Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

МУЛКДОРЛАР МАСЛАҲАТИ


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилиш, дунё бозорларида талаб юқори бўлган экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Стратегияда мазкур йўналиш бўйича белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш фермерлардан катта билим ва таж­риба талаб қилади. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Фермерлари  кенгаши ҳамкорлигида жорий йилнинг март ва апрель ойларида Тошкент вилоятининг Зангиота, Паркент, Оҳангарон, Қибрай, Янгийўл ва Бўстонлиқ туманларида экспортга ихтисослашаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари учун қисқа муддатли  малака ошириш курслари ўтказиляпти. Махсус ўқув дастурларига асосланган машғулотлар тегишли ташкилотларнинг малакали мутахассислари томонидан олиб борилмоқда.
Ўқув-семинарларнинг навбатдагиси Янгийўл туманида ўтказилди. “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш” мавзуига бағишланган машғулотда 200 нафарга яқин қишлоқ мулкдори экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг транспортировкаси ва юклаш, божхона юк декларациясини тўлдириш ва юкни божхона органларида расмийлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш, экспортёрлар учун яратилган кафолатлар тизими юзасидан маърузалар тинглашди. Шунингдек, мутахассислар иштирокчиларга фермер хўжаликларида самарали бошқарув тизимини ташкил этиш, бухгалтерия ҳисоби ва  ҳисоботларни автоматлаштириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва суғоришнинг янги усулларини амалиётга татбиқ этиш йўналишлари ва бошқалар юзасидан атрофлича маълумот бердилар.
Қайд этиш жоизки, шу каби туркум семинарлар ўтган йили ҳам ўтказилганди. Бу йилги тадбирлар ҳам мутахассислар ва фермерларнинг янги таклифлари, талаб-истак­лари инобатга олинган ҳолда янада юқори савияда ташкил қилинди.
– Ўқув-семинар туфайли фаолиятимда қўллаш мумкин бўлган жуда кўп ахборот,  маслаҳат ҳамда йўл-йўриқлар олдим, – дейди Янгийўл туманидаги “Қаҳрамон” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Дониёрбеков. – Айниқса, машғулотлар якунида фермерлик фаолиятига доир турли илмий рисола ва бошқа материаллар тарқатилгани айни муддао бўлди.

Ўз мухбиримиз

Joomla