Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ОЖИЗА ОЛДИДАГИ ОЖИЗЛИК

АШРАФ

Ашраф қизни жуда осон “илинтирганди”, гўё...

Эндигина йигирма иккини урган бўз йигит йўл-йўлакай берган илмоқ-илмоқ саволларига жавоб ололмаган бўлса-да, қизнинг кўзларидаги рағбат учқунларини илғагандай эди. Бундан руҳланди чоғи, таваккалига “сотка”сининг рақамини айтди: “...қўнғироқ қилсангиз хурсанд бўлардим, оппоқ қиз”. Кутмаганди – ўша куни кечқурун “оппоқ қиз” қўнғироқ қилди.  Танишдилар. Аёнландики,  унинг исми Малика бўлиб, йигитдан тўрт ёш катта, боз кўпга чўзилмаган турмушидан икки нафар фарзанд орттиришга улгурган жувон экан...

Бора-бора муносабатлари  тиниқлашди, илиқлашди, чуқурлашди... Ҳаш-паш дегунча икки йилча вақт ўтди. Ниҳоят,  Ашраф англадики, аслида у Маликани эмас, Малика уни “илинтирган” экан!..  Бу пайтга келиб, йигит аёлга ипсиз боғланиб бўлган,  уни узишга бўлган журъати ҳам тўшакларда сўниб битганди...

МАЛИКА

Малика ва Ашраф ўртасида муҳаббат хусусида гап бўлиши мумкинмас. Мабодо, бўлганда ҳам  ишқдан сўқир бўлган кўзларни мошдек очиб қўйишга сабаблар етарли. Оддий мисол: уйланмаган йигитнинг икки болали жувон билан турмуш қуриши анчайин замонавийлашиб, ҳатто ғовлаб кетган ҳозирги тасаввурларга-да сиғмайди. Қишлоқ шароитида-ку, қўяверинг... Қолаверса, Маликанинг бировга  хотин бўлгулик сиёқи ҳам сўроқ остида. Собиқ эри, қўли юпқалигини айтмаганда, бинойидек, бир қадар итоаткоргина йигит эди. Итоаткорлигики, турмушларига йил тўлар-тўлмас, онасининг норозилигига қарамай, хотиннинг олдига тушганча қайнотаси олиб берган “дом”га кўчиб ўтганди...   “Дом”да беш йил яшадилар. Бироқ бу вақт оралиғида туғилган икки нафар  (бир ўғил, бир қиз) фарзанд ҳам  оила мустаҳкамлигига сабаб бўла олмади. Эрининг топиш-тутишига қаноат қилмаган Малика жанжал қила-қила, охири  ўз “ташаббуси” билан турмушига нуқта қўйиб қўяқолди. Бошқа жиддий сабаб йўқ...

Нима, Малика собиқ эри билан  шу даражада ночор яшаганмиди?

Бу савол жавобини  оиладаги “иқтисодий танг­лик”дан  эмас,  эр-хотиннинг “иқтисодий тенгсизлиги”дан қидирмоқ маъқулдай. Муаммо шунда эдики, Малика ўзига тўқ тадбиркорнинг оиласида вояга етган,  ҳатто ўзининг хусусий “Гўзаллик салони”га эга бўлиб, қўлида 15-20 нафар  қиз ишларди. Собиқ эри ўртаҳол оилада ўсган, бор-йўқ “мансаби” мактабгача тарбия муассасасида хўжалик ишлари мудирлиги бўлиб, турган гапки,  даромадининг чўғи Маликаникига қараганда пастроқ  эди...

Кейинроқ Малика Зокир деган бир дўкондор йигит билан топишди. Зокир савдо ишлари билан хорижга тез-тез қатнар, бир сафар Маликани ҳам ўзи билан олиб кетганди. Мазкур тижорат сафари нечоғли муваффақиятли бўлгани муҳиммас. Муҳими шуки, уларнинг пинҳоний муносабатларидан Зокирнинг хотини хабар топиб, ўртада катта жанжал кўтарилади, бу машмашанинг бир учи Маликанинг дадаси қулоғига (унинг онаси тўрт-беш йилча аввал қазо қилган) етиб боргачгина иккисининг йўллари айро тушганди...

АШРАФ

Ашрафни на Маликанинг  собиқ эридай камдаромад, на собиқ хушторидай сердаромад,  деб бўлади. У ҳам камхаржгина оилада вояга етган, отасининг қазосидан кейин рўзғор ташвишлари акасининг гарданида эди. Вояга етгач, аввалига акасининг савдо ишларига қарашиб юрди. Ака-ука каттароқ савдогарлардан насияга пайпоқ, атир-упа олиб сотишар,  даромади  кунлик харажатлардан ортмасди. Бундан қаноат ҳосил қилмаган Ашраф  бир муддат хориж томонларда ишлаб ҳам келди. У ёқларда иши юришмади: уйига қайтгач, топган-тутганига туманнинг катта бозоридан кичкинагина “точка” очди, ишлари бир нав юришиб, рўзғорга барака кираёзди. Шу зайл­да яна бир-икки йил ишласа, уй-жойларини эпақага келтириб, уйланишига ҳам етарли пул топишининг эҳтимоли жуда юқори эди. Аммо кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидек, уч-тўрт сўм топган Ашрафбойнинг босар-тусарида ўзгаришлар пайдо бўлди, бунинг оқибати ўлароқ, Малика билан топишди...

Ҳар қандай касбда бўлгани каби савдогарлик ҳам ҳалоллик ва покизаликни талаб қилади. Шу маънода Малика билан топишгандан кейин Ашрафнинг иши аста-секин орқага кетиб,  бир сиқим даромади тугул,  бор-йўқ сармоясидан ҳам айрилиб, ҳатто қарзга ботгани  ажабланарли ҳол эмас. Маликанинг нимасига учиб, унга қандай ипсиз боғланиб қолганини ҳанузгача англаб етгани йўқ. Тўғри, у чиройли, кўҳликкина, айниқса, қўнғироқ қилиб, андак эркаланганча: “бугун келасизми?” дейдиган бўлса, ўпкасини қўлтиқлаб чопади.  Кейин... ноз-ишва-жилва-ғамзаларига қўшиб,  бир дунё харажатлар айтадики, шўрлик йигит қандай хўп деганини билмай қолади!..  Эркакнинг аҳволи шу-да: не-не эр йигитлар аёлнинг макру сеҳри олдида ожиз қолмаган?!. Қанчадан қанча алп келбатларни нозик ниҳоллар  синчалоғида ўйнатмайди, дейсиз?! Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Ашраф Маликанинг яқин ўтмишидан бохабар бўлишига қарамай, унинг таъсирига тушиб қолганига чуқур изоҳ шарт эмас...

МАЛИКА

Шундоғам унинг майда-чуйда чиқимларидан тортиб, рўзғор харажатлари Ашрафнинг бўйнида эди. Камига аёл йигит  савдо қилаётган жойига тез-тез келар,  турфа баҳоналар билан уч-тўрт сўм ундирар, бунинг иложи бўлмаса, гўёки “товарларини сотишга ёрдамлашиш” учун қўлига илинган нарсани олиб жўнаворарди. Аммо  на мол, на пулини берарди... Савдо – ҳисоб-китобни яхши кўради, Ашраф молни насияга олиб, арзимас устама қўйиб сотса... бунақада барака бўладими?!

Устига устак, Малика инжиқликларини кучайтириб, йигитнинг юрагини така-пука қиладиган одат чиқарди. Бир сафар “Сиздан икки ойлик ҳомилам бор, туғаман!” дея гаранг қилса денг! Ашрафнинг гарангсигани шуки, Малика тушмагур: “Болани туғсам, менга уйланишга мажбур бўласиз”, деганида эди. Йигит ялинди-ёлворди, ниҳоят, аёл андак “инсофга” келиб айтдики: “Тўрт юз минг беринг, ҳомилани олдириб ташлайман...”. Орадан  кўп ўтмай навбатдагисини бошлади: “Кўнглим айнияпти, тағин бўйимда бўлганга ўхшайди”. Ашраф: “Нима қил, дейсан?”. Малика: “Ҳомиладорликнинг олдини оладиган матоҳ бор, шунга... фалон юз минг..”.

