Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

АМУ СОҲИЛИНИНГ БОЛ НЕЪМАТЛАРИ жаҳон бозоридан муносиб харидорлар топмоқда

Мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг аграр соҳага оид йўналишлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам изчил амалга оширилмоқда.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг оролбўйилик соҳибкорлар учун ҳам баракали бўлиши кутилмоқда. Жорий йилда ҳудудда 26,2 минг гектарга сабзавот, 11,8 минг гектар ерга полиз экинлари, 7,6 минг гектарга картошка экилади. Натижада 354 минг тонна сабзавот, 147 минг тонна полиз, 109 минг тонна картошка етиштирилиши мўлжалланмоқда. Боғ ва токзорлардан 80,7 минг тонна мева, 12 минг тонна узум олиниши режалаштирилган. Бу йил 108 нафар фермер 186 гектар ерда интенсив боғ яратади. Шу билан бирга 202 гектар эски боғ, 70 гектар токзор янгиланади. Узумчилик йўналишидаги ишлар алоҳида диққатга сазовор. Қорақалпоғистон Республикасида 2017-2021 йилларда 950 гектар токзор барпо этилиши кўзда тутилган. Шу мақсадда ҳудуд иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда энг унумдор ерлар ажратиб берилмоқда. Мазкур лойиҳа шарофати билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Тармоқда замонавий технологияларни жорий этиш, аввалдан мавжуд узум плантацияларини реконструкция қилиш ҳам юксак самара беради. Айниқса, экспортбоп, серҳосил навларни кўпайтириш диққат марказида бўлмоқда. Қорақалпоғистонлик сара мева, узум ҳамда ширин полиз маҳсулотлари ижодкорлари яқинда пойтахтимизда ташкил қилинган “World Food Uzbekistan – 2017” ва “AgroWorld Uzbekistan – 2017” халқаро кўргазмаларида фаол иштирок этганлари фикримизнинг ёрқин далилидир.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фар­мони мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ҳам инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, фермерларимизнинг бу борадаги самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазири Д. Қайпов. – Ушбу фармон моҳиятини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, қишлоқ мулк­дорларига етказишда O‘zLiDeP фаолларининг саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 6 январь куни имзоланган қарорга кўра биз 88,7 минг тонна сара мева, узум, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириб, 27,2 минг тоннасини замонавий усулда қайта ишлашимиз, 27,4 минг тоннасини истеъмол учун жамғаришимиз ва 27,4 минг тоннасини экспортга жўнатишимиз керак. Бу муҳим вазифаларни бекаму кўст уддалашимиз учун куч ва имкониятлар етарли.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla