Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Замонавий Хитой: тажриба ва истиқболлар

Эътироф этмоқ лозим, ушбу нуфузли ташриф мобайнида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги 100 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан ошиқ салмоқли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шак-шубҳасиз, бу илдам қадамлар тараққиётимизда янги саҳифаларни очиб, устувор мақсадларимизга эришиш йўлида муҳим ўрин тутади. Чунончи, расмий ташриф тафсилотларини оммавий ахборот воситалари орқали бевосита кузатган юртимиз аҳолиси бугунги замонавий Хитой, шунингдек “Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг муайян йўналишларига ғоят қизиқиб, хайрихоҳлик кўрсатаётгани ҳам бежиз эмас. Биз қуйида унинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтишни лозим, деб ҳисобладик.

Ҳозирги кунда Хитой жаҳонда АҚШдан кейинги иккинчи йирик иқтисодиётга эга қудратли давлат ҳисобланади. Унинг бу борада жадал ривожланиш суръати 11 триллион АҚШ долларига тенг. Хитой тажрибаси шуни кўрсатадики, мамлакат иқтисодий тараққиётининг дастлабки қадами 1949-1978 йилларда ўтказилган марказлашган режали-аралаш бозор иқтисодиёти ислоҳоти билан боғлиқ. Бу ўз натижасини бериб, бугунда Хитой бозор иқтисодиётига асосланган хусусий мулкдорлик ва иқтисодий эркинликка эга давлат сифатида намоён бўлмоқда.

Бу нималарда кўринади? Масалан, 2013 йилда Хитой “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва буни амалга ошириш мақсадида 60 мамлакат ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, дунёнинг 4 миллиард 400 миллион (63%) аҳолиси ҳамда 21 триллион (29%) долларлик савдо ҳамкорлик муҳитини шакллантиришда етакчи бўлди ва ҳозирда давом эттиряпти.

Хитойнинг бу ташаббусдан кўзланган бирламчи мақсади – мамлакатнинг соҳалар­аро суст одимлаётган жанубий ва ғарбий ҳудудларини ривожлантириш, мамлакат ички иқтисодий интеграцияси ҳамда минтақавий иқтисодий ўсиш суръатларини тенглаштиришдир (солиштириб кўринг: шарқи 57%, шимоли 23%, жануби ва ғарби 17%). Шу мақсадда Хитой 40 АҚШ миллиард долларлик Ипак йўли фонди (Silk Road Fund) ва 100 миллиард АҚШ долларлик Осиё инфраструктура инвестиция банки (The Asian Infrastructure Investment Bank) ни ташкил этди. Аммо булар ҳаммаси эмас...

Хитой Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, Ўзбекистон билан 1992 йилдаёқ дипломатик алоқалар ўрнатган. 1992-2002 йилдаги ўзаро товар айланмаси 136 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 4 миллиард 500 миллион АҚШ долларидан ошиб кетди. Дарвоқе, шу йили Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига қўшилган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, замонавий Хитой ютуқлари ва тараққиёти замирида асосан мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш, ислоҳотларни эркинлаштириш, халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш ва изчил жорий этиб бориш, инновацион тадқиқотларга катта аҳамият қаратиш ғояси ётади. Бу санаб ўтилган омиллар эса айни бизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Яна бир гап. Хитой жаҳон андозаси тамойиллари асосида миллий характер – қадимий маданиятини кенг тарғиб-ташвиқ қилишга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.

Фикрларимизни яхлитлаб айтсак, халқаро иқтисодий муносабатларда давлатнинг етарли қудратга эга бўлиши – бу бевосита тинчликка асосланган очиқ ташқи стратегик фаолиятга боғлиқдир.

Бу эса ўз навбатида ривожланётган давлатлар, хусусан, Ўзбекистон учун янги дастурларда ишлаш, инвестицияни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, туризм салоҳиятини янги босқичга кўтариш ҳамда товарларимизни жаҳон бозорига денгиз ва қуруқлик орқали арзон ва осон чиқиш имкониятини яратишда муҳим рол ўйнайди.

Мансур ОМОНОВ,
Республика Байналминал
маданият маркази илмий ходими,
Хитойнинг Чжэцзян университети магистри

Joomla