консуллиги томонидан қабул ташкил этилиб, унда халқимизнинг инсоний фазилатлари – тинчликсеварлик, дўстлик ришталарига содиқлиги хусусида гапирилиб, ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашлари зарурлиги таъкидланди. Қабул давомида сўз олган губернатор жорий йилнинг февраль ойида юртимизга қилган сафари ҳақида тўлқинланиб сўзлади ва Россия делегацияси аъзолари учун ташкил этилган мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмасини самимий баҳолади. Юқори сифатли маҳсулотлар экспортини такомиллаштириш юзасидан барча зарурий чораларни кўришини, сотувчи ва харидорларга жаҳон андозалари талаблари асосида шароитлар яратиб беришга тайёр эканини билдирди.
2016 йилда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги умумий савдо айланмаси ҳажми камайганига қарамай, Новосибирскнинг Ўзбекистон билан савдо айланма ҳажми 1,5 баробарга ортиб, 48, 5 миллион АҚШ долларини ташкил этгани эътиборга лойиқ.
Тадбирда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда катта имкониятлар борлиги таъкидланиб, Ўзбекистон томонидан автомобиллар, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, қурилиш материалларини экспорт қилишни ташкил этиш ва сайёҳликни ривожлантириш юзасидан таклифлар берилди. Андижон вилоятининг иқтисодий ва инвестицион салоҳия­тига бағишланган тақдимот ҳамда икки томон тадбиркорларининг ўз маҳсулотлари намойиши ҳамкорлар сафини кенгайишига хизмат қилди.
– Новосибирск ва Красноярск саноат борасида ўз ўрнига эга, – дейди делегация аъзоси, Андижон туманидаги “Равон тараққиёт орзуси” масъу­лияти чекланган жамияти раҳбари Абдуҳошим Исмоилов. – Корхоналарга ташриф чоғида пойабзал ишлаб чиқарувчилар фаолиятини алоҳида эътибор билан кузатдим. Ўз навбатида бизнинг таклифларимиз ҳам уларда қизиқиш уйғотди. Натижада, 2017-2019 йиллар учун умумий қиймати 2 миллион 280 минг АҚШ долларига тенг бўлган шартномалар имзолашга эришдик.
Сафар давомида 2017-2018 йилларда Ўзбекис­тондан Новосибирск вилоятига 80,3 миллион АҚШ доллари қийматида янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари  етказиб бериш бўйича 19 та экспорт шартномаси имзоланди. Савдо-саноат палаталари эса ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Делегациянинг Красноярск ўлкасига ташрифи чоғида Марказий Сибирь Савдо-саноат палатаси томонидан бизнес форум уюштирилди. “Сибирь” Халқаро кўргазма марказида ўтказилаётган “Енисей” 19-Халқаро сайёҳлик кўргазмасининг очилиши вилоятимиз вакиллари учун янгиликлар оламига айланди. Улар бир қатор улгуржи савдо ва саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар, тажриба алмашдилар.
Ўлка губернатори В. Толоконский билан ўтказилган музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди. Губернатор томонидан делегациянинг барча таклифлари маъқулланди.
Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б. Ашравханов бош­чилигида делегация томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонга хуш келибсиз” – миллий стенди йиғилганларда катта таассурот уйғотди. Унда тақдим этилган янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари намуналари, пойабзал, тўқимачилик маҳсулотлари, миллий кийимлар ва газламалар ҳамкорлар сафи кенгайишини таъминлади.
Красноярскда 2017 йилда умумий қиймати 32,5 миллион долларни ташкил этувчи 19 та экспорт шартномалари ва келишув битимлари имзоланди.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

Joomla