Tuesday, Mar 28th

Last update07:51:18 AM GMT

You are here:

САРҲИСОБ ВА ТАҲЛИЛ

O`zLiDeP вилоят ташкилотларида ўтган йилги фаолиятни таҳлилий-танқидий кўриб чиқиш, жорий йил режаларини тузишга бағишланган кенгайтирилган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур йиғилишларда O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тошкент

O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашида бўлиб ўтган йиғилишда ҳисобот даврида партия дастуридан келиб чиқувчи вазифаларни амалга ошириш борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилганлиги эътироф этилди.

– Ҳисобот даврида сафимиз тадбиркорлар ҳисобига янада ортди, – дейди O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Миржамол Мирсаидов. – Бевосита таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, айни пайтда уларнинг сони 23 мингдан ошди. Ваҳоланки, ушбу кўрсаткич 2015 йилда 19 мингдан сал зиёдроқ эди. Бу – аҳоли орасида партиямиз нуфузи ортаётганидан далолат беради. Бироқ ютуқлар билан чегараланиб қолмаслигимиз керак. Зеро, бугунги туб ислоҳотлар юрт тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олган партия ва унинг қуйи бўғинлари олдига сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиш, ўз электорати манфаати ва хоҳиш-истакларини қонуний ифода этишга кўмаклашиш, аҳолининг сиёсий маданиятини ошириш, демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, мамлакатда ўрта синф вакилларини ишончли ҳимоя қилиш орқали фаровонликни янада юксалтириш вазифасини қўймоқда.

Йиғилишда бир қатор аниқ, концептуал вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, пойтахтимизда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишдаги муаммоларнинг сабабларини атроф­лича ўрганиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, партия­нинг “Хавфсиз интернет” лойиҳасини юқори савияда ташкил қилиш лозимлиги ҳам таъкидланди.

Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири

 

Фарғона

– Фаолият самараси сарҳисобда кўринади. Шу маънода 2016 йил давомида O`zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ҳам қатор амалий ишлар олиб борилди, – дейди партия вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Ғайрат Абдуллаев. – Хусусан, самарали тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йил давомида аъзоларимиз сони 4 минг 306 нафарга, бошланғич партия ташкилотларимиз сони эса 87 тага ошди. Шунингдек, аҳоли, айниқса хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйи­ча олиб борган саъй-ҳаракатлар натижасида 45 нафар опа-сингилларимизга ўз бизнесини бошлаши учун тижорат банклари томонидан жами 800 миллион сўмдан ортиқ кредит ажратилишига кўмаклашдик. Танганинг икки тарафи бўлганидек, айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Жорий йилда уларни бартараф этиб, фаолиятимизни янада яхшилашга, олдимизга қўйган партиявий мақсад ва вазифаларни сидқидилдан бажариш учун қатор устувор вазифаларни белгилаб олдик.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O`zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

 

Наманган

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишини партия вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очиб, дастлаб Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгашининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилдаги долзарб вазифалари юзасидан партия вилоят Кенгаши аппарати раҳбари Носиржон Абдуллаев сўзга чиқди.

Нотиқ қилинган ишлар ҳақида тўхталиб, йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам диққат қаратди. Хусусан, партиянинг Уйчи, Чуст, Мингбулоқ туманларида айрим депутатлар сайловчилар билан деярли учрашув ўтказмаган, депутатлик сўрови, депутатлик назорати каби ваколатлардан ҳам самарали фойдаланмаган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмаган.

– Бугун барча депутатларимиз ҳам сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилаяпти, деб айтолмаймиз, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Усмонов. – Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаяпти. Шу боисдан  тадбирда барча партиявий йўналиш­лар қаторида мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлар ва депутатлик гуруҳлари олдида турган долзарб вазифаларга жиддий эътибор қаратилди. Ишончимиз комилки, жорий йилда депутатлар ўз вазифасига виждонан ёндашиб, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш масаласига бирламчи эътибор қаратадилар.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят
Кенгаши Матбуот хизмати раҳбари

Самарқанд

 

– Ўтган йили вилоят Кенгаши томонидан 12 мингдан ортиқ партиявий тадбирлар ўтказилиб, уларда 200 мингдан зиёд киши қамраб олинди, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Жаҳонгир Хўжамқулов. – Шунингдек, депутатлик гуруҳлари томонидан 130 та эшитув, 45 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб, тегишли ташкилот ва мансабдор шахсларга 627 та депутатлик сўровлари жўнатилди. Кўриниб турганидек, ютуқлар талайгина. Аммо, фаолиятимиз камчиликлардан холи эмас. Хатоларга кўз юмсак, ишимизда силжиш бўлмайди. Хусусан, партиянинг айрим туман, шаҳар Кенгашлари мутасаддилари ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашаяптилар.