Бу орада Малика  ҳовлига кўчадиган бўлди. Кичик синглисининг қўшниси уйини сотаётганидан хабар топган дадаси қизлари ёнма-ён яшашини истагани учун оғринмай айтилган пулни санаб берди. Янги ҳовлининг таъмири эса Ашрафнинг  том маънода белини чиқарди!..

Маликанинг наздида Ашраф ундан қутула олмайдигандек эди: журъати ҳаминқадар, бамисоли аскардайки, нимани буюрса ғижиниб-ғудраниб бўлса-да бажаради, тўшакда кўнглини олса – бас, гинакудуратларни унутиб, тўйган қўзидек диконглайди... Бироқ бақани боссанг “ва-ақ!” этганидек, йигитнинг ҳамиятига тегавериш яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.

Малика шуни унутди, чоғи...

Йўқса,  йигитга шундай шарт қўярмиди: “Бошқага уйлансанг, тўйингни бузаман!”. Бу гап Маликага илакишгандан буён боридан айрилиб, бўғзигача қарзга ботиб, акаси-ю опасининг қаҳрига дучор бўлиб юрган йигитнинг тўлаётган паймонасига охирги томчи бўлди...

 

АШРАФ, МАЛИКА ВА...

...Малика қўлидан келмайдиган ишни айтадиганлардан эмас. Буни Ашраф яхши билади. Аёлнинг ҳў-ў, Зокир деган дўкондор  билан топишиб-ёпишиб юрганда бўлган жанжал, унинг асоратлари ҳақида кўп ва хўп эшитган. Гувоҳларнинг шаҳодатича, Малика Зокирнинг хотинига: “Кўрасан ҳали, икки болам билан уйингда ўтираман”, дейишгача борган, қачонки дадаси ҳамма сирдан воқиф бўлиб, қизини тийилишга мажбур қилгунча дўкондорнинг  яхшигина мазасини қочирган экан... Эҳтимол, бу қўшиб-чатиб айтилган маҳобатлардир, бироқ шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Қандай гап-сўз бўлиб ўтганидан қатъи назар, Ашраф Маликани биринчи марта кўраётгани йўқ. Кейинги икки йил мобайнида аёлнинг совунига беармон кир ювдики, бировнинг уйини бузишга ҳаракат қилган аёлга унинг тўйини бузиш чўт бўптими?! Охирги пайтларда бу гапни бежиз тез-тез такрорламаяпти у: “...Уйлансанг, тўйингни бузаман!”. Нима, шунча пайтдан буён яқинларидан яшириб юрган сири фош бўлсинми? Муштипар онасининг орзусига  қўшиб ўзининг келажагини барбод қилишига жим қараб тураверсинми?! Демак, тезроқ  бирор чорасини топмаса бўлмайди.  Маликадан ё ўлиб қутулиш мумкин ёки... ўлдириб!..

Ашраф иккинчи йўлни танлади.

...Тўшакда безовта ётган Ашрафнинг кўзига ҳозиргина ҳаммомдан чиққан Малика махлуқдан баттар кўринди. Аёл ҳовур кўтарилаётган баданини нари-бери сочиққа ўраб, мамнун қиёфада сочларини қуритаркан, йигитга имо қилди:  “Туринг, ювининг...”.

Ўрнидан оғир қўзғолган Ашраф ўзига  орқа ўгириб турган аёлнинг ёнида тўхтади ва... тирсаги билан бошининг орқа қисмига туширди!..

Малика “гурс” этиб полга қулади. Нари-бери кийи­мини эгнига илган йигит аввал стол устидаги юпқа матоҳга, кейин ёниши осон бўлган хонадаги бош­қа нарсаларга гугурт чақди.  Сўнг аввалдан тайёрлаб қўйилган бензин тўла  “баклашка”дан бирини аёл ётган,  иккинчисини олти ёшли ўғли ухлаётган хонага улоқтирди...

