Tuesday, Mar 28th

Last update07:51:18 AM GMT

You are here:

ЮРАГИМДАГИ БОҒ



Алиқул   ХОНИМҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
___________________________________________

...Шамол тинай  демасди.  Қаёқ-қаёқлардандир  қуму  тупроқ  зарраларини  келтириб,  очиқ  далада  ишлаётган  кишиларнинг  юз-кўзларига  урар,  гўё  шу  йўл  билан  уларнинг ишдан  ҳафсаласини  пир  қилмоқчидай  туюларди.  Бироқ  ёнимдагиларнинг  биронтаси  ҳам  бундай  хаёлга  бормас,  боришни  ҳатто  хаёлларига  ҳам  келтиришмасди  назаримда.
Биз  фақат  чошгоҳлик  ва    тушлик  қилиб  олиш  учунгина  қўлимиздаги  кетмону  белкурак­ларни  бир  четга  қўйиб,  ариқ  уватига  ёнбошлагунча  нон  тишлаб,  қайноқ  чой  ҳўплардик. Кўчатлар  оралиғини  ўлчашга  керак  бўлаётган  оқ  тусдаги  пишиқ  сунъий  иплар  ингичка  илонларга  ўхшаб,  шамолда   билтанг-билтанг  қиларди.
Ниҳоят  бир  ҳафта  деганда   минг  туп  мевали  ниҳолдан   иборат  янги  боғ  барпо  этилди.  Ёрдамчиларим   юзларидаги  чанг  ва  терларни  арта-арта,  мен  билан  хайр-хўшлашди.  Бу кишилардан  беадад  миннатдор  эдим.  Негаки  улар   илк  кунлардан  то  боғ  яратилгунга  қадар    мен  билан  бирга  бўлишди.
Тўртбурчак  чуқурчалар  ковланди.  Ярим  челакдан  сув  қуйилди.  Чуқурчага  кўчат ўтқазилгач, унинг  атрофи  майин  тупроқ  билан  тўлғазилди.  Томирлар  шамоллаб  қолмаслиги,  наму  тупроқ  билан  тиллашиб,  ҳаёт  остонасидан  ичкарига беҳадик  ҳатлаши   учун  этигу  туфлилар  билан  яхшилаб  шиббаланди.
Мен  минг  туп  ниҳол  билан  ҳайҳотдек  далада  бир  ўзим  қолдим.  Ниҳолларни  эркалаб,  уларнинг  ҳали  нимжон  таналарини  силаб-сийпалаб  қўярдим. Шундай  қилсам,  бироз  бўлсаям,  уларнинг  вужудларига  қувват   энади,  дея  ўйлаган  бўлсам  керак-да! Ҳар  куни  қош  қорайгунча  янги  боғда  айланиб  юрардим.  Бу  боғ  орзу  умидларим  гуллаб- яшнайдиган  масканга  ўхшаб  туюларди, гўё.
Орадан  икки  ҳафталар  ўтгач,  ниҳолларнинг  гоҳ  унисида,  гоҳ  бунисида    куртаклар  бўрта   бошлади.  Мартда  бўртган шу  куртаклардан  ўзим  айланай, деб  юбордим.  Қувончларим  дарё  бўлди.  Шодликларим  денгиз бўлди.  Энтиккандан  энтикиб  қўябердим.  Олдинда  шу  боғ туфайли  ва  бошқа  сабабларга  кўра  мени     қандай кўргуликлар  кутиб   турганини эса  ҳали билмас  ва  хаёлимга  ҳам  келтирмасдим.
...Гулистон  давлат  университети  ўқитувчиси, техника  фанлари  номзоди,  доцент  Мамарайим  Тўрақулов  Янгиобод   туманининг  Юқори  Сармич  қишлоғида  тўрт  гектарлик   боғ  барпо  этганида,  айрим  ғаламислар  унга  қовоқаридай  ёпишди.
Ҳужжати  йўқ,  дейишди. Ҳаққи  йўқ,  дейишди.  Боғни  қишлоқнинг  подаси  ўтлайдиган  жойда,  подаси  тушда  ётадиган  манзилда  яратган,  дея   тўнларини  тескари  кийиб олишди.  Чор-атрофда  эса  юз-юз  гектарлаб  яйловлар  ястаниб  ётарди. Бироқ  ичиқораларга  баҳона  керак  экан.  Уларнинг  дарду хаёли   қишлоқда  бошланган  ташаббусни  туғилишдаёқ  бўғиб  ташлаш  эди...
Мамарайим  Тўрақулов    кафтлари  билан  икки  кўзию  қулоқларини  ёпиб,  ўзини  кўрмаганга,  эшитмаганга  солди.  Оғир  тошни  сув ололмаслигини  у  биларди.  Ғаламислар боғдаги  юзлаб  кўчатларни суғуриб олиб, Сармичсойга  ирғитиб  юбордилар. Тўрақулов  боғига янги  кўчатлар  ўтқазаверди.
Ғаламислар  гижингларди. Ичи қоралар   ўтиргани  жой  тополмасди.  Ҳасадгўйлар  аламу  ҳасаддан  мисоли  оққуврайдай  лов-лов  ёнарди.   Улар  қишлоқ  подасини  янги  боғ  майдонида  боқа  бошлашди.   Қишлоқ  четида  ўнлаб  садақайрағочлар  сояси  бўлатуриб,   сигиру  таналарни  тушда  тин  олдиргани  боғ  ўрнига  ҳайдаб  келишни  одат  қилиб  олдилар.
– Нима  бўлди  сенларга,  ҳў  иймонсизлар! –  дея  ҳайқирди  қишлоқнинг  уч-тўрт  оқсоқоллари  ҳалигиларга – Боғ  яратиш  кони  савоб-ку,  ахир... Юракларинг  қозоннинг  қурумидай  бўлиб  кетибди  ўзиям!
Ҳайқирган  оқсоқоллар  ҳақ  эди. Ғаламисларнинг юраклари  мисоли  ойсиз  қора  тун  эди.
...Орадан  ойлар  ўтди.  Орадан  йиллар  ўтди.  Боғ  қад  ростлади.  Боғ  мевага  кирди.  Боғ  ғаламисларни  уялтирди.  Уларни  шармандаю  шармисор  қилди.  Гуллаб  шарманда  қилди.
Болдан  ширин  мевалари  билан  шармисор  айлади.  Мамарайим  Тўрақулов  боғнинг  номини  “ Мустақилликнинг  бир  йиллиги”  деб  атади. Ноку  олмалар,  ёнғоғу  ўриклар, анору  узумлар бу  дунёда  ҳали-ҳамон  ғаламислар  борлигини  гўё  унутиб  юборгандек,  янги давр  одамларига  беминнат  хизмат  қила  бошлади.
...Ўзимизнинг боққа  қайтамиз. Бу боққа ҳам  кўкдаги бобо қуёш мурувват  кўрсатди.  Шамолу  шаббодалар мурувват  айлади. Қиш изғиринларию  саратон  жазирамаси   боғни  мурувват  шарбатлари  билан  сийлади.  Ниҳоллар  дуркун  ўсди.  Ўғирланган,  синдириб  кетилган  кўчатлар  ўрнига  янгиларини   ўтқаздим. Ниҳолларнинг  тагини  юмшатдим.  Нур  ва  шамолни  бемалол  эмсин,  бемалол  баҳра  олсин,  деган  хаёлда дарахт  шохларига  дўппи  мисол   шакл   бердим.  Қиш  узатган  оёғини  йиғмасдан “ дўппи”  ичига  қараб  ўсган  шохлардан  воз  кечдим.  Ҳосилдор  шохлар  узунлигини  икки  қаричдан   оширмадим.  Бу  қоида  ҳар  йилги   урфга  айланди, юмушга  айланди.
Боғ  боғлар  сафига  киргунига қадар  уч  йил  ўтди.
...Ўзини  кўрсатмоқчи,  дейишди.  Болалари  юртга  сочилиб  кетган,  боғни  нима  қилади,  дейишди. Қариганда  оёғини  чўзиб  ётса  бўлмайдими,  дейишди.
Беозор  кимсаларнинг  гапидай  туюлади  бу  гаплар. Аслида  эса  ўша  гапларнинг  қўйнида  ҳасаднинг  сассиқ  алафлари  бўй  таратиб  турганлигини  мен   яхши    билардим.
Маҳалла  аҳли  билан  бир  бўлиб,  эту  тирноқ  бўлиб, қишлоқдаги  кўплаб  йўлларга  шағал  ётқаздик.  Ариғу  кўприкларни  созладик.   Тунлари-ку  майли,  ҳатто кундузлари  ҳам    ваҳима  қўзғайдиган  қабристонлар  орасталик  тўнларини  кийди.  Етим-есирлар,  ночор  биродарларнинг  дардига  баҳоли қудрат  дармон   бўлдик.  Кимки  кўмакка  муҳтож  бўлса,  барига  қурбимиз етгунича  ҳиммат  эшикларини  очдик.
Ҳасаднинг  онаси  ҳам,  дояси  ҳам   ожизликдир.  Зўр  одам,  ўзини  зўр  билган  одам  ҳасад  қудуғидан  ўла  қолса  сув  ичмайди.  Бу  қудуқдан  сув  ичишни  ўзи  учун  ор  билади.
Отимизнинг  марра  кўра  бошлагани  кимнидир,  бора-бора  эса  кимларнингдир  дилига  оғир  ботди.  Улар  қўлларига  тош  олишди.
Қилаётган  ишларимиз  халқ  учун,  эл  учун  эканлигини  билатуриб,  миш-мишу,  деди-дедиларга  зўр  беришди.   Туҳмату  иғволарни  баландпарвоз  гапларнинг  ялтироқ  қоғозларига  ўраб,  тақиллатмаган  дарвозаси,  бормаган  идораси  қолмади.   Бир  неча  ой,  бир  неча  йил  умримиз  текширувчи  кутиб,  текширувчи  кузатиш  билан  ўтди.
Эл  ичида  яшаб,  элакка  илашмаган  кўнгли  қоралар  шу элнинг  кўнглига  гумон  уруғини,  шубҳа  уруғини  сочишга  улгурдилар.  Хайрли  ишларнинг  айримлари  адоғига  етмай  қолди.
...Нуқул  боққа  кетаман.  Нуқул  дарахтлар  билан  гаплашаман.   Ғийбатлардан  безган  кўнгил  ҳасад  нелигини,  ичиқоралик  нималигини  билмайдиган  боғларни  тусаркан.
Боғлар  турланишни,  тусланишни  умуман  билмайди.  Улар таъмаю  таъналардан  холи  яшайди.
Улар   ўз  ўтовларини туҳмату  иғволардан  анча  нарига  қуришади.
...“ Биз  кишилар  дастурхонини  гўшт,  сут,  тухум,  мева-чева   каби  ноз-неъматлар  билан  тўлдириб  юборамиз... Мактаб  ўқувчилари  ҳар  кунги  нонуштада  қайноқ  сут  ичишиб, сўнгра  дарсга    киришади...” дейишди  улар  кўкракларига  муштлаганча.
Ёлғоннинг  умри  бир  кун,  дейишади  баъзилар.  Икки  кун  яшаган  ёлғон  ўлади,  дейишади  айримлар.  Кошкийди  шу  гаплар  рост  бўлса!  Кошкийди  уйинг  куйгур  ёлғонлар  бетоб  бўлиб,  кўрпа-тўшак  қилиб  ётиб  олса!  Кошкийди  бу  ёлғонларни  энг  зўр  табиблар  ҳам  тузатаолишмаса!  Кошкийди...
Сохта  тадбиркорларга  давлат  ишонди. Уларга  юзлаб  гектар  ер  ажратилди.  Уларга  банк  томонидан  миллион-миллион сўм  маблағ  берилди. Орадан  йиллар  ўтди.  Аммо  ваъда  қилинган  тонна-тонна  сутдан,  тонна-тонна  гўштдан  дарак  йўқ  эди. Ҳар  гал  қишлоққа  хусусий  фермаларни  текширадиган ташкилотлардан  мутахассислар  келишса,  сохта  ишбилармонлар оддий  одамларга  қарашли  сигир-бузоқларни  икки-уч   кунга  ўз  биноларига  ҳайдаб  келишиб,  кўзбўямачилик  аталмиш  шармандалик  тушунчасига  “ҳайкал”  ўрнатишарди.
Етиштирилиши  лозим  бўлган  миллион-миллион  дона  тухумларнинг  атиги  бир  донаси  бўлса-да,  дастурхон  юзини  кўрмади.  Олмаю  нок­лар,  шафтолию  ўриклар... Бари-бариси  ёлғон  эди. Ўша  бари-бари  ёлғонлар  қоғоз   юзида  қолиб   кетди.  Қанийди  бу  ҳолдан  уларнинг  бироз  бўлса-да  виждонлари  қийналса!
Қаёқда! Виждон  бўлса  қийналади-да...  Улар  ўзлари  тўқиган ёлғонлардан   олисларга  қочиб  кетишолмайди.   Ўқувчи  болаларини  кўришга  келган  меҳмон  ота-оналарга,  дея  давлат  ҳисобидан  қурилган   уйларда  эса  бугунги  кунда  сох­та  тадбиркорларнинг  фарзандлари  истиқомат  қилишмоқда.
Тухум  етиштирамиз,  дея  олиб  келинган  тонна-тонна  темир  асбоб-ускуналари  бинолар  ичида  занг  босиб  ётибди.  Давлатдан  олинган  миллион-миллион  сўмлар  эса  қай  тариқа  ёпилганлигини  фақат  ўзларию  Яратган  эгам  билади,  холос!
Баъзи  бировлари  ҳатто  ўз  манфаатлари  йўлида  одамлар  қатнаб  турган  йўлларни  ёпмоқчи,  кишилар  сув  ичиб  турган    кранларни  тортиб  ҳам  олмоқчи  бўлишди.
Андиша  нима,  андишасизлик  надур,  деган  саволлар  ҳеч  қачон  бу  одамларни  қийнамаган. Дунёда  бундан  ортиқ  разолат, бундан  ортиқ  тубанлик  бормикин?
Бас,  улар  ҳақида  бошқа  гапирмайман!  Улар   тўғрисида  бўлак  ёзмайман! Уларга  қоғозу  қалам  ҳайф!   Мен  далаларимга  қайтаман.  Боғларим  ҳақида  ўйлайман.    Эртанги  ва  кечки  олмаларим,  олхўриларим,  кўксултонларим,  осмонга  тиргак  бўлиб  турган  теракларим  тўғрисида  ўй  сураман.
...Мана  бундай  бўлди.  Ўтган  йилнинг  авгус­тида  боққа  болаларни  олиб  бордим.   Ўзимнинг неваралариму  қўни-қўшниларимнинг  жужуқлари  қийқирган  кўйи боғни  оралаб кетишди. Бир пиёла чой  ичгулик вақт ўтмасдан  уларнинг  юзларию  томоқларини,  майкаю  кўйлакларини қорамтир  шира  қоплади.  Қоринлари  тўйгач,  болалар  ўзлари  билан   олиб  келган  елим  халталарига   пишган  ва  пишиб  ўта  бошлаган мевалардан  сола  бошладилар.
Улар  бақир-чақир  қилардилар.  Уларнинг қийқириқлари  олис-олислардан  ҳам  эшитилиб  турарди.   Мен  шодмон  эдим. Хурсандлигимнинг  гўё  чекки-чегараси  йўқдай  эди. Боғим  борлигидан,  бу  боғдан беҳишт ислари келаётганлигидан, янада аниқроқ  айтгудек  бўлсам, шу  боғнинг адоғидан  эҳтимол  жаннат  йўлаклари  бошланади,  деган  ўйдан  юрагим  ёрилгудек  бўлар,  болалар  эса  менинг  ўй-хаёлларимдан  бехабар ҳолда  боғни  бошларига  кўтаришиб,  тинмай  шовқин-сурон  солишарди...
Сирдарё вилояти

Joomla