Шунингдек, йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, хомашёни тўлиқ қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар яратиш борасида электорат вакилларининг аниқ таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, вилоятда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришда Фермерлар кенгаши ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолиятини янада жонлантириш каби яна бир қатор муҳим вазифалар жорий йилга мўлжалланган иш режасига киритилди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr” мухбири

Қашқадарё

Кенгайтирилган йиғилишни O`zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Лутфулла Ёзиев олиб борди. Унда сўзга чиққан O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходими Бегмат Очилов, “Сиёсий таълим маркази” раҳбари Дилором Азизова, партия фаоли Ўктам Хўжаёров ва бошқалар жойларда партиянинг дастурий мақсадларини кенг тарғиб қилиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишнинг мақбул ечимларини топиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, депутатлик гуруҳларининг жамият ҳаётидаги роли ва аҳамиятини ошириш, давлат ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг яхлит тизимини шакллантириш борасида қилинган ибратли ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида сўз юритдилар.

– Бугун вилоят кенгашимиз таркибида 916 та бошланғич партия ташкилоти бўлиб, улар ўз атрофида 21 минг 254 нафар аъзони бирлаштирган, – деди O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Арзиқул Шеров. – Улар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги вакиллик органлари орқали давлат бошқаруви, жамият ҳаётидаги кенг кўламдаги ислоҳотларда муносиб иштирок этмоқдалар. Умуман олганда, бир йиллик фаолиятимиз сарҳисоби иш услубимизни бугунги кун талабига мослаштиришни, замон билан ҳамқадам бўлишни тақозо этмоқда. Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Йиғилишда Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан қилинган ишлар ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, партия тизимидаги ёш етакчилар сафини кенгайтириш мақсадида ўтказилган 310 та тадбир ва учрашувларда 41 минг 452 нафар  йигит-қиз иштирок этди. Уларда битирувчиларга имтиёзли кредитлар олиш тартиби, бизнес режа тузиш, гаров таъминоти, касаначилик ва якка тартибдаги тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилаяпти. Жойларда воҳадаги таниқли тадбиркорлар билан ёшлар учрашувлари ташкил этилиб, илғор тажрибалар яқиндан таништирилмоқда. Якунланган йилда 47 минг 655 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини тамомладилар. Улардан 1 минг 721 нафари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида банклардан 14 млрд. 118,7 млн. сўм кредит маблағи олишди. 3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

 

Жиззах

Шиддат билан кечаётган ислоҳотлар жараёни қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятлардан ғурурланмасликни, балки йўл қўйилган хато ва камчиликлар, амалга ошмай қолган ишлардан тегишли хулоса чиқариш ҳамда шу асосда ҳаракат қилишни талаб қилмоқда.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган йиғилишда ушбу фикрлар алоҳида таъкидланди.

Унда ҳисобот даврида партиянинг депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори, Аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини кучайтириш ҳамда Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда бошқа йўналишларда кўплаб амалий ишларга қўл урилганлиги рақамлар мисолида келтириб ўтилди.

Биргина аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини кучайтириш борасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари маҳаллаларида 262 та ўқув-семинарлари, учрашув ва давра суҳбатлари ҳамда оммавий хайрия тадбирлари ташкил этилиб, уларда 38 мингдан зиёд хотин-қизлар қамраб олинди. Айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг соғлигини тиклаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан қатор амалий тадбирлар ташкил этилганини эътироф этиш лозим. Бу ўринда партиянинг истиқболли лойиҳаларидан унумли фойдаланилди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбири

Сирдарё

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг 2016 йил якунлари ҳамда 2017 йилга мўлжалланган вазифаларга бағишланган йиғилишида эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар рўй-рост таҳлил қилинди.

Хусусан, партиянинг Ёшлар билан ишлаш йўналишида амалга оширган ишлари тилга олиниб, 2016 йил давомида 280 та тадбир ва учрашувлар ҳамда 10 га яқин йирик партиявий лойиҳалар ташкил этилганлиги қайд этилди. Бу албатта яхши, лекин айрим туман ва шаҳарларда
“Диплом билан – бизнесга”, “Ишбилармон талаба” стипендияси, “Ёш фермер” каби кўрик-танлов ва лойиҳаларнинг амалий натижалари пастлигича қолмоқда. Мисол учун, партиянинг Сирдарё, Ховос, Сайхунобод, Сардоба туман Кенгашларида “Диплом билан – бизнесга” лойиҳаси доирасида ўтказилган семинар-тренингларда қатнашчилар аудиторияси кенг эмас. Бундан ташқари, туман ва шаҳар Кенгашларида ёш тадбиркор ва фермерлар бўйича статистик маълумотлар тўлиқ шакллантирилмагани таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда бу борадаги камчиликлар тўлиқ бартараф этилиши бўйича аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Норинисо ҚОСИМОВА,
“ХХI asr” мухбири

Joomla