...Тонгга яқин оловни бартараф этган ўт ўчирувчилар ярмидан кўпи ёниб битган уйдан она-боланинг куйиб кетган жасадини топдилар...

МУАЛЛИФ

...Бадиийлик бўёқлари нечоғли қуюқлашмасин, ёзмишимиз  тўқима эмас,  мутлақо реал воқеликдир. Фарғона вилоятидаги туманлардан бирида содир этилган мазкур жиноят ҳақида кўплар эшитган бўлса, эҳтимол. Анчайин шов-шув бўлган ушбу қотиллик ҳақида одамлар орасида турфа миш-мишлар юрадики, уларга аниқлик киритиш, шунингдек,   фожеанинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида кенг­роқ тасаввур бериш учун бадиий ифода усулларидан қўлдан келганча фойдаланилди.
Марҳумлар ҳақида ёмон гапирилмайди, одатда. Айни шу нуқтаи назардан қаҳрамонлар исми-шарифи ўзгартирилди, манзил ҳам мавҳумроқ кўрсатилди. Узуқ-юлуқ баёнларимиздаги марҳума хусусидаги анча-мунча салбий оҳангдаги гапларга келсак, бу муаллиф ҳиссиёти маҳсули  эмас, балки раҳматлининг характерига берилган оддий чизгилар, холос. Марҳума фаол тадбиркор, ҳатто хусусий “Гўзаллик салони”га эга бўлиб, шунга яраша барқарор даромади бўлишига қарамай, йигитни “соғин сигирга” айлантираёзгани замирида ҳам аксарият аёлларга хос бўлган бойликка ўчлик,  аксарият савдогарлар табиатидаги тежамкорлик (“зиқналик” дегимиз келмади) ётса,  ажабмас. Сув ҳам қаттиқ ерда тўхтайди, ахир?! Яна қайдам...
Газетхонларда  савол туғилиши табиий: модомики, Ашраф  аёлни жисмонан йўқ қилишга аҳд этган экан, ёвуз қилмишини нега айнан Маликага қўшиб уйини ёққан ҳолда содир этди?
Ёнғин кўпинча газ ёки электр  тизими носозлигидан келиб чиқади. Буни яхши англаган Ашраф аввал аёлни уриб, беҳуш ҳолатга келтиргач, уйга ўт ёқиб юборадики, бу билан қилмиши “бахтсиз ҳодиса” сифатида ёпилиб кетишига умид қилган.  Ашраф  мўлжални анчайин тўғри олганди: аввалига тезкор-тергов гуруҳи ходимларига ёнғин  ростдан ҳам электр тизимидаги носозликдан келиб чиққандай туюлади: жиноят изи йўқ, демакки, “иш”ни ёпиш мумкиндай.  Бироқ охирги паллада тергов гуруҳи раҳбари, адлия маслаҳатчиси Қ. Сотиболдиев ташаббуси билан  ёнғиндан қолган куллар экспертизадан ўтказилгач,   кулда бензин қолдиқлари  борлиги  аниқланди. Натижада,  ишга чуқурроқ киришилдики,  кўп ўтмай “бахтсиз ҳодиса”дай кўринган ҳолат замиридаги ўта оғир жиноят фош этилди...
Энди кўпчиликнинг тили учида турган яна бир саволга жавоб бериб ўтсак: айбдорга қандай жазо тайинланди?
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди мажлиси якунига кўра, Ашраф 23 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, ундан ҳовли-жой ёнғини натижасида етказилган бир неча миллион сўмлик зарар ундирилиши ҳам алоҳида кўрсатилди ҳукмда...
Жиноят тафсилоти шу. Пировардида, мазкур фожеа хусусида хулосанамо мулоҳазалар юритишдан  ўзимизни тийдик. Яхшиси, фожеа хусусида ҳар ким ўзича фикр қилиб, хулосани ҳам ўзлари чиқаргани маъқул. Ишимиз ровийлик эди - ҳаддимизни билдик, чамаси...
Вассалом.



Турсунали АКБАРОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla