Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

“XXI asr” жавоб беради

ПАРРАНДАЧИЛИККА ҚАНЧА
КРЕДИТ БЕРИЛАДИ?

Хўжалигимда парранда боқиш ниятим бор.
Бунинг учун банклардан кредит олишим мумкинми?
П. Камолов,
Хатирчи тумани

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик шахсий ёрдамчи хўжалик ҳисобланади.
Энди сизнинг саволингизга келсак, Марказий банк бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги низомга биноан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек уруғ ва кўчатлар учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади.
Микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:
мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун – бир йиллик имтиёзли давр билан
3 йилгача;
қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача;
уруғлик, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимё­вий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга берилади.
Ана шулардан келиб чиқиб, сиз бемалол микрокредит олиш учун ўзингиз истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишингиз мумкин.

ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАМАЙСИЗ

Тадбиркорлик фаолиятимни амалга ошириш чоғида баъзи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари дилни ғаш қилади. Бундай вазиятда уларнинг устидан судга мурожаат этсам, қанча миқдорда давлат божи тўлашим керак?
К. Соипова,
Боғот тумани

Солиқ кодексининг 330-моддаси 3-бандига кўра, тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Хўжалик судларига мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.


ИШДАН БЎШАТИШ САБАБЛАРИ ЁЗИЛМАЙДИ

Айрим сабабларга кўра ишдан бўшатилган пайтда иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш сабаблари меҳнат дафтарчасида қайд қилинадими?
Ш. Ҳотамов,
Бахмал тумани

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.
Иш берувчи корхона беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.
Иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт. Ходимнинг илтимосига кўра меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди. Бу ҳақда Меҳнат кодексининг 81-моддасида қайд этилган.

СОЛИҚ СОЛИШДАН ОЗОД ЭТИЛАСИЗ

Турмуш ўртоғим вафот этган. Уч нафар фарзандим мактаб ўқувчиси. Айтинг-чи, амалдаги қонунларимизда менга қандай солиқ имтиёзлари бор?
З. Ботирова,
Узун тумани

– Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади.
Бунинг учун сиз эрингизнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, янги никоҳдан ўтмаганлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олинмаслиги ҳақидаги маълумотномани яшаш жойингиздаги солиқ идорасига тақдим этишингиз керак. Ана шундан сўнг сизга бундай имтиёз берилади.

ОЛДИНДАН ОГОҲЛАНТИРИЛАДИМИ?

Ишхонамизда иш ҳажмининг қисқариши муносабати билан ходимлар сонини ҳам қисқартиришмоқчи экан. Шундай вазиятда ходимлар олдиндан огоҳлантирилмайдими?
С. Тўлаева,
Чиноз тумани

Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабига кўра иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:
1) меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан, шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда – камида икки ой олдин;
2) меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда – камида икки ҳафта олдин.
Огоҳлантириш муддати давомида, меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришни истисно этганда, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди, меҳнатга оид муносабатларнинг корхона тугатилганлиги натижасида бекор қилиниши бундан мустасно.
Саволларга Зангиота тумани
10-сонли давлат нотариал идорасининг
катта нотариуси Зулфия МУСАКОВА жавоб берди.

Joomla