Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

БОБОДЕҲҚОНГА БЎНАК ҳалол меҳнати ва пешона тери учун аввалдан рағбатдир

Сўнгги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ва экспорт салмоғи ортиб бормоқда. Биргина ўтган 2016 йилда қарийб 1 миллион тоннага яқин мева, сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари экспорт қилинди.  Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

– Биласизми, деҳқоннинг кўнгли қачон таскин топади? Қачонки етиштираётган маҳсулотини эркин сота олса, –  дейди Паркент туманидаги “Заркент Шодиев Ҳамидулла”  фермер хўжалиги бошлиғи Ҳамидулла Шодиев. – Биз ҳам юртимизда яратилган шароит ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда олдимизга қўйган мақсад сари интиляпмиз. Ўтган йили 200 тоннадан ортиқ узум, мева ҳамда сабзавот етиштирдик. Президентимизнинг 2016 йил 31 декабрдаги “2017 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, уларнинг ишлаб чиқарилиши мутаносиблиги ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз деҳқонларнинг кўнглимиздаги иш бўлди. Ушбу ҳужжат талабларидан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт ҳамда Молия вазирликлари қўшма қарор қабул қилди. Унга кўра, давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликларига бу йил буюртмачи билан маҳсулот етиштирувчи ўртасида тузиладиган контрактация шартномаси қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак берилиши кўрсатиб ўтилди. Эндиликда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиси ва буюртмачи ўртасида тузилган  шартнома кучга киргани ҳамоноқ 3 банк иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда бўнак маблағларни олиш учун ўзига хизмат кўрсатаётган банкда махсус ҳисоб рақами очилиши керак.

Албатта, бунда бўнак маблағлари агротехник тадбирлар муддатларидан келиб чиққан ҳолда, яъни асосий майдонларга эрта баҳорда экиладиган сабзавот, полиз ва картошка экинлари, шунингдек, мева ва узум етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил етиштирилаётган йилнинг 1 мартига қадар,  такрорий экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 10 июнга қадар ажратилиши кўрсатиб ўтилган. Шу билан бирга келгуси йил ҳосили учун август-сентябрь ойларида экиладиган сабзавот экинларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 1 августгача, тўқсонбости усулида экиладиган экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун эса 1 ноябрга қадар бўнак тўлиқ ажратилиши лозим. Ажратиладиган бўнак маблағлари – уруғлик, кўчат, минерал ўғит, кимёвий ҳамда биологик ҳимоя воситалари, техника, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари учун сарфланади.

– Мазкур қўшма қарор соҳибкору боғбонларимизга яратилган яна бир қулайлик яратди, десам янглишмайман, – дейди O‘zLiDeP Паркент тумани Кенгаши раиси Тўйчи Дўсматов. – Чунки илгари тайёрловчи ташкилотлар фермер ёки деҳқон хўжалиги топширган мева, узум ёки бошқа маҳсулотлар учун бўнак у ёқда турсин, асосий маблағларини ҳам ололмай овора бўлиб юришар эди. Масалан, Паркент туманида фаолият кўрсатаётган 1 200 дан ортиқ фермер хўжаликларининг аксарияти мева, сабзавот ҳамда узум етиштиради. Уларнинг кўпчилиги ана шундай муаммоларга дуч келишган. Давлатимиз раҳбарининг  қароридан келиб чиқиб қабул қилинган мазкур қўшма қарор билан энди олдиндан ажратиладиган бўнак маблағларининг аниқ миқдори буюртмачи ва маҳсулот етиштирувчи ўртасида тузиладиган контрактация шартномаларида белгиланади. Бунда давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари учун бўнак миқдорини аниқлашда ўзаро келишилган бозор нархлари асос қилиб олинади. Яна бир масала, ҳужжатда маҳсулот етиштирувчиларнинг таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар билан тузган шартномаларига мувофиқ, ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган товар-моддий бойликлари ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ таркибидаги корхоналар томонидан етказиб бериладиган минерал ўғитлар учун тўловлар олдиндан 100 фоиз миқдорида амалга ошириладиган бўлди. Албатта, бундай имконият ҳамда имтиёзлар яратиб қўйилгандан сўнг деҳқон ва боғбонларимизнинг манфаатдорлиги ортиб, ишга муносабатлари ўз-ўзидан ўзгаради-да. Қолаверса, бундай тадбирлар респуб­ликамиз аграр тармоғида маҳсулот салмоғини орттириш, уларнинг экспорти кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Зиёдулла МЎМИНОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla